Давлат ташқи қарзи: хавотирлар қанчалик асосли?

Mолия вазири Тимур Ишметов Олий Мажлис Қонунчи­лик палатасида Давлат бюджетининг жорий йил би­ринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича маъруза­сида айни пайтда давлат ташқи қарзи 17,3 млрд. долларни, давлат ички қарзи 2,3 млрд. долларни ташкил этаётганини билдирди. Рақамлардан кўринадики, мамла­катимизнинг ташқи қарзи миқдори салмоқли даражада.

Айни ҳолат жамоатчилик ора­сида хавотир уйғотаётгани ҳам бор гап. Ҳақли саволлар туғилмоқ­да: давлат қарзи ниманинг ҳисо­бига ошиб бормоқда? Қарз ошиб кетишининг қандай таҳликалари бор?

Айтиш керакки, давлат таш­қи қарзини муҳтожлик туфайли олинган оддий қарз маъносида тушунмаслик керак. Ушбу тушунча мақсадли кредитлар, сармоялар ва бошқа маблағларнинг мамлакат иқтисодиётига кириб келишини билдиради. Бундай қарзни қай­сидир маънода давлатга бўлган «ишонч миқдори» деб ҳам тушунса бўлади. Ахир, қарз (ёки инвестиция) дуч келган одамга ёхуд давлатга берилавермайди-ку. Аввал унинг ишончлилиги, иқтисодий имко­ниятлари ва истиқболлари текши­рилади.

— Мазкур маблағлар, асосан, кредитор мамлакатлар (Хитой, Япония, Германия ва бошқалар) ҳамда халқаро молиявий ташки­лотлар (Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банки) томонидан жалб қилин­ган, — дейди Молия вазирлиги департамент бошлиғи Жасур Қаршибоев. — Қарзлар узоқ ва ўрта муддатларга олинган бўлиб, имтиёзли даврда қарз суммаси эмас, фақатгина фоиз ставкаси тўланади.

Ташқи қарз, асосан, икки: ин­вестиция ва бюджет камомадини молиялаштириш мақсадларида олинади. Инвестицияга йўнал­тирилган ташқи қарз уларнинг «ҳосили» ҳисобидан қайтарилса, бюджет камомадини қоплаш учун ишлатилган қарзни қайтариш со­лиқ тўловчилар гарданига тушади. Мамлакатимиз шароитида эса ташқи қарз, асосан, ижтимоий ва инвестиция лойиҳаларини молия­лаштириш учун жалб этилмоқда.

Коронавирус шароитида қарз олиш қанчалик тўғри?

Экспертларнинг фикрича, ҳо­зирги шароитда қарз олиш жуда тўғри қарор. Чунки пандемия сабабли келиб чиққан инқироз бошқа даврлардаги инқироздан бутунлай фарқ қилади. Ғарб мам­лакатлари ушбу инқирозга қар­ ши курашишда «қандай зарурий чоралар керак бўлса, шуларни амалга ошир» тамойилига асосан иш кўришмоқда.

— Ҳозирги вазиятда иқтисо­дий фаоллик пасайиб, бюджетга тушумлар камайиши табиий, — дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходим Халилуллоҳ Ҳа­мидов. — Бундай ташқи қарз олиш узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни кўз­лаб амалга оширилмоқда. Бунинг ягона ечими эса онгли равишда ташқи қарз маблағларини жалб қилиш ҳисобланади. Зеро, ўзи шундоқ ҳам коронавирусдан азият чекаётган аҳоли ва тадбиркор­лик субъектларига ёрдам қўлини чўзиш ўрнига, уларга солиқ юкини ошириш ёки ички бозордан қарз жалб қилиш иқтисодиёт фанида рационал ечим ҳисобланмайди.

Маълумки, карантин шароитида давлат харажатлари ошишига қа­рамай, солиқ имтиёзлари, кредит таътиллари ва бошқа молиявий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бу узоқ муддатли истиқболда ўз сўзини айтади. Аммо бундай харажат­ларни молиялаштириш учун ҳам маълум миқдорда маблағ зарур. Шу маънода жалб қилинаётган ташқи қарз маблағлари келажак учун қилинаётган инвестиция ҳисобланади.

Яна бир муҳим жиҳат: айнан ко­ронавирус инқирози даврида ташқи қарз жалб қилиш ички валюта бо­зори барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Зеро, хорижий инвестициялар оқими секинлашиб, экспортдан валюта тушумлари ва чет элдан пул жўнатмалари сези­ларли даражада камаяётган бир пайтда, ташқи қарз маблағлари ички бозорда валюта таклифини кўпайтириб, сўм алмашув курсига босимни пасайтиради.

Олтин захиралари ишлатилиши керакми?

Нима учун давлатлар олтин- валюта захираларини сақлаб туришади? Айтиш керакки, ушбу активлар жуда кўп мақ­садларга хизмат қилса-да, аммо Марказий банклар улар­ни миллий валютадаги маж­буриятларини, шу жумладан, тижорат банклари депозитла­рини кафолатлаш учун сақлаб туришади. Бундан ташқари, улар халқаро миқёсда ўзаро ҳисоб-ки­тобларни амалга оширишда мақ­бул тўлов воситаси ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу активлар пул- кредит сиёсатига таъсир кўрса­тиш мақсадида фойдаланилиши мумкин. Қисқаси, олтин-валюта захираси марказий ҳукуматга ўз­гарувчан бозор шароитида янада мослашувчан ва барқарор бўлишга имкон беради. Жаҳон олтин кен­гаши маълумотига кўра, Ўзбекис­тон июль ойида 11,6 тонна олтин экспорт қилиб, дунё мамлакатла­ри орасида олтин сотиш бўйича мутлақ етакчига айланди.

— Умуман олганда, Ўзбекистон­нинг халқаро резервлардаги пули ҳозирда 22 млрд. долларни ташкил этади, — дейди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов. — Бу қийматнинг ярми олтин, ярми валюта кўринишида. Фақат банкларга депозит қўявермас­дан босқичма-босқич молиявий бозорларга чиқишни ҳам йўлга қўйиш керак. Чунки шу орқали депозитлардан кўра кўпроқ фойда олиб келиш имкониятлари мавжуд. Олтинни ҳам аслида кўп ушлаб туришимиз керак эмас. Олтин ўзи кўп, у бизга ҳеч қанақа пул келтир­майди. Олтинни пул келтирадиган, фоиз ҳисобида фойда келтиради­ган нарсаларга тикиш керак.

Жамоатчилик назорати лойиҳалар натижасига ҳам қаратилиши керак

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбе­кистонда давлат ташқи қарзлари билан боғлиқ барча жараёнлар бўйича мустақил мониторинг тизими яратилиши кутилмоқда. Давлат қарзини олишдан бошлаб, якунлангандан кейин ҳам муста­қил мониторинг қилиш бўйича тизим ишлаб чиқиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланяпти.

— Давлат ташқи қарзи ҳозирда мунозараларга сабаб бўлиб келаёт­ган мавзу ва бу тўғри, — дейди О.Исоқов. — Бу мавзу халқимиз, оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлиши керак. Қанча қарз оляпмиз, қаерга сарф­лаяпмиз, бунинг натижаси қандай бўляпти, ҳаммаси жамоатчилик на­зоратида бўлиши керак. Истардик­ки, жамоатчилик назорати нафақат давлат ташқи қарзининг статис­тикаси билан, балки лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, уларнинг натижадорлиги бўйича ҳам бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ташқи қарз қанчалик таҳликали?

Ташқи қарз, бир томондан, мам­лакатда иқтисодиёт ривожлани­шига олиб келса, иккинчи томон­дан, қарз ўз вақтида тўланмаса, муддати кечиктирилган қарздор­лик пайдо бўлиши ва бу мамлакат кредит рейтингини тушиб кети­шига сабаб бўлади. Рейтинги паст мамлакатларга эса ҳеч ким қарз бермайди. Бу мамлакатда хорижий валюталар курси ошишига ва оқи­батда иқтисодий таназзулга сабаб бўлиши мумкин.

Экспертлар мамлакат учун ташқи қарз ялпи ички маҳсулотга нисбати 60-70 фоиздан ошганда хавфли бў­лишини айтади. Таҳликанинг осто­наси давлат ўзининг танқислашган бюджетини молиялаштира олмай қолганда ва бу ташқи қарз ЯИМнинг 70-80 фоизига етганда бошланади ҳамда 100 фоиздан ўтганда улкан таҳлика юзага келади. Муайян че­гарадан ошиб кетган давлат қарзи иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсата бошлайди.

Айни ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўрта муддатли давлат қарзини бошқариш стра­тегияси ишлаб чиқилди. Бунда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси методологиясига кўра, давлат қарзи ЯИМнинг неча фоизигача Ўзбекистон учун хавф­сиз, деган меъёрларга эътибор қаратилди. Айтиш керакки, давлат қарзи бўйича халқаро меъёрларга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарз­ларни тўлаш қобилияти юқори.

Санжар ИСМАТОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш