Ун нархи яна ошдими?

Биламизки, 2018 йилнинг сентябрь ойигача Ўзбекистонда ноннинг нархини оширишга нисбатан чекловлар мавжуд эди. Натижада узоқ муддат битта қолипли нон («буханка»)нинг дўкондаги расмий қиймати 650 сўмдан кўтарилмади. Аммо бу чеклов кўплаб ҳудуд­ларда номигагина амал қилган. Аксар вилоятлардаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тақиқ расмий олиб ташланишидан анча аввал нархни ошириб улгурганди.

2019 йил октябрга қадар эса давлат маҳаллий ун нархини ҳам худди шундай назорат қилиб кел­ди. Вазирлар Маҳкамасининг дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жо­рий этиш чора-тадбирларига оид қарори тасдиқлангач, бу чеклов ҳам бекор қилинди. Барча хўжа­лик юритувчи субъектлар биржа савдоларида ун ва дон маҳсулот­ларини эркин сотишлари ва сотиб олишлари мумкин бўлиб қолди. Жорий йил апрелдан эса уннинг биржа савдоларисиз, ишлаб чиқа­рувчидан тўғридан-тўғри сотиб олинишига ҳам рухсат берилган.

Бугун дўконларда бир «бу­ханка» ноннинг нархи 1600 сўм. Бу — соҳада ислоҳотлар бошлан­ганидан буён, икки йил ичида қиймат тенг баробардан кўпроққа ошганини кўрсатмоқда. Карантин вақтида мазкур масала яна кўта­риляпти. Айниқса, коронавирусга қарши чоралар кўрила бошлаган дастлабки кунларда ваҳима кучай­гани рост. Яхшики, вазият тезда назоратга олиниб, сотувчилар ин­софга келди. Аммо айрим ҳудуд­ларда ун нархи сунъий равишда ошириб юборилгани тўғрисидаги миш-мишлар яна авж олмоқда.

155,8 миллион сўмлик ун олиб қўйилган

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 16 апрелидан жорий қилинган вақтинча тартибга кўра, ун сав­до дўконлари, қолипли нон, нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга рўйхат асосида етказиб берилмоқда. Биринчи навли уннинг бир қопи — 125 минг сўм, яъни бир килог­рамми 2500 сўмдан рўйхатдаги харидорларга сотилмоқда. Рўй­хатни Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шаклланти­ради. Аммо мазкур нархда маҳсулот ҳаммага ҳам бирдек етиб бормаяпти.

— Икки йилдан буён Жиз­зах шаҳридаги қолипли нон ишлаб чиқариш корхонасини бошқараман, — дейди тад­биркор Илҳом Турсунматов. — Ун тақсимоти ҳокимиятга ўтгандан буён анча қийналиб қолдик. Сабаби, эҳтиёжимизга керакли миқдордаги хомашёни беришмаяпти. Бир ойда ўртача 8-10 тонна унни қайта ишлаш қувватимиз бўла туриб, бизга 3,5 тонна ун берилмоқда. Бу 10-15 кунга зўрға етади. Мижозларни йўқотмаслик учун қолган кун­ларда бозордан қопини 190 минг сўмдан олишга мажбурмиз.

Тадбиркор нон ишлаб чиқариш учун ажратилган ун қайсидир йўллар билан бозорга чиқиб ке­таётганини иддао қилади. Давлат солиқ қўмитаси маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, жорий йилнинг 8 август ҳолатида 437 минг 379 тонна, яъни 1 090,5 миллиард сўмлик ун шу тарзда сотилиши таъминланган. Жумла­дан, ишлаб чиқариш корхонала­рига 140 минг 185 тонна, чакана савдо субъектларига 41 минг 131 тонна ун етказиб берилган. Бунда маҳаллалар ҳисоб-китоби ало­ҳида, яъни 8 минг 756 маҳаллада ташкил этилган кўчма савдоларда 252 минг 249 тонна ун аҳолига арзон нархда сотилган. Давлат солиқ хизмати органларининг назорат тадбирларида 158 ҳолат­да белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан унни ноқо­нуний сотиш ҳолати аниқланган. Ҳуқуқбузарлардан 481,5 миллион сўмлик ҳамда 13 ҳолатда тадбир­корлик субъектларидан тегишли ҳужжатлари бўлмагани учун 155,8 миллион сўмлик ун олиб қўйил­ган.

Журналистик суриштирув натижалари қандай?

Шу ўринда савол туғилади. Унни тақсимлаш ҳокимият зим­масига юклатилган бўлса, ноқо­нуний сотилаётган маҳсулотлар қаердан пайдо бўлди? Тадбиркор­лар қопини 190 мингдан олаётган ун-чи?

— Мавзу юзасидан махсус су­риштирув ўтказдим, — дейди жур­налист Сайёра Шоева. — Зеро, ростдан ҳам кейинги кунларда арзон нархдаги ун тақсимотида таниш-билишчиликка йўл қўйи­лаётгани тўғрисида айтилмоқда. Ўрганишларимиз натижасида ун маҳсулоти рўйхат асосида тақ­симланишига қарамасдан, айрим ҳудудларда маҳаллий уннинг ўртача бир килограми 3500 – 4000 сўм атрофида сотилаётгани маълум бўлди. Қизиғи, маҳаллий уннинг бир килограмми учун нарх 2500 сўм этиб белгиланган. Бу унни ортиқча деб ўйлайдиган бўл­сак, рўйхатларга кирмай қолган ёки рўйхатда бўлса-да, нисбатан кам ҳажмда харид қилаётган тад­биркорлар ҳам бор экан.

Ҳокимликлар нима дейди?

Ҳокимликларнинг бу борада ўз қарашлари мавжуд. Масалан, Жиззах вилояти ҳокимлиги иқти­сод бўлими етакчи мутахассиси Бобур Икромовнинг фикрича, ун­нинг камлиги ҳокимиятга боғлиқ ҳодиса эмас. Вазият сабабларини ун ишлаб чиқарувчи корхоналар­дан излаш керак. Бундан ташқари, бозорда бир қоп ун 185-190 минг сўмдан сотилаётгани қуруқ гап, холос. Бундай ҳолат аниқланса, солиқ ва бошқа мутасадди ташки­лотлар чора кўришади.

Андижон вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Аҳмадалиев эса бош­қа фикрда. Унинг айтишича, ун турли дўконларда турли нархда сотилаётганининг сабаби етказиб бериш харажатлари билан боғлиқ. Масалан, айрим маҳаллалар ун за­воддан 3 километр узоқда бўлса, бошқаси 70 километр олисликда жойлашган. Йўлкиранинг ҳисо­бига нархида 4-5 минг сўм фарқ бўлиши мумкин.

Ана холос

Ҳаммаси назоратда бўлса, 125 минг сўмлик ун «қора бо­зор»га қаердан келяпти? Айрим ҳолларда қолипли нон ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари ҳам бунга сабабчи бўлмоқда. Улар нон чиқаришни тўхтатиб, унни бозорда қимматроқ сотган ҳолат­лар аниқланган. Ҳозирда қолипли нон ишлаб чиқаришни ҳам тар­тибга олиш ҳаракати бошланган. Бунинг учун қолипли нон ишлаб чиқарувчилар рўйхати тегишли ташкилотлар орқали текширил­моқда. Улар бу тадбиркорларнинг қанчалик ҳалол ишлаши ҳақида маълумот йиғиб, мониторинг қилишади. Кейин тасдиқланган рўйхат заводларга берилади. Шу тариқа нон ишлаб чиқарувчи­лар ун олиб чиқишини солиқ ва тегишли ташкилотлар назорат қилади.

Аммо назорат ишлари қанча ку­чайтирилмасин, факт фактлигича қолмоқда. Ўзимизда ишлаб чиқари­лаётган, рўйхат асосида тақсим­ланиши учун мўлжалланган, аммо қайсидир йўллар билан бозорга келиб, ноқонуний сотилаётган ун маҳсулотлари бор. Бу масалада тегишли идоралар жиддий шуғул­ланиб кўришлари лозим.

Улуғбек ИБОДИНОВ

Изоҳ 2

Изоҳ қолдириш