Янги туманларда хизматлар сифати ошади, аҳоли бандлиги таъминланади

Мамлакатимизда маъмурий-ҳудудий бўлиниш соҳасида қатор масалалар борлиги маълум. Масалан, юртимиз вилоятлари, туман­лари иқтисодий-ижтимоий, коммунал таъминот, аҳоли зичлиги да­ражасига кўра, бир-биридан кескин фарқланади. Айтайлик, яқинда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги учта маҳалла аҳолиси ўз ҳудудларининг пойтахт вилоятига ўтказилишидан жиддий норози бўлиб чиқишди. Бу бир қараганда, арзимас муаммодек туюлади. Ҳеч ким уларга кўч деяётгани йўқ, фақат ҳужжатларда бироз ўзга­риш бўлади, холос, дейиш мумкин. Аслида эса асло ундай эмас.

Аввало, коммунал таъминот ва хизмат, транспорт, бошқа қатор хизматлар сифати, мактаб ва мактабгача таълим, тиббиёт, ишга жойлашиш ва ҳоказолар Тошкент шаҳри ва вилоятида мутлақо турли даражаларда. Булар ҳудуднинг пойтахтдан чиқарилиб, вилоят­га ўтказилишининг айрим оқи­батларигина, холос. Деярли шу каби шароитни бошқа вилоятлар, шаҳарлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, водий вилоят­ларида аҳоли зичлиги даражаси жуда юқори бўлса, айрим майдони йирик вилоятларимизда вазият мутлақо тескари тус олган. Бу бир хил функцияларни бажарувчи дав­лат идораларига турли ҳудудларда турлича босим вужудга келишига сабаб бўлади.

Аммо маъмурий-ҳудудий бўли­ниш масаласидаги муаммоларни шошмашошарлик билан амалга ошириб бўлмаслиги ҳам аён. Янги туманларни ташкил қилиш бошқа­рув, ҳуқуқ-тартибот аппаратлари­нинг кенгайиши оқибатида давлат бюджетига зарар келтириши, бюрократиянинг кўпайиши, кор­рупциянинг янги шохлари пайдо бўлиши каби зарарли оқибатларга олиб келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Шу боис куни кеча Олий Маж­лис Сенатининг Мудофаа ва хавф­сизлик масалалари қўмитаси маж­лисида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўз­гартириш, шунингдек, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларининг кўриб чиқили­ши аҳолининг ҳақли қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Мавзу юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсиз­лик қўмитаси раиси Қутбиддин БУРҲОНОВнинг фикрлари билан қизиқдик.

Янгиҳаёт Конституцияга мувофиқ тузилмоқда

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрининг Зангиота ва Сергели туманларига ҳамда июнь ойида Наманган вилоятига ташриф буюрган эди, — дейди Қ.Бурҳо­нов. Ушбу ташрифлар давоми­да Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятининг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қара­тилган қатор янги ғоялар илгари сурилди, масъулларга тегишли амалий кўрсатмалар ва вазифа­лар берилди. Хусусан, Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда пойтахт ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғри­сидаги масалага алоҳида тўхта­лиш жоиз.

Ҳозирда мазкур ташаббус доирасида Бош қомусимизнинг 78-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий- ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, «Тошкент шаҳ­ри таркибида Янгиҳаёт тумани­ни ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғри­сида»ги Олий Мажлис Сенатининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Президентимиз ташаббуси жорий йил июль ойида Тошкент вилояти ва пойтахт аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, тегишли масала халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Кен­гашлари томонидан маъқулланган.

Тошкент шаҳри 4,5 минг гектарга кенгаяди

Янгидан барпо этилаётган Янгиҳаёт туманига Тошкент шаҳ­ридан 2 минг 131,2 гектар ҳамда Тошкент вилоятидан 2 минг 288,4 гектар, жами 4 минг 419,6 гектар ер майдони ажратилиб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чега­ралари мувофиқлаштирилмоқда. Бу билан Янгиҳаёт туманида 115 та саноат корхонаси (шундан 13 та йирик ва 102 та кичик кор­хона), 277 та хизмат кўрсатиш корхонаси, 1 148,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер ва 388,8 гектар аҳоли томорқа ерлари бўлиши назарда тутилган.

Қайд этиш лозимки, янги таш­кил этилаётган туман Тошкент шаҳар бўйсунувидаги туманлар тоифасига киритилиб, аҳолиси 147 минг нафарни ташкил эта­ди. Бу пойтахт аҳолисининг 5,8 фоизи демакдир. Шунингдек, 47 штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идо­раларнинг туман бўлимлари ташкил этилиши бошқарув са­марадорлиги ошишига хизмат қилади.

Аҳоли бандлиги самарали таъминланадими?

Албатта, янги маъмурий бирликнинг ташкил этилиши­дан асосий мақсад — халққа ман­фаат келтириш бўлмоғи лозим. Ҳокимлик тузилмаларининг олди­да турган асосий масалалардан бири, шубҳасиз, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари­ни яратиш бўлади. Янги туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш мақ­садида комплекс ривожлантириш ва келгусида истиқболини белги­лаш бўйича алоҳида Дастур ишлаб чиқилади.

Тадбиркорлик билан шуғулла­ниш истагини билдирганлар учун кредитлар олиш, янги уй-жой қилиш масалалари ҳам аввалгидан бирмунча осон кечиши муқаррар. Шунингдек, қатор бошқа хиз­матлар сифати ошиши, ҳукумат идораларига қатнашда оворагар­чиликлар камаяди. Туманга би­риктирилган маҳаллалар, 909 та кўп қаватли уй, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 21 та умумтаъ­лим мактаби, 2 та касб-ҳунар кол­лежи, 7 та тиббиёт муассасаси ва 4 та маданият маркази объектлари ҳам янги талаблар асосида ишлай бошлайди.

Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этилиши ҳам юқоридаги каби масалаларнинг ижобий ҳал этили­шига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, янги ҳудудий бирликнинг ташкил этилиши аҳоли ва корхона-ташкилотларга ҳужжатлар, архивлар билан боғ­лиқ масалаларда ноқулайликлар туғдириши мумкинлиги барча­мизга аён. Демак, янги маъмурий ҳудудлар ташкил этилишида аҳолига қулайлик яратиш масала­сига жиддий эътибор қаратилиши зарур. Қарорлар қабул қилиниши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олдини олиш учун тушунтириш ишларини кучайтириш керак. Янги туманлар ташкил этилиши билан боғлиқ барча масалалар тизимли ҳал этилиши, қарор қабул қилингандан кейин одамлар қий­налиб, сарсон бўлмаслиги зарур.

Улуғбек ИБОДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш