Валюта сиёсати: қачонгача «қора бозор»дан кўнгил узолмаймиз?

Бухоро вилояти ИИБ ҳамда Бош прокуратуранинг иқтисодий жи­ноятларга қарши кураш департаментининг Бухоро шаҳари бўлими хо­димлари томонидан Бухоро шаҳрида яшовчи, 35 ёшли Х.Ў. М.О.дан ҳар бир АҚШ долларини 10 100 сўмдан ҳисоблаб, жами 3600 АҚШ доллари­ни 36 360 000 сўмга сотиб олган вақтда ушланди. Х.Ў.га тегишли нов­войхона ва «Lsаetti» русумли автомашина кўздан кечирилганда, унинг қонунга хилоф равишда валюта айирбошлаш фаолиятига алоқадор бўлган 802 АҚШ доллари, 78 650 Россия рубли ва 9 580 000 сўм пуллари борлиги аниқланиб, жами 64 944 023 сўм қийматдаги валюта қиммат­ликлари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди...

Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Иқти­содий жиноятларга қарши кураш департаментининг вилоят бошқарма­си ходимлари томонидан Муборак туманидаги «Дўстлик» маҳалласида Б.Орипов қонунга хилоф равишда кўп миқдорда чет эл валюта қиммат­ликларини олиш ва ўтказиш мақсадида Т. Тўймуродов билан ҳар бир АҚШ долларини 10200 сўмга сотишга келишиб, 2500 АҚШ долларини 25 миллион 500 минг сўмга сотаётган вақтида ушланди...

Афсуски, юқоридаги каби ҳолатларга кўп бор дуч келамиз. Бу эса шунча имкониятлар яра­тилганига қарамай, валюта айир­бошлаш бўйича юртимизда «қора бозор» ҳамон фаолият юритаётга­нини кўрсатади. Бошқа давлатлар­да деярли учрамайдиган, иқти­содиётга, фуқаролар манфаатига зид бўлган бу «амалиёт»га барҳам бериш учун кейинги пайтда кўп­лаб чоралар кўрилди. Валютанинг расмий курси анча юқори бўлса- да, уни қонуний сотиб олиш ёки алмаштириш имконияти яратил­гани, албатта, энг тўғри қарор. Ахир авваллари «қора бозор»дан валюта олишга мажбур бўлган кишилар расмий курс бўйича олганимда шунча маблағ йўқот­масдим, деб изтиробда яшагани сир эмас.

Оғриқли муаммолар ўз ечимини топдими?

Кейинги йилларда Президен­тимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси дои­расида валюта сиёсати тартибга солинишига эришилди. 2017 йил­дан валюта курсини иқтисодиётда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифга асосан белгилаш тизими жорий этилди, чет эл валюталари­нинг сотилиши, сотиб олиниши ва тасарруф қилиниши бораси­даги аввал мавжуд бўлган барча чекловлар бекор қилинди. Бир сўз билан айтганда, ички валюта бозори эркинлаштирилди.

— 2017 йилдаги қонун ҳуж­жатларига киритилган ўзгар­тиришларга кўра, тижорат банкларига хорижий валютада операцияларни амалга ошириш бўйича лицензия бериш ама­лиёти бекор қилинди, — дейди Марказий банк департамент раҳбари Акмал Назаров. — Шу­нингдек, товарлар (иш, хиз­матлар) экспортидан тушган валюта тушумини мажбурий сотиш тартиби мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча экспортчилар учун бутунлай бекор қилинди. Бир сўз билан айтганда, фуқаро ва тадбир­кор банкдан эркин ҳолатда валюта сотиб олиши ва сотиш ҳуқуқига эга бўлди. 2018 йилда эса мамлакат ҳудудида товар (иш ва хизматлар) учун нарх ва тарифлар фақат миллий валю­тада ўрнатилиши белгиланди.

Шунингдек, халқаро тўлов кар­таларига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банкларида нақд шаклда ечиб олиш тизи­ми жорий этилди. Ўтган уч йил мобайнида валюта сиёсатини тартибга солувчи қонун ҳужжат­ларига ўзгартириш ва қўшимча­лар киритилди. Хусусан, «Валюта­ни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қи­линди. Қонундаги янгиликларни мувофиқлаштириш мақсадида Президент фармони, Вазирлар Маҳкамаси қарори имзоланди. Улар асосида 41 та ҳужжатга ўзгартириш киритилиб, 17 таси бекор қилинди. Бу каби исло­ҳотлар валюта сиёсатидаги кўп йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган қатор муаммо­ларга барҳам берди.

«Қора бозор» буткул йўқолади...(ми?)

Ҳозирги кунда валюта айир­бошлаш учун ҳеч қандай қо­ғозбозлик ишларини бажариш шарт эмас. Ортиқча оворагар­чиликларга ҳам йўл қўйилмайди. Уларни исталган банк ва унинг филиалларидан бе­малол олиш мумкин. Аммо айни пайтда ҳам жамоат жойларида «қора бозор» буткул йўқолиб кетмаган. Ҳали-ҳануз валюта сотиш ва сотиб олиш би­лан шуғулланувчилар бор. Нега? Бунинг бир қанча сабаблари бор, бизнингча.

Хусусан, ҳамон кўпчиликнинг онгида тўғри, қонуний йўлдан эмас, эгри йўлдан юриш «туйғу­си» сақланиб қолмоқда. Айримлар яратилган имкониятдан фойда­ланиш ўрнига ҳамон «қора бо­зор»дан кўнгил узмаётир. Бозорга йўлингиз тушса, валюта сотиб оламан, деб ўтирган эски «валю­тафуруш»ларга ҳамон кўзимиз тушади. Уларнинг хизматидан воз кеча олмаётганлар ҳам кам эмас. Бунда у қонунбузарликка йўл қўйиши билан бирга, ўзи ҳам фирибгарлик қурбонига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шунингдек, марказдан олис ҳудудларда банк филиаллари кассасида кўп ҳолларда навбат кўпайиб кетади. Бу эса аҳолига қийинчилик туғдириб, уларнинг «қора бозор»га мурожаат қилиши­га сабаб бўлади. Валюта алмашти­риш шохобчалар эса республика бўйича бир хил тақсимланмаган. Туман бўлимларида биргина касса бўлгани учун тўлов қабул қилиш ва пул бериш ҳам биттагина жой­дан амалга оширилади.

— Айни масалаларнинг ечими сифатида онлайн валюта харид ва сотиш имконини берувчи мобиль иловалар ишга туширилди, — дей­ди А.Назаров. — Шунингдек, аҳоли гавжум жойларда 24/7 режимида ишловчи чакана банк хизматлари марказлари ҳамда автоматлаш­тирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилди. Агар 2018 йилда валюта айирбошлаш шохобчалари 633 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда 748 тага етди. Йилдан-йилга улар­нинг сони янада кўпайтирилади. Ҳудудларда ҳозирча бу борада муаммолар учраб турибди, аммо тез орада бундай шохобчалар республикамиз бўйлаб тўлиқ таъ­минланади. Валюта айирбошлаш­да янгидан-янги технологиялар ҳаётга татбиқ этилади.

Тартиблар соддалаштирилади

Яқинда Марказий банк Бошқа­руви томонидан «Ўзбекистон Рес­публикасида валюта операцияла­рини амалга ошириш қоидалари» тасдиқланди. Ушбу қоидаларга мувофиқ, валютани тартибга солиш соҳасидаги тартиботлар соддалаштирилиб, ўз аҳамиятини йўқотган нормалар бекор қилин­ди. Шу билан бирга, унга асосан, амалдаги меъёрий ҳужжатларни унификация қилиш мақсадида 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилиб, улардаги нормалар халқаро таж­рибага мувофиқ ягона ҳужжатда ўз аксини топди.

Бу ҳам соҳанинг янада тако­миллашишига ва қонуний норма­ларнинг аҳоли учун тушунарли бўлишига хизмат қилди. Бир сўз билан айтганда, валюта сиёсатида кейинги йилларда катта ислоҳот­лар амалга оширилди. Келгусида бу ислоҳотларни узвий давом эттириш аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратади ҳамда давлат иқтисодиётининг барқарорлаши­шига хизмат қилади.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш