ФҲДЁ тизимидаги муаммоларга чек қўйилади...(ми?)

Никоҳ, туғилиш, ажралиш ва ўлим каби ҳаётий воқеалар бор экан, уларни қонуний қайд этишга эҳтиёж бўлади. Кундалик турмушда бундай ҳолатлар ҳар куни учрайди. Шунинг учун ҳам уларни қайд этувчи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари бинолари доим одамлар билан гавжум. Мана шу гавжумлик ушбу соҳада айрим муаммолар юзага келишига сабаб бўлган. Турнақатор навбатлар, ишни тезроқ битириш учун пора бериш, фойда келмайдиган ишларни ҳал этишни пайсалга солишдек иллатлар илдиз отгани сир эмас.

Соҳани тартибга солиш, одам­ларга қулайлик яратиш борасида кейинги йилларда бир қатор иш­лар амалга оширилди. Жумладан, жорий йил 26 август куни Вазир­лар Маҳкамасининг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини Ўзбекис­тон Республикаси Адлия вазирли­ги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тизимида самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қи­линди.

Хўш, ҳужжатнинг қандай аҳа­миятли жиҳатлари бор? Қарор соҳадаги бюрократия, расмиятчи­лик ҳолатларига чек қўя оладими? Одамларга қандай қулайликлар яратилади?

— Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари ходимлари Адлия вазирлиги томонидан аттестация­дан ўтказилади, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Фар­рух Жўраев. — Улар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлимла­ри ходимларига тенглаштирилади. Яна муҳим жиҳат: ФҲДЁ бўлимла­ри ва никоҳ уйлари мудирлари, инспекторларининг туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимидаги ишла­ган даври кўп йил ишлагани ҳамда мартаба даражалари олиш учун устамалар тўлашга зарур бўлган иш стажига қўшилади.

Рақамлаштириш бюрократияга барҳам беради

Маълумки, ФҲДЁ органлари­нинг статистика дафтарлари 2019 йил 1 июлдан электрон тарзда юритила бошланди. Туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар­ни фақат компьютер ёрдамида тўлдириш тартиби жорий этилиб, уларни қўлда ёзиш талаблари бекор қилинди.

— Айтиш керакки, рақамлаш­тириш ишларининг тезкорлик билан амалга оширилиши фуқа­роларнинг вақтини тежаш ва бир ҳужжат ортидан турли идоралар эшиги олдида навбат кутилишига чек қўяди, — дейди Давлат хиз­матлари агентлиги масъул ходи­ми Севара Зокирова. — Тасаввур қилинг, авваллари бирор бир ҳуж­жатни ўзингизга қарашли ФҲДЁ бўлимидан олишингиз учун қанча вақт сарф этиларди. Устига-устак, ортиқча қоғозбозлик, дегандай. Янги тизимга ўтилаётгани ана шундай ортиқча вақт йўқотишга чек қўйишдан ташқари, идора­лараро ахборот алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Яъни давлат идоралари кўплаб маълу­мотларни инсон омилисиз олиш имкониятига эга бўлади.

Маълумки, соҳада «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими жорий этилган эди. 2020 йил якунига қадар мазкур тизим блокчейн технологиясига ўткази­лади. Блокчейн тизимга қўшимча махсус аппарат воситаларидан фойдаланмасдан хавфсиз кириш ва ундан фойдаланиш имконияти­ни яратади, киритилган фуқаро­лик ҳолати ёзувлари блоклар деб аталувчи хэш-функция ёрдамида ўзгармас блокка жойлаштирилади.

— Шу билан бир қаторда, маълумотлар фақатгина тизимда рўйхатдан ўтказилган аккаунтлар томонидан киритилади, яъни ҳар бир иштирок этувчига махсус логин ва пароль берилади, — дей­ди С.Зокирова. — Яна бир жиҳати шундаки, қайси аккаунт эгаси қачон ва нима маълумот кирит­гани шаффоф кўриниб туради. Бу эса тизимда фирибгарликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Блокчейн тизимида фойдаланув­чи мустақил равишда алоҳида блокдаги маълумотни ўзгартирол­майди. Яъни бир блокдаги маъ­лумотнинг ўзгартирилиши барча аввалги блокларга таъсир қилади. Бу тизим ахборот хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлаши ҳамда фирибгарликлар олдини олишга ёрдам беради.

Энди куёв келиннинг фамилиясига ўтиши мумкинми?

Эндиликда ФҲДЁ органларини туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим тўғрисидаги гербли гувоҳномалар билан Давлат хизматлари агент­лигининг буюртмаларига асосан, тўғридан-тўғри таъминлаш тар­тиби жорий этилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат: илгари 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганини қайд этиш фақат суднинг ҳал қилув қа­рори асосида амалга оширилган бўлса, энди тегишли тиббий маъ­лумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-она ёки улардан бири ва вояга етган боланинг ари­засига кўра ФҲДЁ органи томони­дан қайд этилади.

— Шунингдек. қарор билан бир қатор ҳужжатларни олиш тарти­би соддалаштирилди, — дейди С.Зокирова. — Масалан, фуқаро­лик ҳолатлари, жумладан, никоҳ ёки туғилганликни қайд этиш эндиликда гербли гувоҳномалар тақдим этилгандагина эмас, балки ФҲДЁ архиви маълумотномалари асосида ҳам амалга оширилади. Бола туғилганда бериладиган суюнчи пули, дафн маросими учун бир маротабалик нафақа пулларини олиш учун маълумот­лар энди қўлма-қўл фуқароларга берилмасдан, Пенсия жамғар­масига махсус электрон тизим орқали тўғридан-тўғри юборила­ди. Бу эса фуқароларнинг нақди ва вақтини тежашга хизмат қилади.

Қарорга кўра, энди никоҳланув­чи шахслар ўз хоҳишларига кўра, иккаласидан бирининг фамилия­сини умумий фамилия сифати­да танлашлари ёки ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларида қолишлари мумкин. Никоҳланув­чилар фамилияларининг қўшили­ши орқали ҳосил бўлган фамилия умумий фамилия сифатида тан­ланиши мумкин. Масалан, куёв Аҳмедов, келин Шуҳратова бўлса, шунда куёв Аҳмедов-Шуҳратов, келин эса Аҳмедова-Шуҳратова бўлиши мумкин.

Қўшфамилияли фуқароларнинг фарзандига қандай фамилия бе­рилишига келсак, бундай ҳолатда Оила кодексининг 69-моддаси­га асосан, боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда уларнинг келишувига биноан, болага ота­сининг ёки онасининг фамилияси берилади. Шунингдек, ота-она­нинг хоҳишига кўра, бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин.

* * *

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган қарор ижроси ФҲДЁ тизимида учраётган муаммоларга чек қўйишга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг манфаатларини таъминлайди, уларга кўрсатилаёт­ган давлат хизматларининг сифа­ти ва тезкорлиги янада ошади.

Санжар ИСМАТОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш