Меҳнат миграцияси: хавфсиз, тартибли ва қонуний асосда йўлга қўйилади

Mеҳнат миграцияси ва миг­рантлар... Айрим амалдорлар хушламай тилга оладиган ушбу тоифа аслида жаҳон иқтисо­диётида ҳаракатланувчи куч санала­ди. Тан олиш керак, бу тушунчалар бизнинг ҳаётимизга кириб келганига ҳам анча вақт бўлган. Бироқ қону­ний миграция оқимини бошқариш, меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш ва улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш узоқ вақт ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Фақатгина сўнгги йиллардагина миграцияга қараш том маънода ўзгарди. Хорижда ишлаётган фуқа­ролар билан мулоқот ўрнатилди, уларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, мигрантларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунга қарамай, бундай юртдош­ларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш бораси­да ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп. Айниқса, улар иш берувчи компанияларни топиш, талаб қили­надиган иш кучига мутахассислиги бўйича талаб, тил билиш ва ўша давлатдаги меҳнат қонунчилигини ўрганиш каби муаммоларга энг кўп дуч келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тар­тибли ва қонуний меҳнат миграция­си тизимини жорий этиш чора-тад­бирлари тўғрисида»ги қарори ана шу масалаларнинг комплекс ечими­га қаратилган.

Қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, банд­лик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпаяди, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов. Президент қарори билан соҳада хавфсиз, тар­тибли ва қонуний меҳнат мигра­цияси тизими жорий қилинмоқда. Хорижда ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хори­жий тилларга ўқитиш, уларга кас­бий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш амалиётини жорий қилиш мазкур тизимнинг асосий йўналиш­ларидан бири этиб белгиланди.

Меҳнат мигрантлари мажбурий тартибда ўқитиладими?

Хорижда юртдошларимиз муно­сиб шароитларда меҳнат қилиши учун, энг аввало, йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш лозим. Бунинг учун эса, ўз навбатида, ўша корхона­лар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрланиши зарур. Шу боис қарор билан бу борада янги тизим жорий этилади.

Яъни эндиликда ҳудудларда­ги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиаллари хорижий иш берувчилар билан кели­шувлар тузади ҳамда хорижга фуқароларни ишга юборади.

Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллашти­рилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб- ҳунарга ўқитиш тизими жорий қилинмоқда.

— Касб-ҳунарга ва чет тилига ўқитиш 14 та «Ишга марҳамат» мономаркази, 30 та касб-ҳу­нарга ўқитиш маркази, пойтах­тимиздаги 11 та касб-ҳунарга ўқитиш курслари ҳамда юрти­мизнинг 136 та маҳалласидаги касб-ҳунарга ўқитиш масканла­рида, шунингдек, ҳудудлардаги 26 та коллеж ва техникумларда амалга оширилади, — дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бош­лиғи Азим Аҳмадов. — Бунда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ҳар бир фуқаро учун БҲМнинг 4 бара­вари миқдорида грант маб­лағлари ажратилади. Бирламчи касбга ўқитиш йўналишлари 18 та этиб белгиланиб, келгусида уларнинг сони талаб ва эҳтиёж­га кўра оширилади.

10 миллион сўмгача микроқарз берилади

Айтиш мумкинки, ҳужжат­нинг ҳар битта банди меҳнат мигрантларини амалий жи­ҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Масалан, 2021 йил 1 январдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган кам таъмин­ланган оила аъзоси вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқиб ке­таётганда микроқарзлар бериш тартиби жорий этилади.

Микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳа­қини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ хара­жатларни қоплаш учун 10 мил­лион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади. Унинг фоиз ставкасининг 14 фоизли пункти­дан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори Банд­ликка кўмаклашиш давлат жам­ғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Яна бир масала — айни пайтда хорижда ишлаётган фуқаролар­нинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тизимида атиги 4,5 минг нафар киши рўйхатга олинган. Шу боис келгуси йил бошидан таш­киллаштирилган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга оши­риш — ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенг­лаштирилади. Ушбу шахсларга ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоб­лаш тартиби қўлланилади.

Хорижда қийналиб қолган шахсларга моддий ёрдам кўрсатилади

Ташқи меҳнат миграцияси соҳа­сини янада ривожлантириш мақ­садида 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг пас­порт-виза хизмати ваколатхонаси очилади ҳамда ушбу ваколатхона­да патентни тайёрлаш, расмий­лаштириш ва бериш хизматлари кўрсатилади.

— Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсади­да чет давлатлардаги адвокатлик ташкилотлари билан битимлар тузилади, — дейди А.Аҳмадов. — Яна бир муҳим жиҳат — хориж­да мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқлов­чи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган 10 мингга яқин фуқарога 446 минг сўм (40 доллар) миқдо­рида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича онлайн платформа яратилиб, Россия Федерациясида «Call-марказ» ташкил этилади.

Маҳалла фаоллари оилаларга кўмаклашади

2021 йил 1 январдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминлан­ган сифатида рўйхатга олинган оила аъзоларига, улар хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб, қайтиб келганда тадбиркорлик фаолиятини йўл­га қўймоқчи бўлса, бунинг учун 2,2 миллион сўм миқдорида субсидия тўланади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини қўл­лаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратил­ган кредитнинг 14 фоиздан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори компенсация қилинади.

Туман ва шаҳар сектор раҳбар­лари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг оила аъзоларига моддий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш, зарур тиббий патронаж хизматини кўрсатиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратиш, фарзандла­рининг таълим олишидаги муам­моларини ҳал қилиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашади.

Умуман олганда, қарор дои­расидаги тадбирларни амалга ошириш натижасида 2020-2021 йилларда 70 мингга яқин шахс касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитилади. 144 мингдан ортиқ шахс ташкиллаштирилган ҳолда хорижга вақтинча меҳнат фаолия­тини амалга ошириш учун юбори­лади. 148 мингга яқин хориждан қайтиб келган фуқаронинг банд­лиги таъминланиб, 120 мингга яқин меҳнат мигрантининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатилади. Бу эса минглаб юртдошларимиз касб-корли, оилалари даромадли бўлади, муҳими, Ўзбекистон фуқа­ролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясини ҳис этади деганидир.

Санжар ИСМАТОВ тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш