Инфляция: одамлар топаётган даромаднинг қадри бўлиши керак

Maрказий банк Ўзбекистонда инфляция даражаси жорий йилнинг январь-август ой­лари давомида 2019 йил якунидаги йиллик 15,2 фоиздан 11,6 фоизгача секинлашгани ҳақида маълум қил­ди. Шунингдек, асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди. Хўш, юртимизда инфляция нима­нинг ҳисобига пасаймоқда? Унинг иқтисодиётга, одамлар турмуш даражасига қандай таъсири бор? Инфляцион хатарлар мавжудми?

Пулнинг қадри қолмадими?

Орамизда «Пулнинг қадри қолмади, қанча кўп даромад топсак ҳам, рўзғорга етмаяпти», дейдиганлар оз эмас. Чиндан ҳам, сўнгги йилларда товар ва хизмат нархлари кескин ошиб кетди. На­тижада пул қадрсизланди. Бунинг жуда кўп омиллари бор. Оддий мисол: нон нархи эркинлаштирил­ди. Ўз-ўзидан нарх ҳам юқорилади.

Яна бир қанча омиллар пулнинг қадрсизланишига олиб келди. Ушбу ҳолат иқтисодиётда «инфляция» тушунчаси билан изоҳла­нади ва унинг даражаси қанчалик юқори бўлса, аҳолининг харид қобилияти шунча пасаяди. Инфляция энг ривожланган давлатлар иқтисодиётида ҳам кузатиладиган ҳодиса, агар у нормал (4 фоиз) ҳолатда бўл­са, хавф туғдирмайди. Унинг юқорилиги эса мамлакатнинг иқтисодий тараққий этишига ва аҳолининг даромадига сал­бий таъсир ўтказади. Бундан, айниқса, ишчилар, хусусан, ёлланма ишчилар кўпроқ жабр кўради.

Инфляция жараёнида нарх­ларнинг ошиши баробарида иш ҳақлари ҳам ошиб боради. Иш ҳақининг ошиши унинг харид қувватини сезиларли даражада па­сайтиради. Буни қандай тушуниш керак? Инфляциягача, айтайлик, сиз 1 миллион сўм ойлик олгансиз ва бир килограмм гўштни 25 минг сўмга харид қилгансиз. Инфляция ортидан маошингиз 1,1 миллион сўм бўлди, аммо сиз бир килог­рамм гўштни энди 30-35 мингдан харид қиляпсиз. Инфляция на­тижасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами кўпроқ жабр кўради. Бу қатламга ижти­моий нафақа, стипендия ва мод­дий ёрдам оладиганларни кирит­сак бўлади.

Инфляция ниманинг ҳисобига пасайди?

Ҳақли савол туғилади: Ўзбекис­тонда инфляция даражаси 2019 йил якунида 15,2 фоиз бўлган ҳолда, саккиз ой ичида қандай қилиб 11,6 фоизга пасайди? Инфляциянинг секинлашишига қайси омиллар сабаб бўлди?

Энг аввало, бунга давлат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолгани сабаб бўлди, — дейди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмура­тов. Яъни йил бошидаги прог­нозимизда электр энергияси ва табиий газ нархлари эркинлашти­рилиши мумкинлигини инобатга олган эдик. Пандемия сабабли бу амалга ошмаслигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шунингдек, бу ҳолат мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий пасайиши, иқтисодиёт­га кредит қўйилмаларининг ўтган йилга нисбатан секинроқ суръат­ларда ўсгани, валюта курсининг апрель ойидаги девальвациясидан кейинги ойларда барқарорлашуви ва бошқалар билан изоҳланади.

Инфляцион хатарлар мавжудми?

Яқин истиқболда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи омиллар­нинг вужудга келиши кутилмаяп­ти. Бу, биринчидан, жорий йил охиригача электр энергия, комму­нал хизматлар, жамоат транспор­ти тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг ўзга­ришсиз қолиши билан боғлиқ.

Бунда карантин чекловларининг босқичма-босқич бекор қилиниши билан истеъмолчиларда кечикти­рилган талабнинг юзага чиқиши, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари – гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳ­сулотларига талабнинг ортиши, куз-қиш даврида дори-дармонлар, мева-сабзавотлар ва бошқа маҳ­сулотлар нархларининг мавсумий ошиши каби омиллар қисқа муд­датли даврда истеъмол нархлари­га оширувчи хатарларнинг сақла­ниб қолишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, аҳолининг келгусида юқори даромад топи­ши бўйича ишончнинг пасайиши, харажатларни мақбуллаштириш хоҳиши ва истеъмолчилар танлов­ларининг ўзгариши натижасида аҳоли томонидан, айниқса, бир­ламчи эҳтиёж тоифасига кирмай­диган маҳсулотларга бўлган та­лабнинг қисқариши инфляциянинг секинлашишига хизмат қилади.

Карантинда аҳоли харажатлари ошдими?

«Инфляция» сўзи аслида наза­рий тушунча бўлиб, уни баҳоловчи кўрсаткичлар одатда истеъмол нархлари индекси ҳисобланади. Бу индексни ҳисоблаш учун аҳоли фаровонлигини таъминловчи товар ва хизматлар рўйхати, улар­нинг аҳамиятлилик даражаси ва нархларидаги ўзгаришлар бўйича маълумотлар керак бўлади.

Халқаро ташкилотлар тадқи­қотлари натижасига кўра, охирги ойда аҳолининг 40 фоизи ўз ха­ражатларини қисқартирган бўлса, 60 фоизининг харажатлари ошган. Карантин шароитида узоқ муддат­ли истеъмол товарлари (мебель, кийим-кечак, электротехника ва б.) ишлаб чиқариш ҳажми чеклан­ган. Шу билан бирга, уларга бўлган талаб ҳам аҳоли даромадлари камайиши ҳисобига пасайган.

— Пандемия шароитида аҳолини, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари­нинг нархидаги ўзгариш қизиқти­ради, — дейди Иқтисодий тадқи­қотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Бахтишод Ҳамидов. — Бу нархларнинг ўзга­ришига, бир тарафдан, таклифнинг камайиши, иккинчи тарафдан, уларга талабнинг ошиши ҳам таъ­сир этади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган 10 мингдан зиёд киши қатнашган сўровнома натижалари ҳам қатнашганларнинг 63 фоизи ҳозирда узоқ муддатли истеъмол товарлари харид қилиш учун яхши фурсат эмаслигини таъкидлаб ўтган. 10 фоизи эса харид қилиш тарафдори бўлган.

* * *

Бугунги кунда ҳар қандай даражадаги инфляция салбий жиҳатга эга, деган фикр оммада мавжуд бўлиб, аслини олганда, инфляциянинг ҳар қандай даража­си ҳам иқтисодиёт учун зарарли эмас. Иқтисодий ўсиш учун кам фоизли барқарор инфляция, бу – табиий жараён. Паст даражадаги инфляция иқтисодиётда қўшимча талаб яратиши орқали иқтисодий ўсишга туртки беради. Инфля­циянинг умуман йўқ бўлиши эса иқтисодиётнинг ўсиш суръатини пасайтириб юбориши мумкин. Шиддатли инфляция келгусида юқори инфляцияга олиб келиб, иқтисодиётни издан чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан паст даражадаги барқарор инфляция ижобий ҳисобланади.

Охирги йилларда инфляцияни жиловлашга сиёсий хоҳиш бор­лиги кўриниб турибди. Жумладан, инфляцион таргетлашга ўтиш ва бюджет қонун кўринишида қабул қилиниши, бир тарафдан, сиёсий тартибни таъминласа, иккин­чи томондан, давлат пул-кредит сиёсатидаги ишларнинг аниқлиги ошиши ҳисобига инфляцион кутил­маларнинг жиловланишига хизмат қилади. Шу маънода кейинги йилда инфляция кўрсаткичида 10 фоиз, 2023 йилда 5 фоизлик таргетга эри­шиш режалаштирилган.

Мухтасар айтанда, одамлар топаётган даромаднинг қадри бўлиши керак. Бир йилда ишлаб топган маблағингизнинг миқдори қанчалиги эмас, шу пулга нималар сотиб олиш мумкинлиги, нима­ларга қурби етиши муҳимроқ. Макроиқтисодий барқарорлик­нинг асосий маъноси ҳам одамлар ишлаб топган даромаднинг қадри­ни ушлаб қолишдир.

Санжар ИСМАТОВ

«Mahalla»

Изоҳ 1

Изоҳ қолдириш