Энди маҳаллий кенгашларда котибиятлар бўлади

Сиз ўзингиз яшаб турган ҳудуддаги маҳаллий Кенгаш депутатини танийсизми? Қуйи палатага сайла(н) ган депутатни-чи? Афсуски, бугун кўпчилигимиз ишонч билдириб сайланган депутатларимизни танимаймиз. Чунки уларнинг аксарияти нафақат сайловда, балки сайланиб олгандан кейин ҳам «қораси»ни кўрсатмайди.

Халқ дарди билан ҳамнафас бўлмаётган бундай депутатлар дастидан маҳаллий ҳудудларда муаммолар кўлами кенгайиб, халқ турли ташкилотлар эшигини қоқиб сарсон-саргардон бўлмоқда. Хўш, халқ билан мулоқот қиляпмиз, деб кўкрагига ураётган депутатлар ас­лида нима билан банд? Нега уларни сайлов участкаси ёки округида­ги фуқаролар танимайди? Ахир, маҳалла фуқаролар йиғинларида уларнинг қабул кунлари белгилаб қўйилган-ку?!

Сиз айтгандек, танганинг ик­кинчи томони ҳам бор. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар жа­моатчилик асосида ишлайди, баъ­зилари (асосан, тадбиркор, фер­мер, мактаб директори, тиббиёт бирлашмаси раҳбари ва ҳоказолар) маҳаллий ҳокимият томонидан мажбуран сайлаб қўйилган. Улар­га ўзи сайланган ҳудудга бориш, сайловчиларни қабул қилиш каби иш режасида қатъий белгиланган вазифаларни адо этиш ҳам осон эмас. Чунки баъзи ҳудудлардаги туман Кенгаши депутати сайлов­чилари билан учрашиш учун юз- юз эллик километр йўл босишига тўғри келади. Бу эса вақт ва маб­лағ талаб этади. Депутат шунча масофага ўз ҳисобидан жамоат транспортида борса ҳам, ойлик маошининг анча қисмини сарфла­шига тўғри келади. Бу ёқда эса...

Ҳуқуқий асослар яратилмоқда, бироқ...

Қайд этиш керакки, сўнги йил­ларда маҳаллий Кенгашлар фао­лиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг назорат фаолия­тини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокурату­ра, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарлари­нинг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда бел­гилаб қўйилди. Бироқ бу борада амалга оширилган ишлар ҳозирги кунда етарли эмаслигини кўр­сатмоқда. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда? Бу ҳақда Олий Маж­лис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир ШИРИНОВ ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Бунга халқ депутатлари Кен­гашларига ташкилий жиҳатдан кў­маклашувчи бўлинманинг мавжуд эмаслиги, мазкур вазифа гарчи ўзига хос бўлмаса-да, ҳокимлик­ларнинг аппарати томонидан амалга оширилаётгани сабаб бўл­моқда, – дейди Жаҳонгир Шири­нов. – Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомил­лаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғриси­да»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқорида келтирилган масаланинг ечими бўла олади. Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашлар­нинг доимий асосда ишлайдиган котибиятларининг ташкил этили­ши мазкур кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш учун хизмат қилади.

Қонунга қандай ўзгартиришлар киритилди?

– Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депу­татининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун­ларига Кенгаш котибияти билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди. Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳо­кимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши коти­бияти зиммасига ўтказиш, коти­бият юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳал­лий бюджет ҳисобидан молиялаш­тирилиши, котибият тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техни­ка таъминоти белгилаб қўйилди. Шунингдек, қонунда уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари Кен­гаши томонидан тасдиқланиши, котибият ходимларининг меҳнат­га оид муносабатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмаслиги қайд этилган. Котибият Ўзбекистон Республика­си Давлат герби ва ўз номи туши­рилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлиши ҳамда котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Ўзбекистон Республи­каси Олий Мажлиси Сенати Кен­гаши томонидан тасдиқланишига оид нормалар мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, «Халқ депу­татлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Қонунига халқ депутатлари Кенгаши депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот ма­териаллари билан таъминлаш, шунингдек, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари­ни уюштириш вазифасини вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари зим­масидан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятига ўтказиш билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди.

Тажриба ўзини оқладими?

– Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»­ги фармонига мувофиқ, экспери­мент тариқасида халқ депутат­лари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари ташкил этилган эди. Бу қай даражада ўз самарасини кўрсатмоқда?

– Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида котибиятларнинг ташкил этилиши маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, таш­килий ва бошқа жиҳатдан таъмин­лаш, доимий комиссияларининг назорат соҳасидаги ваколатларини самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, маҳаллий ижроия ҳокимияти, давлат орган­лари, хўжалик бошқаруви орган­ларининг ҳудудий бўлинмалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари ва мансабдор шахсла­рининг ҳисоботлари (ахборотлари) эшитувини ташкил қилишга кўмак­лашиш имкониятини берди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғ­лиқ ишларни ташкил этиш ҳамда мурожаатларнинг ҳисобини юри­тиш ва уларнинг ижросини назорат қилишда қўл келмоқда. Шунингдек, меъёрий ҳужжатларни такомил­лаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритилишидан ол­дин тегишли Адлия бошқармалари­да ҳуқуқий экспертизадан ўткази­лишини енгиллаштиради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун маҳаллий Кенгашлар фао­лиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали ҳокимликларнинг ташкилий-назо­рат гуруҳлари зиммасидан ўзига хос бўлмаган вазифалар соқит қилинишига ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг янада яхшиланишига хизмат қилади.

* * *

Келгусида маҳаллий Кенгаш де­путатларига янада кўпроқ ваколат бериб, моддий жиҳатдан қўллаб- қувватлаш зарур. Солиқ имтиёз­лари ва транспорт воситаларидан фойдаланишда (самолёт, поезд) чегирмалар жорий этилиши ҳам халқ вакиллари ишида жонлан­тиришга таъсир кўрсатади. Бун­дан ташқари, автомашина сотиб олишда имтиёзли кредитлар ажратилиб, алоҳида иш хоналари билан таъминланса, нур устига нур бўларди. Шундагина уларга ўз вазифасини тўлақонли бажариши­га имкон берган бўламиз.

Рустам ЮСУПОВ

ёзиб олди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш