Қишлоқ одамлари қачон сифатли давлат хизматидан фойдаланади?

Oдамлар орасида «Ҳозирги замонда қоғоз гапиради» деган ибора бор. Ҳа­қиқатан ҳам, уй сотасизми, кредит оласизми ёки бошқа бирор иш билан шуғулланасизми, қайси ташкилот эшигини қоқманг, сиздан қандайдир маълумотнома, рухсатнома каби турли ҳужжатларни талаб қилади. Бу эса фуқароларнинг гоҳ у давлат идораси, гоҳ бу ташкилот эшигида овораю сарсон бўлиши, коррупция, бюрократия каби тўсиқларга дуч келишига сабаб бўлади.

Оворагарчиликлар қачон тугайди?

«Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади». Айни ғоя асосида Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилгани юқоридаги каби ҳолатларга чек қўяётгани бор гап. Энди биргина Давлат хизматла­ри марказига бориб, 150 га яқин ҳужжат турларини олиш мумкин. Албатта, бу қулайлик одамларнинг оғирини енгил қилди.

Бироқ бундай марказларнинг, асосан, туман ва шаҳар марказ­ларида жойлашгани марказдан қарийб 50-60 километр, баъзи жойларда 100 километр узоқлик­даги олис ҳудуд одамлари учун айрим қийинчиликларни туғди­раётгани айни ҳақиқат. «Бир парча қоғоз»ни деб шунча масофани босиб ўтиш, тоғу тошлар, чўллар­дан ўтиб, марказга бориш нафақат вақтни, балки йўл ва бошқа хара­жатлар учун нақдини ҳам ортиқча сарфлашга сабаб бўлмоқда.

Хўш, олис ҳудуд одамлари қачон сифатли давлат хизматлари­дан фойдаланади? Маҳаллаларда ДХМ филиалларини очиш фурсати етмадими?

— Чиндан ҳам, юзлаб давлат хизматларининг бир ташкилотда бирлаштирилгани аҳолига кенг қулайликлар яратди, — дейди Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев. — Бироқ уларнинг ҳудуд марказларида жойлашгани чекка қишлоқ ва овулларда яшай­диган одамлар учун ноқулайлик туғдираётгани ҳам бор гап. Айни муаммони бартараф этиш мақ­садида қишлоқларда шохобчалар ташкил этилиб, туманлардаги ДХМлар ходимлари томонидан ҳафтанинг дам олиш кунлари чекка ҳудудларда давлат хизмат­лари кўрсатилди. Айниқса, бугун­ги таҳликали даврда бу амалиёт кўпчиликка манзур бўлди.

Ҳам вақт, ҳам нақд тежалади

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани марказидан қарийб 100 километр узоқда жойлашган Бўз­тепа қишлоғи аҳолисининг ҳудуд марказига бирор ҳужжат билан боғлиқ иш учун бориб келиши, айниқса, қиш-қировли кунлар, қолаверса, тоғли йўл бўйлаб қийин кечади. Шу маънода мазкур қиш­лоқда ташкил этилаётган сайёр давлат хизматлари кўрсатиш тадбирлари одамлар учун айни муддао бўлмоқда.

— Айниқса, қиш-қировли кун­ларда туман марказига бориб келишимиз янада қийинлашади, — дей­ди мазкур маҳаллада яшовчи Муродбек Сало­мов. — Лекин бирор кун йўқки, аҳоли, айниқса, тадбиркорларимиз юмуш билан Давлат хизматлари марказига бормаса. Шу маънода ДХМ мутахас­сислари ўзлари мобиль автобусда келиб, биз учун давлат хизматлари кўрсатаётгани ишимизни янада осон қилмоқда. Аҳолининг ҳам вақти, ҳам нақди тежалиб, узоғи яқин, оғири енгил бўлди. Агар марказнинг филиали қиш­лоғимизда очилса, одамлар учун янада кенг имкониятлар яратарди.

Маҳаллаларда ДХМ филиали очиладими?

Давлат хизматлари кўрсатувчи шохобчаларнинг биринчиси таж­риба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тума­нидаги Қорақалпоқ қишлоғида ташкил этилди. Мазкур аҳоли пункти туман марказидан 380 километр йироқда жойлашган. Яъни ҳудуд одамлари ортиқ­ча вақт ва пул сарфлаб, туман марказига қатнамасдан ма­ҳалласида очилган шохобчада ишини битказиш имкониятига эга бўлди.

Аммо ҳудудларда шундай манзиллар ҳам борки, уларгача етиб бориш вақти 5-7 соатни ташкил этиб, чўл ёки тоғли ҳу­дудларни кесиб ўтиш талаб эти­лади. Бу эса филиал ходимлари­нинг ўзи у ерга бориб келишига бир кун вақт талаб қилишини кўрсатди. Давлатимиз раҳбари­нинг 2020 йил 31 январдаги «Дав­лат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгилан­ган вазифалар айни шу муаммолар­ни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли.

— Фармонга кўра, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овул­лардаги маҳаллаларда ДХМлар филиалларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланди, — дейди Н.Муҳаммадиев. — Жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан, мобиль (сайёр) дав­лат хизматлари кўрсатиш филиал­ларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Филиаллар ма­ҳаллаларнинг фуқаролар йиғинла­ри биноларида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Бугунги кунда республикамиз­нинг олис ва бориш қийин бўлган жойларида ДХМларнинг 68 га яқин филиаллари халқ хизматида. Жорий йилнинг олти ойи давоми­да мазкур филиалларда 18 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатил­ди.

Айтиш керакки, ўтган қисқа фурсат ичида бу каби филиаллар ҳудудларда яшаётган одамлар учун ниҳоятда зарурлиги, одам­ларнинг турмуш шароитини янада енгиллаштириб, ортиқча югур-югур, оворагарчиликларнинг олдини олиши исботланди.

— Шароф Рашидов тумани мар­казидан 40 км. олисда жойлашган Равот қишлоғи аҳолиси ҳам энди давлат хизматлари бўйича ўз ҳу­дудларида мурожаат қилиш имко­нига эга бўлишди, — дейди туман давлат хизматлари маркази директори Насим Бекмуродов. — Бу эса, ўз навбатида, ортиқча вақт ва йўл харажатларини қисқартира­ди деганидир. Давлат хизматлари марказининг филиали ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари фуқароларга хизмат кўрсатади. Филиал Равотга яқин ҳудудда жой­лашган қишлоқлар аҳолиси учун ҳам қулайликлар яратади.

Албатта, давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси доимий равишда тараққий этиб, аҳолига янада кенг қулайликлар яратилиши — давр талаби. Бунда хориж тажрибаси­дан фойдаланган ҳолда, рақамли иқтисодиётни соҳага татбиқ этиш ҳам яхши самара беради. Айни жиҳатдан 2021 йил 1 январдан давлат хизматлари аҳоли гавжум бўлган ва жамоат жойларида ўрнатиладиган инфокиоскалар орқали ўзига ўзи хизмат қилиш тамойили асосида кўрсатилиши ҳам режалаштирилмоқда. Бундай қулайликлар аҳолининг ўз турмуш тарзи, ҳаётидан мамнун, рози бў­либ яшашига хизмат қилади.

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш