Фуқароликка қабул қилиш қай даражада осонлашади?

«Мен — Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман!» Кўпчилигимиз учун бу оддий тушунча, уни оддий қабул қиламиз. Шу мамлакат фуқароси сифатида бизга қандай беқиёс им­кониятлар, шароитлар яратиб бери­лаётганига кўп ҳам эътибор бера­вермаймиз. Бироқ масалага йиллар давомида мамлакатимиз ҳудудида яшаб, ижод қилиб, ишлаб келаётган, аммо фуқаро сифатида тан олинма­ган инсонлар нуқтаи назаридан қа­расак, фуқароликнинг ҳақиқий қадр- қимматини чуқурроқ англаймиз.

Фуқароликни олиш нега қийин вазифа эди?

Тан олиш керак, яқин тарихимиз­да фуқаролик энг баҳсли, аксар ҳол­ларда ёпиқ мавзулардан бири бўлиб келди. Маълумотларга кўра, 1991 йилдан 2007 йилга қадар респуб­ликамизда жами 482 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаро­лигига қабул қилинган. 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар ҳеч кимга фуқаролик берилмаган. Бу эса амалда кўплаб инсонлар Ўзбекистонда яшаб, унинг тарақ­қиётига ҳисса қўшиб келаётган бўлса-да, юридик жиҳатдан ҳуқуқ­лардан маҳрум эканига сабаб бўлиб келаётган эди.

Хўш, нега шу вақтгача Ўзбе­кистон фуқаролигини олиш жуда мураккаб, шу билан бирга, қийин вазифа бўлиб келди? Бунинг қандай сабаблари бор эди? Янги қонун билан қандай тартиблар жорий этилмоқда? Айни саволларга жавоб топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВга мурожаат қилдик.

— Айтиш керакки, фуқароликка олишдаги мураккабликларнинг ўзига яраша сабаблари бор эди, — дейди Ҳ.Хўжамқулов. — Хусусан, маълум вақт бўлдики, қўшни дав­латларда нотинчлик юзага келиб, бу ҳолат бизга таъсир қилмаслигини таъминлаш зарур эди. Нотинчлик ўз-ўзидан юзага келмайди. Жумла­дан, Афғонистонга ҳам, Қирғизис­тонга ҳам чеккадан келган шахслар ўз таъсирини ўтказган ва шу таъсир доирасида аҳолининг ўзи давлатчи­лик бошқаруви инқирозига сабабчи бўлишган. Шунингдек, аввалги қо­нуннинг асосий камчилиги — у 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, айни вақтда фуқароликни расмийлашти­риш билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб ололмаган. Бу ердадавлат ва фуқароликни оладиган шахс ўртасидаги муносабатлар ҳақида гап кетяпти. Ўша муноса­батлар қонунда акс этмаган ва уни тўлиқ тартибга олиш нормалари мавжуд эмас эди.

Юқоридаги масалаларнинг ечи­ми сифатида «Ўзбекистон Респуб­ликасининг фуқаролиги тўғриси­да»ги қонуннинг янги таҳрири иш­лаб чиқилди ва 2020 йил 13 мартда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди. 15 сентябрдан бошлаб мазкур қонун тўлиқ кучга кирди.

Жараён қай тартибда амалга оширилади?

Айтиш керакки, янги қонун билан фуқароликка қабул қилиш тамойиллари эркинлаштирилди, ҳужжатда либерал моддалар кўпа­йиб, бюрократик нормалар ка­майди. — 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қил­маган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўл­маган шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

— Фуқароликка қабул қилиш­нинг умумий, соддалаштирилган ҳамда алоҳида тартиблари бел­гиланди, — дейди Ҳ.Хўжамқулов. — Унга кўра, чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан Ўзбекистон фуқароли­гига қабул қилишнинг соддалаш­тирилган тартиби қўлланилади. Умумий тартибда фуқаролик Ўзбекистон ҳудудида узлуксиз беш йил яшаган хорижий давлат фу­қаролари (хорижий давлат фуқа­ролигидан чиқишни расмийлаш­тирган бўлса), шунингдек, яшаш маълумотномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Алоҳида тартиб­да эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан берилади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бу жараёнда жуда эҳтиёткор бўлмоқ керак. Чунки шахс фуқароликка қабул қилинганидан кейин у Ўзбе­кистон фуқароси учун белгилан­ган барча ҳуқуқларга эга бўлади — сайлаш ва сайланиш, референдум­да иштирок этиш, давлат хавфсиз­лиги, ички ишлар, прокуратура, ҳарбий хизмат, давлат бошқарув органларида ишлаш. Демак, биз Конституцияга амал қиладиган, Ўзбекистон давлатчилиги қонун­ларини ҳурмат қиладиган ва тан оладиган шахсларни фуқароликка қабул қилишимиз керак.

«Биз меҳмон эмас, фуқаро қабул қиламиз»

Қонунга Ўзбекистон фуқаро­лигига умумий тартибда қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида ариза топширган шахснинг давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада били­ши ҳам киритилди. Қонун лойи­ҳаси муҳокамаларида бу талаб жуда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хўш, тилни билишни тасдиқлаш зарурати нима билан изоҳланади?

— Айтиш керакки, халқаро тажрибада ҳам фуқаролик бериш­да давлат тилини билишга талаб қўйилади, — дейди Ҳ.Хўжамқулов. — Бу ерда гап давлат тили — ўзбек тили эканлиги устида кетмаяпти. Биз «Давлат тили тўғрисида»­ги қонунни қабул қилганмиз ва давлат бу борада сиёсат юритиши шарт. Шунингдек, биз меҳмон қабул қилмаяпмиз, балки фуқаро қабул қиляпмиз. Демак, Ўзбекис­тонда доимий яшайдиган, шу ерда уйли-жойли бўладиган киши муло­қот даражасини билмаса, у қандай яшайди? Фуқаро давлат тилида маъруза қилиши ёки ёзиши шарт эмас, давлат тилида гаплашиши ҳам муҳим эмас, шунчаки Ўзбекис­тон фуқароси бўлиши учун муло­қот даражасида билса, етарли.

Қонунга кўра, давлат тилини би­лиш даражасини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Бунда давлат тили­ни билиш даражасини аниқлаш минимал талаблар асосида тест шаклида амалга оширилади.

Муҳокамалар давомида кимдир бу талаблар керагидан ортиқча деса, яна кимдир айни муддао, деган фикрларни билдирди. Хуллас, нима бўлганда ҳам қонун кучга кир­ди. Унда белгиланган меъёрлар 15 сентябрдан бошлаб амалиётга тат­биқ этила бошланди. Бир сўз билан айтганда, эндиликда Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун давлат тилини билиш шарт бўлади.

«Бу ҳолат мен учун айбдек туюларди...»

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Гулобод» маҳалласи­да истиқомат қилувчи Музаффар Аширов 24 йил деганда ушалган орзуси ҳақида сўзлаб берди.

— Қирғизистон Республикаси­нинг Ўш вилоятида туғилиб ўсган­ман, — дейди М.Аширов. — 1996 йил Ўзбекистонга кўчиб келган­ман. Худога шукр, шу ерда уйла­ниб, икки фарзандли, уйли-жойли, дўсту биродарли бўлдим. Бироқ менга берилган вақтинчалик ҳужжат билан бирор жойга ишга киролмасдим. Иш учун ҳужжат топширсам, кўплаб тушунмов­чилик ва қийинчиликларга сабаб бўларди. Бу ҳолат мен учун айбдек туюларди. Шунинг учун буни ҳам­мадан бекитиб яшадим. Ҳужжатла­римни ҳам таниш-билишларимдан бекитиб топширганман. Бир куни кутилмаганда телефон бўлиб, фуқароликни олганим ҳақида хабар қилишди. Тўғрисини айтсам, шунча йил мени қийнаб келаёт­ган муаммога ечим топилганига ишонгим келмасди.

* * *

Фуқаролик — кишининг шу дав­лат, шу жамиятга тўлақонли ман­суб эканининг белгиси, фуқаролик — инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлиги, барча имконият ва шароитлардан тўлиқ фойдаланиш кафолати ва ниҳоят, фуқароликка қабул қилин­ганлик — давлат, жамият, одам­ларнинг муайян инсонга нисбатан ишончи, ҳурмати. Янги қонун минглаб инсонлар кўнглига ана шу ишонч, эртанги кунига хотир­жамлик ҳиссини бахш этди. Ва, албатта, шу юртнинг, шу халқнинг ҳақиқий фарзандиман, дейиш ҳуқуқини берди.

Санжар ИСМАТОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш