Мажбурий меҳнат ТЎЛИҚ БАРҲАМ ТОПМАДИМИ?

Тан олиш керак, узоқ йиллар давомида пахта йиғим-теримида, асосан, болалар ва аёлларнинг меҳнатидан фойдаланиб келинди. Айниқса, олис қишлоқларда ўқитувчи ўқувчиларини мактабга эмас, пахта даласига етаклаб бориши шарт эди. Мактаб директорлари фермерлар қатори туман ҳокимининг кечки йиғинларида пахта ҳисоботини берарди. Кейинги йиллардаги ўзгаришлар сабаб бу каби ҳолатларга чек қўйилди.Ҳатто бундай мажбурий меҳнатга йўл қўйган мутасаддиларга жиноий жавобгарлик белгиланди. Аммо шундай бўлса-да, бу йил ҳам пахта йиғим-терим мавсуми бошлангач, мажбурий меҳнат, теримчиларга етарлича имконият яратилмаётгани ҳақидаги чиқишлар пайдо бўлди. Наҳотки, жойларда ҳамон мажбурий меҳнат давом этаётган бўлса? Унга қачон тўла барҳам берилади? Теримчиларга қандай имкониятлар яратилган?

Қанча фуқаро мажбурий меҳнатдан азият чекди?

— Терим мавсуми бошланишидан олдин теримчилар учун зарур шарт-шароитларга эътибор қаратилган эди, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Акмал Шамсиев. — Жумладан, ётоқ учун 3,3 минг дона шийпон ва 394 дона палатка тайёрланди. Теримчилар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Терим пуллари ҳар беш кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш бўйича зарур чоралар кўрилган. Бундан ташқари, жойларда илғор теримчиларни рағбатлантириш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Яна бир жиҳат: бир вилоятдан иккинчисига бориб пахта тераётган юртдошларимизга қўшимча ҳақ тўланяпти.

Албатта, терилган пахта учун кунлик ҳақ тўлаш ва теримчиларнинг иссиқ овқат билан беминнат таъминланаётгани ҳақидаги гаплар кишини қувонтиради. Бироқ ҳамма жойда ҳам вазият бирдекми? Мавсум давомида мажбурий меҳнатга умуман йўл қўйилмаганми?

— Юқоридаги ҳолатлар бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, республиканинг 86 та ҳудудида 190 дан зиёд мониторинглар ўтказилди, — дейди вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси раҳбари Қудратилла Одинаев. — Натижада мажбурий меҳнатдан азият чеккан 320 нафардан зиёд фуқаро аниқланиб, 10 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Бундан ташқари, банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш, теримчилар учун муносиб шароитлар яратиш, терим пулларининг ўз вақтида берилишида ўз вазифасига совуққонлик билан қараган мутасаддилар ҳам аниқланди. Бунда 44 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Энг кўп мурожаат қайси вилоятдан тушган?

Айтиш керакки, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан нафақат таъсир чоралари кўриляпти, балки фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, айбдорларга тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

— Хусусан, Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги «Ойдин» маҳалласида ўтказилган ўрганиш натижасида пахта пуллари вақтида берилмагани аниқланди, — дейди Қудратилла Одинаев. — Натижада теримчиларга пахта терим пуллари тўлиқ тўлаб берилди. Шунингдек, Наманган вилояти Поп туманидаги «Artsoft progress» кластери томонидан ҳам терим пуллари ўз вақтида берилмаётгани аниқланиб, хўжалик раисига маъмурий баённома расмийлаштирилди. Умуман олганда, бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид 141 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг энг кўпи Қашқадарё (20 та), Тошкент (19 та), Наманган (17 та), Жиззах (16 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этиш керакки, пахта йиғим-теримига 18 ёшдан юқори бўлган муайян меҳнат билан банд бўлмаган, ишга лаёқатли теримчилар шартнома асосида жалб этилмоқда. Бунинг учун ҳудудларда бандликка кўмаклашиш марказлари аҳолининг 18 ёшдан катта, муайян меҳнат билан банд бўлмаган, ишга лаёқатли ва теримда кўнгилли иштирок этиш истагини билдирган теримчиларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида теримга жалб қилиниб, рўйхат шакллантирган. Шундай бўлса-да, мурожаатлар мазмунига кўра, 20 та ҳолатда аҳоли маҳалла фуқаролар йиғини томонидан, 9 та ҳолатда эса банк ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

Мажбурий меҳнатга қарши ҳамма курашади

Мажбурий меҳнатга бирданига барҳам бериб бўлмайди. Бунга эришиш учун, аввало, фуқаролар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш керак. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнат, хусусан, пахта етиштириш ва уни йиғиб олиш борасидаги ижобий ўзгаришларни давом эттириш мақсадида ҳуқуқ фаоллари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Куни кеча ҳуқуқ пахта ҳосилини йиғиб олишда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, иш берувчиларнинг бу борадаги билимларини ошириш, шунингдек, пахта етиштиришда давлат иштирокини камайтириш ва бу орқали қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, пахта етиштиришни мониторинг қилиб бориш ишларини давом эттириш масалалари муҳокама қилинди. Эътиборлиси, жорий йил пахта йиғим-терим мавсумида далаларда эркин мониторинг олиб боришлари учун 20 нафар ҳуқуқ фаолига вазирлик томонидан махсус рухсатномалар топширилди.

Хулоса ўрнида

Бу йил аксарият жойларда пахта ҳосили яхши бўлди. Шу боис айни кунларда биринчи терим ҳамон тугагани йўқ. Теримчилар эса бир кунда 100 кг.дан зиёд пахта теряпти. Меҳнат ҳақи ҳам шунга яраша. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, биринчи терим якунига етади. Иккинчи теримда кўпроқ ҳақ тўлангани билан теримчилар ҳозиргидек даромад ололмайди. Буни пахта оралаб юрган одам жуда яхши билади. Шу боис иккинчи ва ундан кейинги теримларда ўз ихтиёри билан далада қоладиганлар кескин камаяди. Бу мажбурий меҳнатга қарши курашиш яна давом этишидан далолатдир.

 

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш