КАМБАҒАЛЛИКНИ КАМАЙТИРИШ: Хитой тажрибаси бизга қанчалик мос келади?

Ижтимоий муаммоларга барҳам бериш мамлакатнинг изчил ривожланиши учун асос бўлади. Бунинг учун камбағалликни қисқартириш зарур. Шу боис кейинги вақтларда юртимизда айни масалага жиддий эътибор қаратиляпти. Албатта, камбағал одамни бойлар, ҳеч бўлмаганда, ўрта синф вакиллари сафига қўшиш осон эмас. Бу узоқ вақт ва маблағ талаб қиладиган вазифадир. Бунга эришиш учун дунё тажрибасини ўрганиш ҳам фойда келтиради.

Хўш, юртимизда камбағалликни қисқартириш учун қандай чоралар кўриляпти? Бу борада Хитой тажрибасидан фойдаланиш назарда тутилаётган экан, у биз учун қанчалик мос келади? Умуман, Хитой тажрибаси нималардан иборат? Шу каби саволларга жавоб топиш учун Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Хуршид АСАДОВга мурожаат қилдик.

Хитой тажрибаси нимаси билан ажралиб туради?

— Хитойда ҳар бир раҳбар ёки партия ходими халққа ғамхўрлик қилиши ва тўрт-бешта оилани ўз ҳомийлигига олиши керак, — дейди Х.Асадов. — Кам таъминланганларга ижтимоий нафақалар ўрнига уруғлар, кўчатлар, микрокредитлар, ахборот хизматлари, технологик ёрдам, мукофот ва бошқа турдаги рағбатлантиришлар ажратилади. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Хитойда камбағаликка қарши курашишда давлат бошқарув аппарати ходимларидан жами 2,9 миллион давлат хизматчиси камбағал қишлоқларга сафарбар этилган. Натижада 800 миллион фуқаро оғир аҳволдан чиқарилиб, Хитойда камбағаллик даражасининг 94 фоизга кисқаришига олиб келди. Эътиборлиси, бу жаҳон миқёсида қашшоқликдан чиқарилган аҳолининг 70 фоизини ташкил этади. Хитойда 2020 йилда камбағалликка буткул барҳам бериш вазифаси қўйилган.  

Яна бир муҳим жиҳат: инсонлар ўз соҳасининг билимдони бўлмаса, бугунги бозор иқтисодиёти даврида бирон натижага эришиш мушкул. Шу боис Хитойда аҳолига бозор иқтисодиёти шароитида ишлаш ва молиявий саводхонлик асослари ўргатилади. Бундан ташқари, жойларда маҳаллий чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа йўналишлар бўйича курслар олиб борилади. Уларда ҳар бир оила аъзоси камида битта касбни эгаллаши шарт. Бу ўша оиланинг келгусида ўзини ўзи боқа олишига замин бўлади.

Шу билан бирга, муҳтож оилаларга яшаш шароитларини яхшилаш учун 100 минг юань (14 минг АҚШ доллари атрофида) миқдорида маблағ ажратилади. Маҳаллий ҳокимият кўмаги билан кам таъминланган оилаларда таъмирлаш устахонаси, фермер хўжалиги ёки кичик ишлаб чиқариш цехи ташкил этилади.

Камбағаллик даражаси юқори қишлоқларга масъуллар бириктирилади

— Мамлакатимизда ҳам Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириш ҳамда кўмаклашиш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабаларни 3 йил муддатга олис ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш тизими татбиқ этилади. Шунингдек, юртимизда касб-ҳунарга ўргатадиган марказларнинг очилиши, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, ишбилармонлик муҳити учун зарур қонуний база шакллантириб борилаётгани айни муддаодир.

Камбағалликка қарши курашиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида жорий йилда 810 мингта доимий иш ўрнини қайта тиклаш, 310 минг янги доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўрни яратиш белгиланган. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилиш турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилиши эвазига камида 100 мингта янги иш жойлари ташкил этилади. Бу каби чора-тадбирларнинг барчаси мамлакатимизда ўзига тўқ оилалар миқдорини ошириш учун хизмат қилади. Бунинг учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган ва шу асосда иш олиб борилмоқда.

Айтиш керакки, юртимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган асосий чора-тадбирлар иқтисодий барқарор ва инкл­юзив ўсишни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилган ислоҳотларда кўрин­япти. Бу эса Хитой тажрибасига муштарак кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистон шароитида нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керак?

— Камбағалликни қисқартириш, аҳолининг турмуш даражасини оширишда ишсизлик даражасини пасайтиришга эътиборни кучайтириш лозим. Бунда ишга жойлашиш имкониятини яратувчи, тегишли давлат органлари билан бир қаторда, фуқароларнинг масъулиятини оширувчи, ҳар бир инсоннинг шахсий шароитини ҳисобга олувчи, ўзига мустақил ёрдам бера олмайдиганларни қўллаб-қувватловчи фаол ва таъсирчан сиёсат юритиш, ушбу мақсадларга жамият ва хусусий сектор ресурсларини жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, фуқароларнинг оилавий бюджети даромадларини оширишнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида касаначилик меҳнатини ривожлантириш керак. Бунда замонавий машиналар, ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини, бозорда талаб юқори маҳсулотларни ишлаб чиқаришда бошқа тадбиркорлик субъектлари билан кооперациясини кенгайтиришга кўмаклашиш лозим.

Ишга жойлашишга муҳтож шахсларга касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини кенгайтириш, бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мақбул шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган чоралар кўриш ҳам фойдали бўлади. Айтиш керакки, айни йўналишда жойларда мономарказлар, ўқув курслари ва марказлари ташкил этилмоқда.

Камбағалликдан чиқариш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлардан ва аҳоли томорқаларидан мақсадли, самарали фойдаланишда микрокластер тузилмаларини яратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бунинг учун иссиқхона қуриш, чорвачилик йўналишларида имтиёзли кредит олганларни ва томорқасида маҳсулот етиштирувчиларни кўчат, чорва ҳайвонлари, уларнинг озуқасини етказиб берувчи, хизмат кўрсатувчи, тадбиркорлик кўникмаларини оширишга кўмаклашувчи ташкилотлар билан боғловчи тузилмаларни яратиш лозим.

Хулоса ўрнида

Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан намуна олиб, иқтисодий барқарорлик учун исталган лойиҳани амалга ошириш мумкин. Аммо жойлардаги мутасаддилар халқ дарди билан яшамас, уларнинг ишончини оқламас экан, бирон натижага эришиш мушкул. Хусусан, камбағал одамнинг ишончини оқлаш, унга янгича руҳ бериш осон эмас. Камбағалликни қисқартириш учун иқтисодий лойиҳалар сафига маърифий дарсларни ҳам қўшиш керак, деб ўйлаймиз. Зотан, улуғларимиз таъкидлаганидек, инсон ўзгаришни, аввало, ўзидан бошламоғи шарт!

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш