Бозорларда нархлар ошди: бунинг сабаби нимада?

Рўзғор – ғор, қанча ташиганинг билан тўлмайди. Бир томонига солсанг, иккинчи тарафи бўш қолади. Каму кўстимиз, кундалик эҳтиёжимизни қоплаш учун бозор оралаймиз. Кўз тегмасин, деҳқон бозорида нима истасангиз, барчаси муҳайё. Аммо сентябрь ойининг охирги ўн кунлигида республикамиз бозорларида айрим турдаги истеъмол товарларининг нархлари бир мунча ошди.

Одатда, ойлик, стипендия, пенсия ва нафақа пулини ошириш бўйича Президент фармони эълон қилинса, бозорда нарх-наво дарровгина «жонланиб» қоларди. Бу галги нарх-навонинг ошишига сабаб нима? Ойлик маош ва бошқа даромад манбалари ошмади-ку?

Нарх ошишининг сабаблари нимада?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, қўй гўшти 45 000 сўмдан 85 000 сўмгача, тухум 7 000 сўмдан 15 000 сўмгача (10 дона), гуруч 5 500 сўмдан 19 000 сўмгача (кг.), ўсимлик ёғи 10 000 сўмдан 17 000 сўмгача (литр) сотилмоқда. Умумий кузатиш ва солиштирув натижаларига кўра, аксарият истеъмол товарлари нархи 30 фоизгача ошган.

«Нима учун?» деган саволга жавоб ахтаришда ҳар бир воқеа-ҳодисанинг сабаблари изланади. Нарх-наво кўтарилса, харидорга ёқмайди, албатта. Ҳамён «ўрганган» баҳога қанчадир сумма қўшилган бўлса, у тўғриси, харид қилишга оғриниб, бошқа дўконга киради. Аммо «Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради», қўшни дўконда ҳам худди шундай нарх.

— Бозорда нарх-навони атайлаб оширишга, харидор манфаатларига зид  хатти-ҳаракатни содир этиш амалдаги қонунчилигимизга зиддир, — дея юзага келган вазият юзасидан муносабат билдиради Монополияга қарши курашиш қўмитаси масъул ходими Беҳзод Аҳмедов. — Қўмитамиз вакиллари томонидан асосий турдаги истеъмол товарлари чакана нархлари доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, сентябрь ойи охирига келиб, кундалик ҳаётда кўп истеъмол қилинадиган кунгабоқар ёғининг чакана нархи 11 500 сўмдан 15 000 сўмга, шакар 6 000 сўмдан 7 000 сўмга, тухум 1000 сўмдан 1300 сўмга ошгани кузатилди. Бунга қайси омиллар таъсир этмоқда? 

Республикамизда 40 дан ортиқ кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 177 минг тонна маҳсулот импорт қилинди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп. Аммо республикага импорт қилинадиган маҳсулотнинг асосий қисми тўғри келадиган Россия Федерациясида 2019 йилда 15,3 миллион тонна маҳсулот етиштирилган бўлса, жорий йилда бу 13,5 миллионга тўғри келиши тахмин қилинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, юртимиздаги нарх-наво ҳолатига ҳам таъсир этди.

Маҳаллий маҳсулот нима учун қимматлаяпти?

Қўшни давлатлардан келтирилаётган товарлар қаторида маҳаллий маҳсулотлар нархи ҳам бироз кўтарилди. Савол туғиладики, етиштириш ва олди-сотди операциялари ўзимизда амалга оширилса ҳам, тухум, шакар, парранда, гўшт маҳсулотларининг нархи нима учун баландлади?

— Президентимизнинг 2020 йил 19 июндаги «Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, четдан келтириладиган парранда озуқаси ва қўшимчалари, ветеринария препаратлари ва бошқа маҳсулотлар учун шу йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи тўланиши кўзда тутилмоқда, — дейди Давлат солиқ қўмитаси бош инспектори Жаҳонгир Қамбаров. — Бозорда тирикчилик қилаётган тадбиркорлар ана шу ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда нарх белгилаши табиий.

Дарҳақиқат, соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, парранда озуқа базасининг асосий қисмини буғдой, соя шроти ва маккажўхори хомашёси ташкил этиб, уларнинг нархи йил бошидан ўртача 10 фоизга ошган.

— Валюта курсининг йил бошидан 8,5 фоизга кўтарилиши, аҳоли истеъмол саватида тухумга бўлган талаб 12 фоизга ошгани ҳам нарх-навога таъсир кўрсатмоқда, — дея сўзида давом этади Беҳзод Аҳмедов. — Соя шроти, асосан, импорт маҳсулот ҳисобланиб, йил бошида 1 кг. нархи 0,47 доллар, ҳозир эса 0,51 долларга тўғри келмоқда. Худди шудай ҳолат шакар нархининг ошишида ҳам кузатиляпти. 2 та маҳаллий корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 690 минг тоннага тенг. 100 дан ортиқ юридик шахслар томонидан шакар маҳсулоти мунтазам импорт қилиб келинмоқда. Ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида 82 минг тонна шакар импорт қилинган бўлса, жорий йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 288 минг тоннани ташкил этди. Август ойи бошида 1 кг. шакарнинг нархи ўртача 29 рублни ташкил этган бўлса, ҳозир 39 рублга етиб, ўсиш 34 фоизга кузатилди.

Деҳқон бозорини ким назорат қилади?

Айтиш керакки, аҳолининг барча қатламлари кириб-чиқадиган, ўз эҳтиёжига мос маҳсулот харид қиладиган деҳқон бозорида нарх-наво, тартиб-интизом, муомала маданияти ҳамиша бирламчи аҳамият касб этган. Бозорга қадам ранжида этадиган киши, аввало, растадаги маҳсулот нархига, сифатига кўз югуртиради, тўғрироғи, бу харидорнинг ҳамёнига ҳам боғлиқ.

Хўш, бозордаги нархни ким назорат қилади? Нархларни сунъий оширишга қандай жавобгарлик бор?

— Бозор ҳамиша нарх-наво «ўйнаб» турадиган жой, — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК «Бозорлар ва савдо комплекслари департаменти» бўлим бошлиғи Фарҳод Тўлаганов. — Ҳақиқатан ҳам сентябрь ойи охирига келиб, нафақат пойтахтимиз, балки республикамизнинг барча деҳқон бозорларида четдан келтириладиган ва айрим маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи анча ошди. Тегишли ташкилотлар билан мавжуд вазиятни чуқур ўрганиб чиқдик. Тўпланган маълумотлар таҳлил қилинди, солиштирилди ва ягона нарх-наволар белгиланмоқда. Сунъий равишда нарх-наво оширилган айрим бозор раҳбарларига маъмурий чоралар кўрилди.

Харидор ҳамиша ҳақ, унинг тимсолида бутун бошли халқимиз турганини унутмаслик зарур. Фақат ўз чўнтагини қаппайтиришни ўйлайдиган, эл манфаатларига зид хатти-ҳаракат содир этадиган шахсларга деҳқон бозорида ўрин йўқ. Пойтахтимиздаги 12 та деҳқон бозорида минглаб тадбиркорлар савдо-сотиқ билан шуғулланишади. Айтиш керакки, уларнинг ҳар бирини назорат қилиш, ножоиз иш қилса, жазолаш ҳақ-ҳуқуқи бозор раҳбариятига юклатилган. Харидор ҳақига нисбатан инсофсизлик, диёнатсизлик қилиндими, нарх-навони оширдими, бунга ҳар бир бозор маъмурияти амалдаги қонунчилик талаблари билан жавоб бериши керак.

*  *  *

Қайси давлат аҳолиси қандай яшаётганини билмоқчи бўлганлар, аввало, унинг бозорига киришади. Юртимизнинг қайси ҳудудига бормайлик, деҳқон бозорлари маҳсулотга тўлиб-тошган. Аммо кексаларимиз дуо қилганидек, «Юртимизда арзончилик бўлса, баракасини беради. Эл розими, тадбиркорнинг топгани ҳам ҳалол». Юқорида қайд этганимиздек, нарх-наво ошишининг ўзига хос сабаблари бўлса-да, ҳар қандай ҳолатда деҳқон бозорида харидор ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларига мос муҳит ҳукм суриши тарафдоримиз.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА

 «Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш