«Йиғин раҳбарига ишонч ЙЎҚОЛСА...»

Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фаолияти даражаси кўпинча шу ҳудудда яшовчиларнинг унинг меҳнатига, шахсига берган баҳоси билан ўлчанади. Қаерда раҳбар фидойи, ҳалол ва адолатли бўлса, ўша ерда одамлар ундан рози бўладилар. Акс ҳолда...

Самарқанд шаҳрининг, асосан, кўп қаватли уйлардан иборат «Бахтли ҳаёт» маҳалласида яшовчи бир гуруҳ аёллар таҳририятимизга мурожаат қилиб, раис ва ўринбосарларининг одамларни қийнаётган ижтимоий муаммоларга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан қараётганидан шикоят қилишди.

«Аризангизни кўриб чиқяпмиз»

Аризада кўрсатилган манзилга келганимизда, йиғин биносида ўнга яқин хотин-қиз тўпланган эди. Ҳали улар билан танишиб улгурмасимизданоқ, аёллар гапга тушиб кетишди.

— Эрим касал, болаларим боғча ёшида, — дейди иккинчи уй, 27-хонадонда яшовчи Интизор Давронова. — Уларга нафақа пули сўраб қарийб ярим йилдан буён маҳалла раҳбарларига мурожаат қиляпман, аммо ҳеч қандай натижа чиқмаяпти. Ҳар келганимда қуруқ ваъда беришади. «Аризангизни кўриб чиқяпмиз», дейишади. Наҳотки, битта аризани 6 ой давомида кўриб чиқишса?!

— Ёрдамга муҳтож оила сифатида оиламиз «Темир дафтар»га киритилган, аммо бирор марта маҳалладан ёрдам берилгани йўқ, — дейди тўртинчи уйнинг 18-хонадонида яшовчи Нигина Акобирова. — Президентимиз томонидан ажратилган 1 миллион ва 500 минг сўм миқдоридаги ёрдам пулларини ҳам беришмади.

Еттинчи уйнинг 43-хонадонида истиқомат қилувчи Фарида Хўжаева ҳам икки яшар боласи учун нафақа беришларини сўраб бир неча бор мурожаат қилгани, аммо ололмаётганини айтди. Худди шу мазмундаги шикоят билан 2 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси Ҳилола Исматуллаева ҳам мурожаат қилди.

Ўринбосарнинг жавоби нега ҳеч кимни қониқтирмади?

Йиғин раиси иш жойида бўлмагани сабабли хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари Сарвара Алимовага юзландик.

— Маҳалламизда 40 та кам таъминланган оила бўлиб, шундан 20 кишининг исм-фамилияси ёрдамга муҳтож кишилар рўйхатига киритилган, — дейди у. — 1 миллион сўмдан ажратилган маблағ 2 нафар ногирон ва бир нафар ўта муҳтож одамга берилган. Қолган оилаларга кейинги навбатда берилади. Кўпчилик оилаларга икки марта озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди. Болалар учун бериладиган нафақа пулига келсак, топширилган аризалар ҳар ойнинг 25-санасигача кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади. Менимча, Интизор Давронова ва Фарида Хўжаевалар шу санадан кейин ариза берган бўлсалар керак. 

Ариза ва мурожаатларни қайд этиш дафтарини сўраганимизда эса Сарвара Алимова уни бизга кўрсата олмади. Ўринбосарнинг мужмал жавоби йиғилганларни ҳам, бизни ҳам мутлақо қониқтирмади, аксинча қатор саволлар туғдирди. Маҳаллада 40 та кам таъминланган оила бўлса, нега улардан 20 таси муҳтожлар рўйхатига киритилган? Хўш, қолганлар-чи? Кейинги навбат қачон келади?

С.Алимованинг гапларига қараганда, «Темир дафтар»га киритилганлар бошқатдан кўриб чиқилиб, рўйхат янгиланган. Янгиланган рўйхатни бу ерга келганларга кўрсатишни эса ўринбосар негадир ўзига эп кўрмади. Эртаси куни биз билан боғланган йиғин раиси Хуршид Раупов шикоятчи аёллар билан бирма-бир гаплашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилгани, уларнинг айримлари ёлғон гапирганини айтди.

Аммо аризачилар билан боғланганимизда улар ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаганини, раис улар билан гаплашишга ҳатто вақт ҳам топа олмаганини қайта-қайта таъкидлашди...

«Аслида ҳеч ким ўзидан қолмасин экан...»

71 ёшли ёлғиз қария Шодмон Туронов Пайариқ туманидаги «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг икки нафар қизини вояга етказиб, уларни уйли-жойли қилган отахон нураб тўкила бошлаган уйда, илма-тешик бўлиб кетган пол устида эшикка термулиб, ҳар куни кимлардандир саховат кутиб ўтиради.

— Бор-йўғи 400 минг сўм пенсия оламан, нон-чойга етиб туради, — дейди отахон. — Ҳафтада бир марта қора қозонни қайнатаман, шунисига ҳам шукр. Маҳаллага бир-икки марта ёрдам сўраб боргандим, фойдаси бўлмади. Ҳеч бўлмаса, ўтирган уйимнинг полини янгилаб беринглар, дедим. Ахир, остонада қиш турибди, бир куб тахта фалон сўм, нима қилай, қўлим калталик қилади. Қизларим ўзларидан ортишмайди. Яқинда туман газ таъминоти идорасидан одамлар келиб, табиий газдан қарзим борлиги туфайли уйимни тармоқдан узиб кетишди. Энди нима қилишга ҳам ҳайронман. Ўтин қилишга эса кучим етмайди.

Хўш, бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва бошқа мутасаддилар билармикан?

— Биламиз, отахон ёрдамга муҳтож, шундай бўлишига баъзан унинг ўзи ҳам айбдор — дейди «Зарафшон» йиғини раиси Шариф Анорқулов. — Чунки биздан оладиган ёрдамни қизлари ва невараларига дарров бериб юборади. Шундай бўлса-да, баҳоли қудрат ёрдам бериб турибмиз.

Ш.Туронов эса йиғин раҳбарининг гапларини буткул рад этди.

Шу туманнинг «Чоштепа» маҳалласида яшовчи Эшмирза Тошмуродовнинг турмуш шароити Шодмон бобоникидан ҳам баттар аҳволда. Томи лойсувоқ, деворлари тўкила бошлаган, икки хонадан иборат уйда истиқомат қилувчи қария маҳалланинг ёрдамига жуда-жуда муҳтож.

— Маҳаллада менга ўхшаганлар кўп бўлса, раис қай биримизга ҳам ёрдам қилсин, — дейди отахон. — Қўни-қўшни ёрдам бериб туришади. Шунисига ҳам катта раҳмат. Аслида ҳеч ким ўзидан қолмасин экан. Маҳаллага эътирозим йўқ. Ўтган йили бир марта ёрдам берган эди. Пахталарни териб олишса, яна ёрдам бериб қолар.

Моддий ёрдам кимларга бериляпти?

Шу ўринда бир савол туғилади. Юқорида тилга олинган ҳар иккала маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарлари Шодмон ва Эшмирза боболарга ўхшаган муҳтож одамларга ёрдам бермаса, унда ажратилаётган моддий ёрдам кимларга бериляпти?

— Моддий ёрдам, асосан, ногиронлиги бор, ўта муҳтож, «Темир дафтар»га киритилган 31 та оилага бериляпти, — дейди «Зарафшон» маҳалласи раиси Шариф Анорқулов. — Шодмон бобо «Темир дафтар»га киритилмаган бўлса-да, ёрдам қилиб турамиз. Масалан, шу ойда у кишига 350 минг сўм миқдорда ёрдам беришни режалаштирганмиз.

Мақола аввалида «маҳалла раҳбарининг фаолияти ҳудудда яшовчи одамларнинг унга берган баҳоси билан ўлчанади», дедик. Дарҳақиқат, шундай. Чунки халқдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Одамлар раҳбарнинг босаётган қадамини ҳам, қилаётган ишини ҳам доим кузатиб туради.

Биз бугун йиғинлардаги вазият қандай бўлса, шундайлигича қаламга олдик ва бу билан кимнидир оқлаш ёки қоралаш фикридан йироқмиз. Юқоридаги йиғинлар раислари ва ҳудуддаги бошқа мутасаддилар эса фуқароларнинг улар ҳақида айтган гапларидан ўз вақтида тегишли хулоса чиқарадилар, деган умиддамиз. Ва бу мавзуга яна қайтамиз.

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш