«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик бўлгайдир»

Яхшилик — икки дунёда нажот калитидир. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Назаримизда, арзимас туюлган яхшилик ҳам Яратганнинг ҳузурида жуда катта мукофотга лойиқ кўрилиши мумкин. Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасининг 77-оятида шундай марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Рукуъ, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз!»

«Табассум билан айтилган чиройли сўз — садақадир»

Ибодат қилиб Яратганга сажда қилишимиз бандалик бурчимиздир. Аммо нажот топишимиз учун унинг ўзи етарли бўлмайди. Яхшилик, эзгулик қилиб, руҳий дунёни янада бойитиш лозим. Зеро, инсон қалби имон, яхшилик билан нурга тўлса, ёмонлик, фисқу фужур ила зулматга тўлади.
Хожа Аҳрор Валийнинг «Бу дунё яхшилик экинзоридир» деган ҳикмати айни ҳақиқатдир. Яхшилик билан инсон нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам турмуш тарзи, хулқи ўзгаришига сабаб бўлади. Дунёни экинзор билиб, яхшилик уруғини сочган инсон, охиратда унинг ҳосилини кўради. Бу унинг энг яхши ҳосили бўлади. 
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир қанча ҳадисларида яхшилик қилишнинг фазилати ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан нақл қиладилар: «Ул зоти шариф айтдилар: «Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир». Яна бир ҳадисда шундай деганлар: «Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади». Бошқа ҳадисда эса: «Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимики ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур», — деб айтганлар.
Айни пайтда юртимизда давом этаётган пандемия шароитида халқимиз орасида қийналиб, оғир вазиятга тушиб қолаётганлар учраб турибди. Яқинларимиз, қавму қариндошларимиз орасида, маҳаллаларимизда ана шундай қийин аҳволда қолганларга ёрдам қўлини чўзиш, уларга далда бўлиш, оғирини енгил қилиш, айни юқоридаги оят ва ҳадиси шарифда зикр қилинган яхшилик сирасига киради. 
Кундалик қиладиган ишларимизни яхшиликка айлантириш ўзимизга боғлиқ. Аввало, ҳар бир ишимизда Аллоҳни эслаб, унинг розилиги учун қилишимиз лозим. Шунда инсон ҳеч қачон ёмонликка қўл урмайди. Юқоридаги ояти каримадаги «яхшилик қилинглар» жумласининг яна бир маъноси «ёмонлик қилманглар»дир. Зеро, яхшилик қила олмаган инсон ҳеч бўлмаса, ёмонликдан тийилиши — яхшиликдир. 

«Бир кишига яхши сўз айтишинг — садақадир»

Яхшилик қилиш узоққа бориш, кимнидир қидириш ёки қайсидир жойни ахтариш шарт эмас. Балки яхшилик қилишнинг чек-чегараси йўқ. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифда шундай дедилар: «Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг — садақадир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг — садақадир. Бир кишига яхши сўз айтишинг — садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун садақадир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам садақадир».
Тасаввур қилиб кўринг, инсонлар юрадиган йўлда ҳаракат хавфсизлигига халақит берадиган бир нарса турибди. Сиз, шуни йўлдан олиб ташласам, савоб бўлади, деб қилсангиз, албатта, бу яхшилигингиз учун Аллоҳ таоло сизни мукофотлайди. Аксинча, турли ҳақоратли сўзларни айтиб, олиб ташласангиз, қалбингизда ҳеч қандай эзгу ният бўлмагани учун Аллоҳ сизнинг ишингизни мукофотламайди. Шунчаки вақтингиз ва меҳнатингиз зое кетади. 
Халқ орасида «савобнинг таги тешик» деган беўхшов нақл бор. Аслида савоб иш қилиб, унинг натижасини шу дунёнинг ўзида кутиш — илмсизлик. Чунки савоб иш Аллоҳнинг розилиги учун охиратни ўйлаб қилинади. Инсон яхши амаллар қилиб, кўпчиликнинг дуосини олгани, ҳеч кимнинг қалбини ранжитмагани Яратган зот унга яхшиликларни насиб қилса, бу қилган яхши амалларининг мукофотининг бир қисми, холос. Аллоҳ унга охиратда яна кўплаб яхшиликлар беради. 
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сураси 114-оятида қуйидагича марҳамат қилади: «Улар Аллоҳга, охират кунига иймон келтирурлар, амри маъруф ва наҳйи мункар қилурлар ва яхшиликларга шошилурлар. Ана ўшалар, аҳли солиҳлардандир». 
Аллоҳ таоло бандаларига икки дунё саодатига эришиш йўлларини кўрсатиб берди. Пайғамбарларни юборди, китоблар нозил қилди. Ҳалолнинг ҳалол, ҳаромнинг ҳаром, яхшиликнинг яхшилик, ёмонликнинг ёмонлик эканини очиқ-ойдин баён этди. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, одамлар орасидан олимларни чиқариб қўяди. Улар Аллоҳнинг оятларини, Пайғамбаримизнинг ҳадисларини теран англаб, мусулмонларга тушунтириб, уларга тўғри йўлни яна аниқ ва равшан қилиб кўрсатиб беради. Инсон Аллоҳнинг кўрсатган ўша йўлидан юрса, яхшиликни қилиб, ёмонликдан қайтса, Аллоҳ таоло уни қўллаб-қувватлайди ва икки дунёда азизу мукаррам қилади. Аллоҳ унга ­дунёнинг ўзидаёқ яхшиликларининг эвазига яхшиликни насиб қилади. 

Бисотимиздаги молу давлатимиз ўзимизники эмас...

Аслида, инсон ўз меҳнати ва имкониятидан келиб чиқиб фақат ўзини ўйлаб яшаши мумкин. Аммо Аллоҳнинг раҳмати қайси амалимизга боғлиқ эканини билмаймиз. Шунинг учун Яратганнинг раҳматидан умид қилиб, кундалик ибодатларимиздан ташқари яхшилик қиламиз, ёмонликлардан тийиламиз. 
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 245-оятида шундай дейди: «Аллоҳга «чиройли қарз» берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши борми, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксиз». 
Бисотимиздаги молу давлатимиз ўзимизники эмас, десам ҳайрон бўлманг. Балки Аллоҳнинг розилиги учун кимнингдир ҳожатини чиқариб қилган хайру саховатимиз ўзимизникидир. Агар ниятимиз холис бўлса, албатта, мукофотланади. Оятдаги «чиройли қарз» жумласининг маъноси — бу дунёда камбағалларга, етим-есирларга, ҳожатмандларга ёрдам бериб, охиратда бой бўлиш назарда тутиляпти. 
Ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинган: Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир кишига: «Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса, аҳлингга қил, агар аҳлингдан ҳам ортиб қолса, қариндошларингга қил, агар қариндошларингдан ҳам ортиб қолса, улардан бошқаларга ва ҳоказо», деган эканлар.
Аллоҳ таоло бандасининг бирон бир ишини зое қилмас, яъни ҳеч қачон изсиз йўқолиб қолмас. Биз яхшиликларимизни ҳам, ёмонликларимизни ҳам унутиб юборишимиз табиий ҳол. Аллоҳнинг ҳузурида бирортаси ўчириб юборилмайди. Биз кўп ўтмай қилган яхшиликларимиз фақат ўзимиз учун эканини англаб етамиз. Зеро, Аллоҳ таоло «Ар-Роҳман» сураси 60-оятида: «Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик бўлгайдир» деб марҳамат қилди.

Маъмуржон ЭРКАЕВ,
Тошкент ислом институти бўлим бошлиғи.

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш