САЙЛОВЛАР ОЛДИДАН АЙТИЛГАН ВАЪДАЛАР УНУТИЛДИМИ?

Таҳририятимизга Навоий вилояти Хатирчи туманининг Алишер Навоий номли маҳалласидан Манзура Эсонова мурожаат қилиб, маҳалладаги ички йўллар мутлақо ёмон аҳволда экани, болалар тупроқ кўчанинг чангини ютиб улғаяётганини билдирди. Ҳудуд аҳли сайловда йўлларни таъмирлашга ёрдам беришни ваъда қилган номзодга овоз берган бўлса-да, аммо у ишончни оқламагани, энди депутат ёрдамидан умидни узиб, юқори ташкилотларга мурожаат қилаётганини таъкидлади.

Юқоридаги ҳолатни ўрганиш мақсадида Алишер Навоий номли маҳалла раиси Мавлуд Сатаевни суҳбатга тортдик.

— Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Назира Тоғаева шаҳарда яшаса-да, қишлоғимизга тез-тез келиб туради, — дейди М.Сатаев. — Айни пайтда у вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раҳбари сифатида ўз имкониятларидан фойдаланиб, сайловчиларининг муаммо ва ташвишларини енгиллатишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилаларни моддий-маънавий томондан қўллаб келяпти. Аммо туман Кенгаши депутатини танимайман. Сайловдан кейин бир марта маҳаллага келганди. Шундан сўнг бирор марта идорага келмади, маҳалланинг дарду ташвиши билан мутлақо иши йўқ.

Қарангки, маҳалла раиси халқ депутатлари туман Кенгаши депутатининг исм-шарифини ҳам билмас экан. Илтимосимизга кўра, у бу депутат кимлигини аниқлаб бергач, депутат Манзура Раҳмонова билан боғландик.

— Ҳудудимиз йўллари яхши эмаслигини биламан, сайёр қабулда фуқаролар бу ҳақда мурожаат қилишган, — дейди М.Раҳмонова. — Мен бу борада туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига депутатлик сўрови юборганман. Ҳаммаси дастурга қўйилган, навбат билан бўлади, дейишди.

Депутатдан бу масала қачон, қайси дастурга киритилгани ҳақида сўраганимизда эса аниқ жавоб ололмадик. Шундан кейин ундан сайловдан кейин қайси ташкилотларга, қандай масалаларда депутатлик сўровлари юборгани ҳақида сўрадик. Афсуски, бу саволимиз ҳам жавобсиз қолди. Ваҳоланки, депутатга берилган ваколатлар орасида депутатлик сўрови алоҳида аҳамиятга эга. Чунки унда кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, кўпчиликнинг манфаати туради. Қолаверса, бу тизим халқнинг ўзи сайлаган вакилга ишончининг ортишига хизмат қилувчи энг мақбул йўлдир.

Сайловчилар дардини ким тинглайди?

— Маҳалламизда тез-тез чироқ ўчади, кучлироқ шамол бўлса, қўлбола симёғочлар йиқилишига оз қолади, ёнғин чиқишидан қўрқамиз, — дейди туманнинг «Полвон­ота» маҳалласидан Ҳусниддин Шамсиев. — Депутатимиз Акбар Қобиловга бу борада мурожаат қилганмиз, аммо натижа бўлмади. Ўзи депутатларни нега сайлаймиз? Ҳудуддаги муаммоларни ҳал қилиш учунми?

«Сайловчиларингиз электр таъминотидаги муаммолар ҳақида сизга мурожаат қилишган экан, буни бартараф этиш учун бирор ҳаракат қилдингизми?» — дея халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Акбар Қобиловдан сўрадик. Бироқ суҳбатдошимиз депутатлик сўрови юборгани, унинг жавоби қандай бўлгани ҳақидаги сўровларимизга маълумот тақдим этолмади.

— Туманимизнинг қатор маҳаллаларида қўлбола симёғочлар ўрнатилгани ҳақиқат, «Полвонота» маҳалласи фуқароларидан бу борада кўп маротаба мурожаат бўлган, — дейди туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Ёқуб Ибодуллаев. — Жорий йилда пандемия туфайли кўплаб режаларимиз амалга ошмай қолди. 2021 йилда бу маҳалладаги электр узатгичлар тўлиғича янгиланади.

Халқда ишонч бўлмаса, депутатга мурожаат қилмайди

Туманнинг «Тошқулоқ» ва «Кўксарой» маҳаллаларида тоза ичимлик суви масаласида муаммолар мавжуд. Маҳалла фуқаролари билан суҳбатлашганимизда улар бу масалада ўзлари сайлаган депутатларга мутлақо мурожаат қилишмаганини айтишди. Чунки сайловдан кейин сайловчидан ҳол сўрамаган депутатни одамлар танишмайди.

— Мактабимиз тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, — дейди «Кўксарой» маҳалласида жойлашган 21-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Намоз Умиров. — Ўқувчилар ўзлари учун елим идишларда уйидан сув олиб келади. Бола-да, ҳозирги пандемия шароитида бири иккинчисининг идишидан сув ичмасин, деб гигиена қоидаларига амал қилишини назорат қилиб турамиз. Депутатимизга бу борада мурожаат қилмаганмиз, чунки у сайловдан кейин мактабга мутлақо келмаган. Муаммони ўз танасида ҳис қилмаган масъулдан умид йўқ.

Маҳалла идораси эшигига қулф урилгани ва фуқаролар йиғини ходимлари билан телефон орқали ҳам боғланиб бўлмагани боис биз ҳудуддан сайланган депутатлар ҳақида маълумот оломадик. Шундан сўнг «Кўксарой» ва «Тошқулоқ»қа қачон тоза ичимлик суви етиб келишини билиш мақсадида «Хатирчи сув таъминоти» МЧЖга йўл олдик.

— Раҳбарлик давримда бирор марта депутат ўз ҳудудида ичимлик суви муаммо экани ҳақида депутатлик сўрови юборгани йўқ ёки оғзаки ҳам мурожаат қилмаган, — дейди корхона раҳбари Бахтиёр Раҳимов. — Ҳозир халқнинг ўзи ҳақ-ҳуқуқини яхши билади, тегишли идоранинг эшигини ўзи қоқади. «Тошқулоқ» маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи 2021 йилда ҳал бўлади. Аммо «Кўксарой» маҳалласи дастурга киритилгани йўқ. Шу пайтгача туманнинг 80 фоиздан ортиғи тоза ичимлик суви билан таъминланган, дейиларди. Аммо ҳақиқатда 14,5 фоиз ҳудудга сув етиб борган. Албатта, бу муаммо босқичма-босқич ҳал бўлади. Бунга пандемия ҳам халақит беряпти. Белгиланган тартибда ишлар амалга оширилгач, ҳақиқатда сув таъминотини юқори кўрсаткичга етказамиз.

Халқ уйғонган, депутатлар-чи?

Сўнгги йилларда маъмурий бошқарув юкининг маълум қисмини марказдан ҳудудларга бериш йўлида қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, туман ва шаҳар бюджетини кўриб чиқиш, ҳудудларнинг бюджет параметрларини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича депутатларнинг роли оширилди.

Ваҳоланки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар олдидан номзодлар ҳар қачонгидан-да катта ваъдаларни беришган, янаям аниқроғи, энди одамларни қуруқ ваъдалар билан ишонтириб бўлмаслигини, юртдошларимизнинг дунёқараши, фикрлаши ўзгарганини таъкидлашганди. Аҳолининг ҳаётга муносабати ўзгаргани, ҳақ-ҳуқуқини таниётгани рост. Аммо, афсуски, улар ишониб сайлаган айрим депутатлар ҳамон ўз вазифасини фақат сессияларда иштирок этишдан иборат, деб билишяпти. Аслида эса депутат халқ дарди билан ёниб яшаса, ўз ваколатларидан самарали фойдаланса, масъулиятни ҳис этса, жойлардаги қатор муаммолар, албатта, ижобий ечим топади.

Холбиби САФАРОВА

«Mahalla»

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш