Энди деҳқонлар бозор тополмай қийналиб юрмайди

Хабарингиз бўлса, жорий йил баҳор ойининг бошланишида мамлакатимизга коронавирус эпидемияси кириб келгач, бозорларимизда саримсоқпиёзнинг 1 килоси 60 минг сўмгача навбатда туриб сотилди. Бу нимадан далолат, албатта, юртимизда эрта баҳорги сабзавот маҳсулотлари, айниқса, саримсоқпиёз етарли даражада етиштирилмаётганидан дарак.

Шу боис аҳолини эрта баҳорда арзон ва сифатли сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашни бугундан бошлаш керак. Бунинг учун тўқсонбости экинлар(сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлар)н­и ўз вақтида экиш зарур. Негаки, тўқсонбости маҳсулотлар эрта баҳорда, аҳолининг айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаби ортган вақтда пишиб етилиши бозорларимизда ушбу маҳсулотлар нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олади.

– Халқимизда «Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан», деган пурмаъно мақол бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, албатта. Негаки, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига тўқсонбости деб айтилади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова. – Бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Тўқсонбости маҳсулотларни кузда экишнинг яна бир сабаби шундаки, шу вақтда экилган саримсоқпиёз кўкламда экилганига нисбатан кўпроқ ҳосил беради.

Яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган «Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор эса пандемия шароитида аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш билан бирга, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Янги уюшманинг вазифаси нима?

– Қарорга мувофиқ, Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов. – Мақсад, экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп, жумладан, саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш орқали аҳоли даромадини оширишдир. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари эса мана шу Уюшма фаолиятини амалга оширишга, қайта ишлаш корхоналари, экспорт қилувчилар ва маҳсулот етиштирувчиларга ҳар томонлама кўмаклашишга масъул этиб белгиланди. Эндиликда саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларни етиштирувчиларга кенгаш ҳузуридаги жамғармадан имтиёзли кредит ажратамиз ва уларни кооперация (кластер) асосида ишлайдиган кластер ва экспорт қилувчи ташкилотларга боғлаймиз.

Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси маҳсулот етиштирувчиларга агрономик тавсиялар бериш, ҳосилларни энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилишда кўмаклашиш, маҳсулот етиштирувчилар малакасини ошириш билан ҳам шуғулланади. Қолаверса, ташқи ва ички бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 июнга қадар август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таклифлар киритиб боради.

Ер майдонлари қандай тартибда ажратилади?

– Август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига жойлаштирилади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Қирғизбоев. – Бу соҳада бизда тажриба бор: Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида 400 гектар майдонда кластер усулида аҳоли хонадонларини бириктириш орқали саримсоқпиёз етиштириш йўлга қўйилган. Эндиликда саримсоқпиёз етиштириш лойиҳаси учун ажратилган 7 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йиллик муддатга Булоқбоши тумани ҳокимлиги ва Уюшма кафиллиги асосида саримсоқпиёз етиштирувчиларга тенг улушларда ссуда сифатида берилади.

Ушбу ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2021-2022 йиллар ҳосили учун август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини турлари бўйича етиштириш ҳажмлари тасдиқланди.

Қандай навлар яратилади?

– Яна бир муҳим янгилик – уюшма Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини кластер ва кооперация усулида етиштириш бўйича халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган аниқ лойиҳаларни тижорат банкларига тақдим этади, – дейди Одинахон Отахонова. – Шунингдек, уюшма Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларининг ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос, шўрга ва сувсизликка чидамли навларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилишини ҳам таъминлайди. Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан янада тўлдиришда тўқсонбости экинларни ўз муддатида етиштириш муҳим аҳамиятга эга.

Қарорга кўра, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан хорижий давлатлар фитосанитария талабларидан келиб чиқиб, саримсоқпиёзнинг экспортбоп навларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш борасида тавсиялар ишлаб чиқилади.

– Ушбу қарор билан саримсоқпиёз етиштирувчи, қадоқловчи, сараловчи ва экспорт билан шуғулланувчи қадоқлаш цехларига карантин инспекторлари бириктириб берилмоқда, – дейди Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошқарма бошлиғи Дилшод Анорбоев. – Бу инспекторлар халқаро фитосанитария талаблари даражасида маҳсулотларни етиштириш, уларни саралаш, қадоқлаш борасида тавсиялар бериб, амалий кўмаклашади. Бу билан инспекторларнинг масъулияти оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу ҳужжат билан эндиликда деҳқон харидоргир маҳсулотни етиштириб, унга бозор тополмай қийналиб юрмайди. Яратилаётган тизим деҳқончиликни янги стратегия асосида ривожлантиришга ва аҳоли даромадларини оширишга замин яратади. Энг муҳими, мазкур қарорнинг ижроси камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.

Рустам ЮСУПОВ тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш