Ер ҲИСОБИ ЮРИТИЛСА, талон-торож БЎЛМАЙДИМИ?

Ўтган йили бир танишим 2 та тилла узук ҳисобига ўзини кадастр ходими деб таништирган шахс кўрсатиб берган бўш ер майдонида вақтинчалик яшаш учун уй кўтарди. Буни қарангки, иморат битгач, бу ернинг «эгаси» чиқиб қолди. Унинг айтишича, у бу ер майдонини аукцион орқали сотиб олган эмиш. Яна бир кадастр ходими эса бу ер аукционда сотилмаганини айтиб, янги ер «эгаси»нинг сўзларини инкор этмоқда. Тилла узук ҳисобига ер кўрсатган «ер ўлчаб бергич» эса ғойиб бўлган.

Уй кўтарган фуқаро ҳам сарсон-саргардон.

Дарҳақиқат, Президентимиз 15 октябрь куни давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, мамлакатимизда ер ажратиш ва давлат кадастри соҳасида бир неча ўн йиллар мобайнида тизимли муаммолар тўпланиб қолган. Тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўл­­магани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган.

Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги капитал қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Алламуратов 1 млн. 400 минг, Қибрай тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж.Машрабов 35 минг, Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси У.Алижонов 29 минг, Бувайда ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Деҳқонов 20 минг АҚШ доллари олаётганда ушланган.

Янги тизим ер ҳисоби назоратини таъминлай оладими?

Мана шундай нафси ҳакалак отиб, давлат ерларини талон-торож қилаётган маҳаллий ҳокимлик вакилларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 сентябрда қабул қилинган «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, ушбу соҳани илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш, ернинг ҳисобини тўлиқ юритиш ва рақамлаштириш бўйича комлекс чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Хабарингиз бўлса, авваллари Давгеокадастр ерни ажратишни ҳам, ерни назорат қилиш вазифасини ҳам ўзи бажарган. Бу, ўз навбатида, манфаатлар тўқнашувига олиб келиб, коррупцион ҳолатларни келтирган. Эндиликда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш вазифаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Кадастр агентлиги томонидан бажарилади. Ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш функциялари эса Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди.

– Кўпчилигимиз кадастр деганда фақат бино ва иншоотни тушунамиз, – дейди Кадастр агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев. – Лекин юртимизда 21 турдаги давлат кадастри мавжуд. Бунга 17 та давлат органи ваколатли, яъни бу маданий мерос, автомобиль йўллари ва газ қувурларига қарайдиган турли ташкилотлардир. Ушбу ташкилотларнинг барчасида республика миқёсида кадастр ҳужжатлари шакллантирилиши керак. Масалан, «Ҳудудгазтаъминот» ташкилотининг тизимида кадастр ҳужжати тўлиқ шакллантирилса, ҳар бир газ қувури республиканинг қайси жойидан, қанча чуқурликда, қандай диаметрда ўтганлиги аниқ бўлади. Ўзбекистонни катта уйимиз деб олсак, ушбу 21 та кадастр ҳужжати шу уйимизда нима, қаерда эканининг тартибини беради. Агар кадастр ҳужжатлари тартибини жойига қўядиган бўлсак, бу, энг аввало, фуқароларимизга қулайлик яратади, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига ва инвестицион муҳитига ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳокимлар қарорлари ҳақиқий ҳисобланмайди...

Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари барча қишлоқ хўжалиги туманлари бўйича ер кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, Миллий геоахборот тизимига киритади. Агар ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари мазкур геоахборот тизимига киритилмаса, у ҳақиқий ҳисобланмайди.

– Ўтган бир ой вақт амалиёти шуни кўрсатяптики, бу икки соҳанинг бирлашгани қайсидир маънода ҳисобга олинмаган субъектларни ёки ер майдонларини, бино ва иншоотларни ҳисобга олиш ҳисобига қўшимча манбани келтириб чиқаряпти, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев. – Бир ой давомида ўтказилган хатлов давомида вилоят миқёсида 5893 та ҳисобга олинмаган кадастр ҳужжати мавжуд бўлмаган ёки кадастр ҳужжати бўла туриб, солиқ базасига киритилмаган объектлар аниқланди. Шунинг ҳисобига 1,7 миллиард сўм қўшимча маблағ тушди. Вилоят миқёсида 1 млн. гектар ер ҳисобга олинмаган. Бу қайсидир фермер ёки субъектнинг балансида турибди, лекин қарорда мазкур гектар кам кўрсатилган. Ҳақиқатда эса у кўпроқ. Ана шундай яширинган ерлар ҳисобидан солиқлар тушумини йўқотяпмиз.

Видеоселекторда таъкидланганидек, тизимдаги муаммолардан бири 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган. Шундан 200 мингдан зиёд объект бўйича солиқ ҳисобланмаяпти. Бундан ташқари, 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқ.

Қандай ҳолатлар ноқонуний қурилган деб ҳисобланади?

Жорий йилда 50 мингга яқин ҳолатда 11 минг 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 200 гектарида ноқонуний уй-жой қурилган. Хўш, қандай ҳолатлар ноқонуний қурилган, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳисобланади? Эгалик ҳуқуқини қандай олиш мумкин?

– Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади, – дейди Кадастр агентлиги бош мутахассиси Дилором Ризаева. – Ўз навбатида, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Шунингдек, бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Шу боис кадастр ҳужжатини шакллантириш учун ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори, архитектура органларининг уй-жой қуриш учун рухсатномаси, қурилиши битгандан сўнг комиссия томонидан ушбу қурилиши тугатилган уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси ёки уй-жойнинг олди-сотди шартномаси бўлиш керак. Шунга асосан, кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, ер участкасига ва қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади ва давлат реестрига киритилади.

Ер солиғи ҳисоблаш тизими қайта кўриб чиқиладими?

Янги тизим асосида қурилишдан бино-иншоотнинг кадастр жилдини тайёрлашгача бўлган босқичларда ундириладиган тўловлар камайтирилиб, жараёнлар соддалаштирилади. Ер солиғи ҳисоблаш тизими ҳам тубдан қайта кўриб чиқилади. Чунки айни пайтда вилоят марказларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларда ҳам, ҳосилдорлиги паст жойларда ҳам ер солиғи деярли бир хилда ҳисобланади. Шу боис эндиликда ерларнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш, бунда оширилган ва камайтирилган коэффициентларни қўллаш тизими жорий этилади.

*  *  *

Афсуски, ҳамон аҳоли орасида кадастр ҳужжати, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи, ер ажратиш, ерни аукцион орқали сотиб олиш бўйича тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Қарс икки қўлдан деганларидек, тегишли мутасаддилар аҳолига ушбу масалалар юзасидан ўз вақтида аниқ, содда тарзда қонуний тушунтиришлар беришса, халқимиз ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўқиб-уқиб олсалар ҳар икки томон ҳам ортиқча оворагарчиликларга дуч келмасди.

Рустам ЮСУПОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш