Маҳалла раисларини қандай муаммолар қийнамоқда?

Айни пайт Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимини янада такомиллаштириш учун меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Табиийки, бу жараёнда камчиликлар ҳам бўлади. Муҳими, уларни вақтида аниқлаб, бартараф этиш.

Шу ўринда биз ҳам маҳалла тизими ходимлари томонидан билдирилган фикрлар асосида тизим фаолиятига тўсиқ бўлаётган энг муҳим муаммоларни аниқлаб чиқдик. Газетамизнинг телеграм каналида ўтказилган сўровномада «Сиз ўз вазифа ва мажбуриятингиз доирасида ишлайсизми?» деган саволга 181 нафар ходим йўқ, асосан, топшириқлар билан вақт ўтиб кет­япти, дея жавоб берди. 51 нафари ҳокимлик топшириғи билан вақт ўтаётганини таъкидлади. 4 нафари билмайман, деб жавоб берган бўлса, атиги 29 нафар мутахассис ўз ишини бажараётганини билдирган. Лекин сўровнома натижаси барча маҳалла ходимлари фикрининг ифодаси ҳам ҳисобланмайди.

Мана шу натижа асосида фикр юритсак, маҳалла тизими ходимлари кўпроқ вазифасига кирмайдиган топшириқлар билан ҳам банд бўл­япти. Табиийки, бу лавозим мажбуриятларини бажара олмаслигига олиб келяпти. Мисол учун, мавзу доирасида олиб борган ўрганишлардан аниқланишича, маҳалла ходимлари солиқ ва бошқа йиғимларни йиғишга мажбурланаётгани ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

 

Йиғин ходимлари солиқ йиғишга мажбурми?

Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан маҳалла фуқаролар йиғини раислари аҳолидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тушишига кўмаклашиши белгиланган. Аммо амалда маҳалла ходими учун бу иш мажбуриятга айланиб қолган. Аксарият суҳбатдошларимиз фикрича, ҳудудларда маҳаллалардан ҳар куни аҳолидан солиқ ва бошқа тўловларни йиғишда аниқ сумма белгиланган. Агар шу «план»ни бажара олмаса, раис айбдор бўлади.

Қоғозбозлик ҳам маҳалла ишини ортга сурмоқда

Шунингдек, сўровлар орқали маълум бўлишича, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари кўпроқ қоғозбозлик билан банд бўлиб қоляпти.

— Йиғин ходимлари ўз вазифасини бажаришга улгуролмаяпти, — дейди Ҳазорасп туманидаги «Шовот» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Рўзметов. — Чунки маҳалла ходимларига ўз фаолиятидан ташқари маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам турли топшириқлар берилиб, ёзма ҳисоботлар сўралмоқда. Шу боис аҳоли билан учрашиб, уларнинг мурожаатларига ижобий ечим топишга вақт қолмаяпти.

Масъул котиб штатини қайтариш керак…(ми?)

Тизим ходимлари ўртасида баҳсга сабаб бўлаётган жиҳат — маҳалладан масъул котиб штатини олиб ташлангани бўлди. Бир гуруҳ раислар бунинг ортидан топшириқлар бажариш, мажлисларда қатнашиш, уйма-уй юриш билан бирга, идорада ўтириб фуқароларни қабул қилиш учун қийналаётганини айтса, иккинчи томон аксинча фикрда.

— Маҳаллада котиб бўлса, кириш ва чиқиш ҳужжатлари билан шуғулланарди, — дейди Уйчи туманидаги «Овчибулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умиджон Султонов. — Ўринбосарлар эса ўзига юклатилган вазифаларни бажарарди. Фикримча, ижро интизомини бажарилишига раҳбардан кейин масъул котибларда жавобгарлик катта бўлади.

— Маҳаллага котиб штатини қайтариш таклифига эътирозим бор, — дейди Қўнғирот туманидаги «Таракли» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Марал Каримова. — Ҳеч қандай масъул котиб штати керак эмас. Ахир, шундоқ ҳам раиснинг иккита ўринбосари бор. Аслида шуларга яхши шароит яратилса, бас. Мисол учун, иккита ўринбосарнинг ойлик маошини яна ошириш лозим. Айтайлик, маош 2 млн. сўмдан ошса, ҳамма ишни қойиллатиб қилади. Шундоқ ҳам кунни-кун, тунни-тун демай ишлаяпти улар.

Ойлик маош
оширилиши керак!

Тан олиш керак, кейинги ислоҳотлар натижасида маҳалла тизими ходимлари ойлик маоши сезиларли даражада ошди. Аммо аксарият мутахассислар фикрича, барибир маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўринбосарларнинг ойлик маоши иш кўламига нисбатан оз. Чунки улар, асосан, кўчада юради. Ойлик маоши шу харажатларига ҳам етмайди. Бунинг оқибатида турли коррупцион ҳолатлар содир бўлмоқда. Президентимизнинг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, июнь ойидан берилиши керак бўлган 30 фоизлик қўшимча пул ҳам пандемия сабабли тўхтаб қолди. Йилда бир марта бериладиган мукофот пуллари эса «Маҳалла» хайрия жамоат фондида маблағ йўқлиги учун тўлиқ берилмаяпти.

Шунингдек, раис ва ўринбосарлар шанба, якшанба кунлари ҳам ишлашга мажбур. Аммо бунинг учун иш ҳақи ҳисобланмайди. Яна бир оғриқли нуқта маҳалла фуқаролар йиғинларидан чиқадиган хатларга юқори органлар деярли жавоб қайтармайди.

Коммунал харажатлари ҳам аросатда қолган. Масалан, фойдаланилган электр энергияси ва бошқа тўловларни маҳалла раислари ўз ёнидан тўлайди. Бу ҳам уларга муаммо бўлмоқда. Айнан шунинг ортидан яна муаммо келиб чиқмоқда. Яъни коммунал тўловдан қарздор маҳалла фуқаролар йиғини ҳисоб-рақамига тақиқ қўйилмоқда.

Вазирлик қандай чора кўрмоқда?

— Маҳалла тизимидаги муаммолар вазирлик томонидан таҳлил қилиб чиқилди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Элмурод Қаршиев. — Унга кўра, бир қатор омиллар маҳаллаларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, 25 та (15,3 фоиз) маҳаллада оилалар сони 2000 дан ортиқ бўлишига қарамасдан, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис штати ажратилмаган. Бундай маҳалла фуқаролар йиғинлари Қашқадарёда 6 тани, Жиззахда 5 тани, Тошкент шаҳрида 4 тани, Самарқандда 3 тани, Наманганда 2 тани, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Сирдарё, Фарғона вилоятларида – 1 тадан ташкил этади. Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида оилалар сонuни 2000 та ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғини оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши белгиланган. 19 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида 10 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилишига қарамай, 1 нафардан профилактика инспектори фаолият юритмоқда. 30 та (18,4 фоиз) маҳалланинг ўз хизмат биноси йўқлиги сабабли ходимлар бошқа ташкилотларга қарашли биноларда (уларга ажратилган хоналарда) ишламоқда. Фуқаролар йиғинларининг географик жойлашуви, хусусан, аҳолининг муайян қисми маҳалла марказидан (хизмат биносидан) ўртача 7-8 км. масофада жойлашгани ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

Хулоса ўрнида

Вазирлик мутахассислари маълум қилишича, юқоридаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида таклифлар асосида манзилли Ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилган. Шунингдек, соҳани тартибга солувчи янги қонун қабул қилиниши кутиляпти. Унда маҳалла муаммоларига ҳам ечим кўрсатилиб, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, юкламаларни камайтириш кўзда тутилган.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

«Mahalla»

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш