Маҳалла раислари нега ишдан бўшатилмоқда?

Маълумки, барча соҳада ишнинг тўғри ташкил этилиши, вазифаларнинг тўлақонли бажарилиши кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам фаолиятини бошлаган илк кунлардан тизимга малакали мутахассисларни жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва унинг ўринбосарлари таркиби янгиланмоқда. Кекса ёки пенсия ёшидаги маҳалла раислари ўрнига ёш кадрлар номзоди илгари сурилмоқда. Хўш, бу қандай ҳуқуқий асосга эга?

Қонунчиликда нима дейилган?

— Маҳалла раисларини лавозимга сайлаш «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида тартибга солинган, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги кадрлар билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Собиржон Исмоилов. — Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек, суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Маҳалла раиси қандай ҳолларда, ким томонидан ишдан бўшатилади?

– Раис ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузувчи, раис (оқсоқол) мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек, ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан қарор қабул қилинганда муддатидан аввал вазифасидан озод қилинади, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова. – Шунингдек, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда, унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда, узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда ҳам ишдан бўшатиш мумкин. Асос, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг 24-моддаси.

Маҳалла раислари сайланадими ёки тайинланадими?

— «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, маҳалла раиси аҳоли томонидан сайланади, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Элмурод Қаршиев. – Бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар иштирок этиши мумкин эмас.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади.

Амалиётда шундай бўляптими?

Афсуски, таҳририятимизга ишдан бўшатилган ходимлар томонидан бўлган мурожаатларнинг аксариятида эътирозлар билдирилмоқда. Уларнинг даъвосига кўра, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислигига маҳаллий ҳокимият томонидан кўрсатилган номзодлар (Ишчи гуруҳ туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди) қўйилмоқда. Баъзи ҳудудларда фуқаролар маъқуллаган номзодни ҳокимлик рад этмоқда. Ростан ҳам шундай бўляптими?

— Чиндан ҳам, ҳудудларда айрим маҳалла раислари ишдан бўшатилди, — дейди Элмурод Қаршиев. — Бу вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Яъни фуқаролар йиғинлари фаолияти ўрганилиб, шу асосда рейтинг баҳоланди. Рейтинг баҳолаш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 485-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида»ги низом талаблари асосида 15-29 август кунлари ўтказилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятининг жорий йил 6 ойи якунлари бўйича натижалари ҳудудий Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда аниқланди. Якуний натижаларга кўра, 9 150 та фуқаролар йиғинидан 1 322 та (14,4 фоиз)сининг фаолияти «намунали», 3 608 та (39,4 фоиз) маҳалла фаолияти «яхши»,  3 478 та (38 фоиз) фуқаролар йиғинларининг фаолияти «қониқарли», 742 та (8,1 фоиз) маҳалла фаолияти «қониқарсиз» баҳоланган. Шундан келиб чиқиб,  ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда низом талаблари асосида бир ҳафта муддатда фуқаролар йиғинлари ходимларининг жорий йилнинг 1-ярим йиллигидаги фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама қилинди. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари асосида фаолияти «қониқарсиз» баҳоланган 742 та (8,1 фоиз) маҳалла раисларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш учун фуқаролар вакилларининг йиғилишлари ўтказилди. Лавозимидан озод этилган маҳалла раислари ўрнига ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган ёшлар орасидан номзодларни сайлаш бўйича янги сайловлар белгиланган тартибда ўтказилди.

Хулоса

Ўйлаймизки, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган бу ўзгаришлар яқин вақтларда ўз мевасини беради. Энг муҳими, лавозимга сайланган янги раислар халқ ишончини оқлашларига умид қиламиз.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

«Mahalla»

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш