Имоннинг моҳиятида нима ётади?

Маълумки, исломнинг асоси — ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Динимизнинг бешта асоси бўлиб, улардан биринчиси ва барча амалларимизнинг қабул бўлишига асос бўладигани — имондир. «Имон» сўзи луғатда «тасдиқлаш», «ишониш» деган маъноларни англатади. Юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик мазҳаби таълимотларида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш «имон» дейилади. 

Бу ҳақда «Ақоидун Насафия» китобида шундай дейилган: «Имон (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир». Демак, чин мўмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.
Ҳар бир ота-она ўз фарзандини ёшлигидан дин-диёнатли, ватанига содиқ, ҳалол-пок қилиб тарбия қилиши баробарида имон асосларини ҳам ўргатиб бориши лозим. Фарзандларга ёшлигидан қуйидаги калима ўргатилади: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ». Яъни: «Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман».
Афсуски, баъзи ёшларимиздан ушбу калима сўралса, тиллари айланмай, айтишга қийналиб қолишлари ачинарли ҳолдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она ушбу муборак калимани ўз фарзандига ўргатиши лозимдир. Шаҳодат калимасини мусулмон бўлмаган киши айтиши билан мусулмонлик бахти унга насиб қилади.

Амал қилиш — имоннинг шартими?

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида динда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиш имоннинг шарти ҳисобланмайди. Демак, амал қилмаган кишини ҳам гарчи амал қилмагани учун гуноҳкор бўлса-да, уни мусулмон деймиз. Мана шу масала аввалдан кўп ихтилофларга сабаб бўлиб келган.
Хаворижлар каби адашган тоифалар амал қилиш — имоннинг шарти деганлар ва амал қилмаган кишиларни кофирга чиқариб, қонлар тўкилишига сабаб бўлган. Афсуски, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳолат баъзи тоифа тарафдорлари томонидан такрорланмоқда.
Ваҳоланки, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши, модомики, уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Фиқҳул акбар» китобларида шундай деганлар: «Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам».
Шунинг учун Мотуридий ва Ашъарий йўналишлари амал қилмаган мусулмон кишини кофирга чиқармаслик масаласида бир фикрдалар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ амални имоннинг асосларига киритмаган бўлсалар-да, солиҳ амалларни бажариш лозимлиги ва амал қилмаган кишини гуноҳкор бўлишини таъкидлаганлар ҳамда амални, баъзилар гумон қилганидек, бутунлай четга сурмаганлар. 
«Имон келтирганга Фирдавс жаннати манзил бўлур»
Имонли бўлиш энг катта неъматлардан бўлиб, Аллоҳ таоло бу неъматни ҳар кимга ҳам бермайди, балки Ўзи суйган бандаларига беради. Барча ибодат ва эзгу амалларнинг қабул бўлиши учун имон шартдир. Имон келтириб, яхши амалларни қилганларга Аллоҳ таоло Фирдавс жаннатини ваъда қилган: «Албатта, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлур» (Каҳф сураси, 107-оят).
Дарҳақиқат, мусулмон киши қанча кўп эзгу ва савобли амалларни қилар экан, унинг имон нури зиёда бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлар билан ўтирган пайтларида Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, «менга имондан хабар беринг» дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай жавоб бердилар: «Имон — Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмонлиги Аллоҳдан эканига имон келтиришингиздир» (Муттафақун алайҳ).
Ақида борасида битилган энг мўътабар китоблардан биринчиси мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга мансуб «Ал-фиқҳул акбар» китоби бўлиб, бу асар биз мотуридий ақидасига эргашувчи мусулмонлар учун асосий манба саналади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу китобда шундай деганлар: «Тавҳиднинг асли ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарса шуки: ҳар бир мусулмон шундай дейиши вожиб бўлади: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир».
Имон-эътиқодли бандага Аллоҳ таоло хотиржам ва фаровон ҳаёт беришни ваъда қилиб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят). Шундай экан, киши ўз имони тақозосига кўра умрини ўтказар экан, доимо қалбида хотиржамлик ҳукмронлик қилади ва икки дунёда бахт ва саодат эгалари қаторида бўлади. 

Имон тақозо қилган амаллар қайсилар?

Мусулмон киши имони тақозо қилган амалларни бажариши ҳам зарурдир. Улардан бири — омонатдорлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам омонат ҳақида бундай деганлар: «Омонатдорлиги йўқ кишининг имони йўқ (комил эмас)» (Имом Аҳмад ривоятлари). Демак, имонли киши омонатдор бўлиб, Аллоҳ ва Унинг расулини ҳаққидан бошлаб барча инсонларни ҳақларига риоя қилиши ҳамда ваъдага вафо қилмаслик, фирибгарлик, ўзганинг молига хиёнат қилиш каби нотўғри ишлардан ўзини тийиши лозим.
Имон тақозо қилган нарсалардан яна бири — киши яхши кўрган нарсасини ўзгага раво кўришидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди» (Муттафақун алайҳ). Демак, имонли киши ўзи билан биргаликда ўзгаларнинг манфаатларини ҳам кўзлаб ҳаёт кечиради. Шунда унинг имони комил бўлади. 
Бундай амаллардан яна бири — Пайғамбаримизни ҳаммадан кўра яхши кўриш. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўла олмайди, токи, мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча» (Имом Бухорий ривоятлари). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қуруқ даъво ёки юзаки гаплар билан эмас, балки чин қалбдан бўлиши ва у зотнинг кўрсатмаларига амал қилиш билан бўлади. 
Фаҳш ва гуноҳ ишлардан тийилиш ҳам имон тақозо қилган нарсалардан биридир. Аслида имон ўз эгасини фаҳш ва гуноҳ ишларни қилишга йўл қўймаслиги керак. Имон бўла туриб, бундай ишларни қилган кишининг имони комил ҳисобланмайди. Демак, мусулмон киши фаҳш ва гуноҳ ишлардан ўзини мутлақо тийиши лозим бўлади.

Раҳматуллоҳ САЙФУТДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби.

 

Изоҳ 1

Изоҳ қолдириш