Ташаббус бўлмаса, йиғинда муаммолар йиғилади

Маҳаллалар қадимдан юртимизда тарбия ўчоғи, урф-одатлар, анъана ва қадриятлар эъзозланадиган маскан сифатида эътироф этиб келинади.  Айтиш керакки, кейинги пайтда тизим фаолияти янада такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрсида»ги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Фармон асосида ҳудудий бошқарма ва бўлимлар таркиби шакллантирилди.

Косонсой тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими тасарруфида 59 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Айрим камчилик ва муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Мисол учун, «Чорбоғ» маҳалла фуқаролар йиғинининг ўз хизмат биноси йўқлиги учун шу кунгача таълим муассасаси биносида фаолият юритиб келарди. 2020 йил сентябрь ойида тадбиркорлар томонидан замонавий лойиҳалар асосида янги бино қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳозирда «Гулистон-2», «Соҳибкор» ва «Юмалоқ шайх мазор» маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам хизмат бинолари қуриш ишлари бошланган.

Ижтимоий ҳимоя тадбирлари

Эътиборлиси, пандемия даврида ҳам мутахассислар бир зум дам олишмади. Аксинча хонадонма-хонадон юриб, тарғибот тадбирлари, тушунтириш ишлари олиб боришди. Айниқса, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди. Хонадонларга бориб, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришди. Синовли кунларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобига мавсум бошидан шу кунгача 759484.2 миллион сўм  миқдорида маблағ келиб тушди. Шунинг ҳисобидан 514 та оилага маҳалла бошчилигида 141277.1 миллион сўмлик нақд пул ва 20100 миллион сўмлик маҳсулотлар билан ёрдам кўрсатилди. Бунда жонбозлик кўрсатган ходимлар меҳнати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Туманимизнинг 88 нафар фуқаролар йиғини раислари, уларнинг ўринбосари «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тозалик ва озодаликка эътибор ҳам ҳар бир маҳалланинг виждон ишига айланган. Зеро, ободлик кўнгилдан бошланади. Шу мақсадда «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!» шиори остида «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» тамойили асосида барча хонадон, кўча, маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори бўлган 4 та маҳаллада гузарлар ва бошқа бўш турган жойларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди.

Хотин-қизлар қандай қўллаб-қувватланмоқда?

Қизларимизга миллий қадриятлар асосида таълим-тарбия бериш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, оилага тайёрлаш ўта долзарб аҳамиятга эга. Шу мақсадда барча таълим масканлари ва маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган «Қизларжон», «Мустақил ҳаёт остонасида», «Ораста қизлар» каби клублар самарали фаолият олиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори  асосида 123 нафар хотин-қизларга тавсиянома берилди. Шундан 4 нафари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.  Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузурида ташкил этилган Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси томонидан хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилавий ва аёллар спортини ривожлантириш, тўй ва маросимларни ихчам ўтказиш бўйича тадбирлар ўтказилди.

Маҳаллада нотинч оила  қолмаслиги лозим

Маҳалла тинчлиги, аввало, оилалар тотувлигига боғлиқ. Бу йўналишда туманимиздаги маҳаллаларда фаоллар томонидан оилалар тинчлигини таъминлашга эътибор берилмоқда. Бу, албатта, ўз самарасини куттирмаяпти. Мисол учун, бугунги кунда нотинч оилалар сони ўтган йилга нисбатан 24 тага камайди. Туманда жами 47 та нотинч оила бўлса, ўтган йили бу рақам 71 тани ташкил этарди.

Хўш, бунга қандай эришиляпти? Аввало, ҳар бир хонадон билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйдик. Шунингдек, 2020 йил давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, муаммоли, нотинч оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида уларни намунали оилаларга бириктириш ишлари олиб борилди. Фуқаролар билан  ишлаш тизимини осонлаштириш, янгиликларни тезкор етказиш мақсадида маҳаллаларда телеграм гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйдик. Унга ҳар бир хонадондан бир нафар киши аъзо бўлган. Шунингдек, гуруҳга тумандаги барча ҳамкор ташкилотлар ходимларини ҳам уланишини ташкил этганмиз. Фуқаролар ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб олмоқда.

Туманда томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида 3 та «Томорқа хизмати» МЧЖлар ташкил этилган. Улар томонидан аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатилиб келинмоқда. 1 та МЧЖни молиявий қўллаб-қувватлаш учун жамғарма томонидан 1,2 миллиард сўм ресурс ажратилган. Шунингдек, туманда 1 та  кооператив ташкил этилган бўлиб, 50 нафар кам таъминланган ва ишсиз фуқаролар унга бириктирилди.

Ёшлар — доимий эътиборда

Туманимизда ёшлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор беряпмиз. Уларнинг муаммоларини ўрганиш, қизиқишларига кўра ишга жойлаштириш, тадбиркорликка рағбатлантириш йўлида амалий ишлар қилинмоқда. Сектор раҳбарлари ёшларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиб бормоқда. Бунда улар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Хусусан, «Соҳибкор» маҳалласидаги «Кушон» маданият марказида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ёшларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди. Жумладан, 22 нафар ёш турли мазмундаги мурожаатларини айтдилар. Масалан, тикув машинаси олиб бериш, таълим олиш учун шартнома пулига кўмаклашиш, тадбиркорлик қилиш учун саноат ҳудудидан ер ажратиш, иш билан таъминлаш, кредит олиш, туманда спорт тўгаракларини ривожлантириш масалалари ва бошқалар. Ушбу мурожаатлардан 4 таси, жумладан, 2 та кредит ажратиш, 1 та тикув машинаси олиб бериш, 1 та иш билан таъминлаш масалалари жойида ҳал этилди. Ечилмай қолган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилот ва корхона раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берилди.

Тадбирнинг иккинчи қисми амалий саёҳат тарзида ташкилланди. Яъни ўқувчи-ёшлар тумандаги саноат корхонаси — «As-Group Tex» МЧЖда бўлдилар. Ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечиришди ва ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ушбу саёҳат кўплаб косонсойлик ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишини ошира олди.

Музаффар СОИББОЕВ,

Косонсой тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш