«Қайнонага ибратли воқеалардан ташлаб турдим...»

Битта оила барбод бўлса, бутун коинот ларзага келади. Болаларнинг етим қолиши, аёлнинг ёлғиз ўзи рўзғор деган ташвишни гарданига олиши ортидан уйсизлик, пулсизлик каби муаммолар келиб чиқаверади. Маҳалламизда оилавий ажралишлар йўқ, деб бемалол айта оламан. Ҳар қандай ҳолатда ҳам охирги вазиятда оилаларни яраштиришга ҳаракат қиламан.

Ҳудудимиздаги мактабда 35 йил ўқитувчилик қилганман. Бу иш жараёнимда асқотаётир. Мени одамлар маҳалла раиси эмас, устоздек ҳурмат қилишади. Ҳамма хонадоннинг фарзанди ўқувчим бўлган. Барча юз хотир қилади. Аммо оилада келишмовчиликлар бўлиши табиий ҳол. Яқинда бир оила ажралиш ёқасига келиб қолди. Қўш келин бўлиб тушган келинлардан бири ҳомиладор бўлиб, иккинчиси ҳомиладор бўлмагани учун қайнона келинни уйдан қувиб солган. Ҳали тўйига бир йил ҳам ўтмаган келинни туғмасликда айблаган. Куёв ҳам онасига ҳеч бир сўз дея олмаган.

Уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашдим. Қайнонани қароридан қайтаришнинг ўзи бўлмади. «Қайнонамни жуда яхши кўраман, оиласи жуда яхши» дея келинингиз мақтади», дедим. Қайнона бошқа гапларни кутган, шекилли, ишонқирамай қаради. Яна бир гап: бугун барча телеграмга уланиб олган. Қайнонага ибратли воқеалардан ташлаб турдим. Ўйлантирадиган ҳолатлар ҳақидаги лавҳалардан юбордим. Бир ҳафтада шаштидан тушди. Ажрашмасанг, оқ қиламан, деган қайнона ўзи ўғлини келинини қайтариб келишга юборибди.

Муаммомиз ҳам бор. Афсуски, камбағаллик кўрсаткичи маҳалламизда юқори. Ҳудудимизнинг 40 фоизида лўлилар яшайди. Улар билан ҳам муроса қилиш муҳим. 35 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларимиз бор. Улар эса доим эътиборга ва ижтимоий кўмакка муҳтож. Улар учун мавжуд имкониятлардан фойдаланишга, одамлар кўмагида кўнглини олишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо имкониятларимиз жуда кам.

Яна бир гап. Мен доим ёшларни билим олишга чорлайман. Олий таълим муассасаларига кирган фарзандларнинг ота-оналари учун алоҳида фахрий ёрлиқ тайёрлаб, маҳалла ҳудудида тантанали байрам ташкиллаштириб тақдим этаман. Албатта, бундай эътибор ҳар қандай ота-она учун ёқимли ва бошқалар учун эса ибрат. Болаларини билим олишга, ўқитишга, назорат қилишга бир туртки, деб ўйлайман.

Нодира ҲАЙДАРОВА,

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги

«Жаҳонобод «маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш