Ким ошди савдолари қанчалик шаффоф ва адолатли ўтмоқда?

ЭКСПЕРТ ФИКРИ

Ким ошди савдолари қанчалик шаффоф ва адолатли ўтмоқда?

Бугун давлат корхоналарини хусусийлаштириш заруратини даврнинг ўзи тақазо этиб, хусусий секторга берилмоқда. Ҳаммаси жуда оддий туюлади: гўёки давлат мулклари адолатли ким ошди савдоси орқали сотилмоқда.

Аммо ҳақиқат шундаки, яқингача мамлакатимизда давлат мулкини «гўзаллик танлови»га ўхшайдиган танловда сотиш одат тусига кирганди — унда мансабдор шахслар мулкни сотиш ва ўтказиш, унинг эгаси ким бўлиши тўғрисида субъектив тарзда қарор қабул қилинарди. Давлат мулки ва суд қарорлари бўйича мусодара қилинган объектлар мулк қўмитасининг шаҳар(туман) филиаллари томонидан ўтказиладиган маҳаллий аукцион савдолари орқали сотиларди. Жойларда инсон омили аралашуви сабабли бу савдолар қонунни қўпол равишда бузган ҳолда ўтказилишини бир неча бор қайд этилган.

Масалан, бўлғуси эълонлар расмиятчилик учун адади 500 нусхадан ошмайдиган туман газетасида чоп этиларди. Савдолар ҳақида ҳам деярли ҳеч ким билмасди. Ташкилотчилар «бегоналар»ни қўймаслик учун (хорижий инвесторлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) турли «туйнук»лар топишарди. Шаҳар (туман) маъмуриятлари раҳбарларининг қарори бўйича ер участкалари жисмоний шахсларнинг мулкига мутлақо бепул ўтиши ҳам мумкин эди.

Суд қарори билан мусодара қилинган мулкни сотиш ишлари шаффоф бўлиши ва барча иштирокчилар учун тушунарли қоидалар асосида ўтказилиши учун 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»даги қарори асосида давлат томонидан «E-IJRO AUKSION» электрон савдолар онлайн-платформаси яратилди. Расмий онлайн-аукционда қатнашиш нимаси биландир лотереяни эслатади. Агар омад чопса, ҳаммаси хамирдан қил суғургандай ўтади ва харидор мулкнинг қонуний эгасига айланади.

Аммо харид барча талаб ва шартларга амал қилганига қарамасдан, мулкнинг олдинги эгалари савдолар якунларидан шикоят қилишлари ва унинг бекор қилишга эришишлари мумкин. Бу жойлардаги амалдорларнинг аралашуви билан, асосийси эса – суд қарори билан юз беради.

Республика миқёсидаги жанжал билан якунланган қатор савдолар бу тизимнинг ҳам номукаммал эканлигидан далолат бермоқда.

Таҳлилларга кўра, харидорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг тез-тез бузилиши натижасида кейинчалик харидорлар ўзлари сотиб олган мулкни муддатида ололмаяпти. Онлайн-савдолар натижаси, қонуний ғолибларнинг далилларига қарамасдан, кейинроқ турли инстанция судларининг қарорлари билан осонгина бекор қилиняпти; харидорлар кўрган зарар, сарфланган вақт компенсация қилинмаяпти. Ассаббузарлик ҳақида айтмай қўяверайлик.

Гарчи онлайн-аукционни яратиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида аукцион натижалари ҳақидаги баённома харид қилиш-сотиш шартномасининг кучига эга бўлиб, у мулкка қўйилган ҳибсни олиб ташлаш, уни аукцион ғолибига бериш, мулкни ғолибнинг номига рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш), унга бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар учун асос бўлиб хизмат қилади, дейилган бўлса-да, амалда доим шундай эмас. Мисол учун, электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш агентлиги маълумотига кўра, «E-IJRO AUKSION» савдоларининг якунларини судлар томонидан бекор қилиниш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда.

Айрим ҳолларда уларнинг ортида учинчи шахсларнинг яширин манфаатлари борлиги, улар олдин сотилган мулкни қайтаришдан манфаатдор экани ҳам бор гап.

Аукцион якунларини бекор қилиш ҳолатларидан ташқари, харидорлар ҳуқуқларининг тез-тез бузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. «E-IJRO AUKSION» майдончаси харидорга қоғоз ҳужжат – «Ютуқ ҳақида далолатнома»ни бериш билан чекланади. Ушбу ҳужжат харид қилиш-сотиш шартномасининг кучига эга, аммо у мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланмайди. Харидор томонидан «Ютуқ ҳақида далолатнома» олинишидан бошлаб, то мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва унга бўлган мулк ҳуқуқининг кучга киришигача ойлаб, баъзида эса йиллаб вақт ўтиши мумкин.

Юқоридаги муаммолардан кўринадики, жараёнда инсон омилини бекор қилишга қаратилган аукцион савдолари ҳам ҳали мукаммал эмас.  

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш