Турар жой билан таъминлаш қай аҳволда?

ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ

Турар жой билан таъминлаш қай аҳволда?

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни турар жойлар билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланган.

Мазкур қарорда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уйлардан ёки вақтинча фойдаланилмаётган, давлат мулки бўлган ётоқхоналардаги, уй-жойлардаги ҳамда кўп квартирали уйлардаги бўш турган квартиралардан берилиши белгиланган.

Қолаверса, Президентимизнинг 2019 йил 11 февралдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар (туман) ҳокимлари ана шундай болаларга ўз вақтида турар жойлар ажратилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш учун шахсий жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Кўриниб турибдики, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини турар жой билан таъминлаш тартибини белгиловчи қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилиниб, ушбу масалани ҳар тамонлама ва тўлиқ ҳал этиш тартибга солинган.

Бироқ, айрим вилоятларнинг мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси тўлиқ таъминланмасдан келмоқда. Олинган маълумотларга кўра, 2011-2019 йилларда республика бўйича жами 1019 та турар жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари бўлган. Шундан, 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 574 нафари ёки битирувчиларнинг 56,3 фоизи турар жой билан таъминланган, 445 нафар ёки 43,7 фоиз битирувчи эса бугунги кунда ҳам турар жойга муҳтож бўлиб турибди.

Мисол учун, турар жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари (Наманаган вилоятида 35 нафар, Сирдарё вилоятида 36 нафар, Андижон вилоятида 17 нафар, Навоий вилоятида 65 нафар, Самарқанд вилоятида 34 нафар, Қашқадарё вилоятида 7 нафар, Хоразм вилоятида 29 нафар, Жиззах вилоятида 5 нафар, Тошкент вилоятида 58 нафар, Тошкент шаҳрида эса 119 нафар) турар жой билан таъминланмасдан қолмоқда (Асос: Халқ таълими вазирлигининг 23.10.2020 йилдаги 06-06/2-3167-сонли хати).

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври давомида, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсаман)га турар жой берилмаганлиги ёки берилган турар жойлар уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги борасида 20 га яқин мурожаат келиб тушган.

Қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларга асосан, берилаётган турар жой бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлиши, белгиланган санитария меъёрларига ва техник меъёрларга, қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб бериши лозимлиги белгиланган. Бироқ кўп ҳолатларда ушбу норма таълаблари бузулиши кузатилмоқда.

Ачинарлиси, ҳар бир келиб тушган мурожаат юзасидан муаллиф истиқомат қилувчи туман (шаҳар) ҳокими билан ўтказилган суҳбатда турар жой билан таъминлаш учун маблағлар йўқлиги(етишмаслиги)ни важ қилиб келтирмоқда. Ваҳоланки, юқорида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 86-сон буйруғида ушбу масала ўзининг ечимини топган.

Шу билан бир қаторда, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари битирувчиларини турар жой билан таъминламаслик, ўз навбатида, бу тоифа шахслар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши, иш жой билан таъминланиши ва тиббий ёрдам олишида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Таклиф: етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини турар жой билан таъминлаш соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун:

1. Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан қуйидагиларни ўз ичига олган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш керак.

2. Президентимизнинг 2019 йил 11 февралдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Бош прокуратура томонидан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар ажратилишини мониторинг қилиб, бу соҳада қонунбузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал этиш лозим.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 02.08.2010 йилдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур.

4. Етим болалар ва ота она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга берилаётган уй жойларни ижтимоий нормага мослигини, ушбу турар жой яшаш учун барча СанПин қоида ва талабларига жавоб беришини назорат қилиш ва қабул қилишда бевосита жавобгар бўлган Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий вакилларидан ташкил топувчи махсус комиссия тузиш лозим.

Саттор РАҲМАТОВ,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибиятининг Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш