Кўплаб юртдошларимиз эмланишни исташмаяпти. Сабаб?

Кўплаб юртдошларимиз эмланишни исташмаяпти. Сабаб?

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар бўйича ўтказилган сўровда қатнашганларнинг кўп қисми эмланишни истамаслигини билдирган. Қайд этилишича, онлайн сўровда респондентларнинг 44 фоизи (8599 та овоз) «Эмланмайман» вариантини танлаган. Сабаб нима?

Сўров давомида айрим фойдаланувчиларнинг қолдирган изоҳ ва саволларидан билинадики, кўпчилик эмланиш жараёни ва унинг натижаларига оид етарли маълумотларга эга эмас. Албатта, янгилик қаршисида ҳар қандай одам ҳам иккиланиши табиий. Шу билан бирга, мутахассисларнинг фикрига кўра, бошқа сабаблар ҳам бор. Яъни одамлар COVID-19’га қайта чалинаётир.

Лекин нима учун эмланганларнинг соғлиғи тўғрисида маълумот йўқлиги, турли хилдаги вакциналарнинг одамларда ножўя таъсири қандай кечиши, эмлаш жараёнига қандай тайёргарлик кўриш кераклиги, эмланишдан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ва хавфлар тўғрисида батафсил маълумотни қаердан олиш мумкинлиги ҳақидаги саволлар очиқ турибди.

Қолаверса, у ёки бу вакцинани танлашда давлат органлари, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайси факторларни инобатга олган? Дастлабки тадқиқотлар ўтказилганми?

Ажаблантирадиган жиҳати, нега бу борада шу пайтгача тушунтириш, тарғибот ишлари амалга оширилмади? Ахир шу нарса бўлиши, одамларда иккиланишлар юзага келиши аниқ эди-ку. Энди эмланиш бошланган вақтда юртдошларимизнинг бу ҳақда қарор қабул қилишга тайёр бўлмаслиги уни оммавий тарзда ташкил этишга маълум даражада халақит беради. Чунки уларнинг муайян қисмида турли ахборотлар таъсирида ушбу тиббий тадбирга ишончсизлик шаклланган бўлиши мумкин.

Хуллас, тиббиётчиларимиз эмланиш жараёни билан боғлиқ барча маълумотларни жамоатчиликка етказиши ва нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини таъминлашлари зарур. Бошқача ҳолатда эса кўзланган мақсадга эришиш қийин кечади.

Тўлқин ШЕРНАЕВ. 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш