Раҳбарлар газета ўқимайдими ёки...

ФИКР

Раҳбарлар газета ўқимайдими ёки...

Кейинги пайтда оммавий ахборот воситаларида, жумладан, газеталарда кўплаб танқидий мақолалар чоп этилди. Аммо бу материалларга ҳамма вақт ҳам мутасадди вазирлик ва идора раҳбарлари томонидан етарлича муносабат билдирилмаяпти.

Эътиборсизлик натижасида кўтарилган мавзу тошга синган сувдек беиз кетмоқда. Шу вазиятда қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин. Аксарият масъуллар интернетда танқид берилса, тезда муносабат билдиришадию, газетадаги танқидга эътибор беришмайди.

Ваҳоланки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунларда ҳар бир танқидий мурожаатга вақтида жавоб қайтариш белгилаб қўйилган. Хўш, нега масъуллар босма нашрлардаги танқидий чиқишларга бунчалар беписанд бўлишмоқда?

Мисол учун, 2021 йилнинг ўтган уч ойини таҳлил қилганимизда, «Mahalla» газетасида шу кунгача 50 га яқин танқидий материал эълон қилинди. Шундан атига учтасига масъул ташкилотлардан жавоб келди, холос.

Жумладан, «Маҳалла раисига суиқасд қилинди» сарлавҳали мақолага Наманган вилоят ички ишлар ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, «Сифатли интернетни аҳоли хоҳлайдими...(ми?)» сарлавҳали мақолага Ахборотлаштириш вазирлиги муносабат билдирди. Қолган 48 та танқид объектлари мутасаддилари мақолаларга жавоб беришни ўзларига эп кўришмаган.

Масалан, газетада чоп этилган «Раис сўз сўрайди» рукнидаги туркум мақолаларда маҳалла фуқаролар йиғини раислари соҳадаги муаммолар билан бирга, таклифларини ҳам билдириб боришмоқда. Аммо Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу материалларга ҳеч қандай жавоб қайтармаган. Ёки «Нотўғри ташхисга кетган харажатларни ким қоплайди?» номли мақолада кўтарилган масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамон жим. «Талабалар қачонгача ётоқхонага етишолмайди?» сарлавҳали мақолага ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан ҳеч бир муносабат берилмади. Афсуски, бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Бу ҳолатга икки хил сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси, раҳбарлар ё газета ўқимайди ёки босма нашрлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас!

Яқинда содир бўлган воқеа юқоридаги тахминларнинг биринчиси тўғрилигини кўрсатди. Яъни, газетамизда чоп этилган мақолани орадан бир ой ўтгач, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизга ҳам жойладик. Қарангки, бир ой муносабатсиз қолган материалимиз телеграм каналида чоп этилган куниёқ эътиборга тушди.

Биз бу мақола орқали вазирлик ва идора раҳбарлари газета ўқиши шарт, деган фикрни илгари сурмоқчи эмасмиз. Албатта, ким нима ўқиши ўз хоҳиши. Аммо соҳага доир мавзудаги танқидий ёки таҳлилий фактларга ўз вақтида ва ҳуқуқий жавоб беришга мажбурлар. Зеро, бу ўша тизим ривожи учун хизмат қилади.

Нурилло ФАЙЗ

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш