Янги қонунга қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

 

НУҚТАИ НАЗАР

Янги қонунга қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

Маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган Қонун асосида ишламоқда. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида алоҳида тўхталиб, ушбу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини билдириб, уни тубдан янгилаш зарурлигини алоҳида қайд этган эди.

Шунга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ташаббуси билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Қисқа муддат ичида қонун лойиҳаси ва унга тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, эксперт ҳамда мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди.

Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган қонунчилик тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, 260 дан ортиқ қонун ҳамда 400 га яқин қонуности ҳужжатлари ўрганилди. Қонун лойиҳасининг матни, унинг концепцияси ва таққослаш жадвали ишлаб чиқилди, 20 дан ортиқ хорижий давлатларининг қонунчилиги ўрганилди ва таҳлил қилинди.

Янги қонун лойиҳаси 7 та боб ва 66 та моддадан иборат бўлиб, 40 дан ортиқ янги модда ва нормаларни ўзида акс эттиргани билан амалдаги 6 та боб, 27 та моддадан иборат қонундан фарқ қилади.

Амалдаги қонунда маҳаллий вакиллик ҳамда ижроия ҳокимияти билан боғлиқ нормалар умумлашган ҳолда баён этилган. Янги лойиҳада эса, ҳокимиятлар бўлиниши принциплари асосида халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда ҳокимлар билан боғлиқ моддалар алоҳида мустақил бобларда тизимлаштирилган. Халқ депутатлари Кенгаши назорати фаолияти ва шаклларининг ҳуқуқий асослари кучайтирилиб, у билан боғлиқ нормалар алоҳида боб билан белгиланмоқда.

Шунингдек, ушбу бобда «халқ депутатлари Кенгаши сўрови» институти алоҳида модда асосида киритилган. Қолаверса, ҳоким ўринбосарлари ва маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг ўз фаолияти юзасидан ҳисобот беришлари янги назорат шакли сифатида алоҳида модда билан киритилмоқда.

Халқ ноибларининг қайд этишича, лойиҳада қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижросини таъминлаш соҳасида Олий Мажлис билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилган. Эътиборлиси, халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг ўринбосари, ҳоким ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг вазифа ҳамда ваколатлари алоҳида моддалар билан илк маротаба белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига шунингдек, халқ депутатлари Кенгашининг давлат бошқарув органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ўз лавозимига лойиқлиги юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга таклиф киритиш, ҳудудий дастурлар ҳамда халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари бажарилишини назорат қилиш ва уларни бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритиш каби янги ваколатлари киритилган.

Депутатлар қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши халқ депутатлари кенгашларининг маҳаллий ижро этувчи органлар устидан назорати кучайтирилади, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали олиб боришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади. Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларининг тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро муносабатлари такомиллашади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий давлат ҳокимиятининг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтиради.

Р.Юсупов

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш