Токнинг узилиши тадбиркорни «хонумони»дан айиряптими?

МУАММО

Токнинг узилиши тадбиркорни «хонумони»дан айиряптими?

Тадбиркор эртаю-кеч меҳнат қилишга тайёр. Аммо барча ҳудудлардаги тадбиркорларни битта муаммо қийнайди. У ҳам бўлса, электр энергиясининг огоҳлантиришсиз тез-тез узилиб қолишидир. Чунки ҳамма иш электр токига бориб тақалади. Баъзида токнинг ўз вақтида берилмаслиги боис зарарига ишлашга мажбур бўлаётганларнинг борлиги ҳам рост. Бу ҳолатда тадбиркор қандай қилиб банкдан олган кредитларини ўз вақтида қайтариши мумкин? Ишчиларига қандай маош тўлайди? Муаммолар эса яна бошқаларини келтириб чиқараверади.

Мисол учун, электр токи тез-тез ўчиб қолиши туфайли Фурқат туманидаги «Темурбек тотли нонлари» оилавий корхонасининг печларидаги нонлар чала ярим пишгани боис сотувга чиқарилмагани (мингдан зиёд ноннинг уволига ким жавобгар?!), Асакадаги тикув цехлари чироқ йўқлиги боис ўз вақтида маҳсулотларни етказиб беролмаётгани, Марғилондаги кичик саноат зоналарида ҳам аҳвол бундан-да баттарлиги тўғрисида барча билиб бўлди. Энг ёмони, хориждан фалон сўмга келтирилаётган ишлаб чиқариш жиҳозлари чироқнинг тинмай ўчиб-ёниши туфайли ишдан чиқиб қолиши тадбиркор учун ўлганнинг устига тепгандек бўляпти. Имконини қилганлар алоҳида «двежок» қурилмасини ўрнатиб олишяпти. Аммо бу даҳмазанинг ҳам харажатлари катта. Уни ишлатиш учун бензин керак. Бу эса маҳсулот нархига таъсир қилмай қолмайди.

Яна бир масала. Ўзбекистонда тадбиркорларнинг электр таъминотига уланиши учун йиғим жорий этилиши кутилмоқда. Энергетика вазирлиги «Истеъмолчиларнинг электр тармоқларига уланиши бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Ҳужжат лойиҳасига кўра, тегишли регламент тасдиқланади ва 2021 йил 1 августдан бошлаб кучга киритилади. Истеъмолчиларни электр тармоқларига улашнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда, «Электр» дастурий таъминоти ҳамда Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Аммо ҳаммани бир савол қийнайди: электр токи ўчиб қолмаслигига кафолат берилармикан?

Нима қилиш керак? Электр таъминотидаги узилишлар бугуннинг гапи эмас. Бу йиллар давомида юз бераётган ҳодиса. Бунинг ортидан келиб чиқаётган муаммоларнинг туб моҳияти ҳам анча йилларга бориб тақалади. Тадбиркор бу ҳолатда қандай ишласин? Ҳеч бўлмаса, жадвал асосида электр токини узиб, бу хусусида тадбиркорлар огоҳлантирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бунга ҳеч бир тадбиркор қаршилик қилмаслиги (ҳарна ҳозирги ҳолатдан яхши-да) тайин. Тумандагилар узилиш сабабларини тепадагиларга ағдаришади. Тепадагилар эса ўзларини ҳеч нарсадан хабари йўқ кишидай тутишади. Тадбикор эса қайга бош уришни, кимнинг устидан арз қилишни ҳам билмай овораю сарсон. Шу боис чироқни огоҳлантириш билан ўчириб-ёқиш бугунги кунда энг яхши ечим бўла олади.

Нилуфар ЮНУСОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш