«Бор»идан фойдаланмай, «йўғ»и тўғрисида бош қотирсак...

АКС-САДО

«Бор»идан фойдаланмай, «йўғ»и тўғрисида бош қотирсак...

Сўнгги пайтларда яхши бир ташаббус илгари сурилди: жойларда ишсиз ёшларга 1 гектардан ер майдони ажратиб берилмоқда. Албатта, буни нотўғри талқин қилаётганлар ҳам топилади. Эмишки, давлат гўё шу йўл билан ишсизлик муаммосини буткул ҳал қилмоқчи. Ёки бўлмаса, айримлар буни ёшларни ўзига хос тарзда чалғитишдир, дея баҳоламоқда. Бизнингча, бундай асоссиз хаёлларга борилаётганда, бир қатор жиҳатларга эътибор берилса, фойдадан холи бўлмасди.

Жумладан, бозор иқтисоди шароитида ишсизлик муаммоси — тўлиқ ҳал этилиши ниҳоятда мураккаб бўлган энг ўткир муаммолардан бири. Бу муаммони тўлиқ ҳал қилишга эришган мамлакат курраи-заминда деярли йўқ. Шундай шароитда фермерлар ерларининг бир қисми ёшларга ажратилиб, шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилганининг нимаси ёмон? Ахир ёшларимизнинг катта қисми қишлоқ жойларида-ку! Шу атрофда етарли даражада самарали фойдаланилмаётган нима бор? Ер! «Бор»идан фойдаланмасдан, «йўғ»и тўғрисида бош қотирсак, қандай бўларкин?

Қолаверса, бозор иқтисодиётида ер – энг қимматли бойликлардан бири. Бу бойликка, гарчи вақтинча бўлса-да, ҳамма ҳам эга бўлавермайди. Шундай бебаҳо нарсани давлат ёшларимизга текинга беряпти. «Марҳамат, ишлат, фойдалан, даромад олгин, меҳнат қилиб, ўзингни ва оилангни боққин», демоқда. Ёшлардан фақат меҳнат қилиш талаб қилиняпти, холос. Албатта, ерга ишлов бериш, айниқса, ёзнинг жазирамасида унга «кетмон уриш» – осон эмас. Лекин қайси меҳнат – осон? Фароғатли натижага эришиш ҳар қандай жойда ҳам машаққатли меҳнат қилишни тақозо этади. Ҳалол бойишнинг бошқа йўли ҳали ўйлаб топилмаган.

Шунингдек, она юртимизда, киндик қонимиз тўкилган жойда ерга эга бўлиш орқали иш билан банд бўлишнинг афзалликлари кўп. Ота-онамиз, оиламиз, фарзандларимиз, ёру биродарларимиз — ёнимизда. Хурсандчилигу, қайғули кунларга шерик бўлиш... имконияти бор. Пулга чақайлик-чи, уларнинг нархи қанча бўларкин? Ё бўлмаса, орамизда ердан фойдаланиб, рисоладек яшаётганлар камми? Ер уларни боқмаяптими? Бошқа «майда-чуйда нарсалар»га (шоҳона ёки шинамгина уй, қўша-қўша замонавий автомобиллар ва ҳ.к.) эга бўлганлар у ёқда турсин, ҳатто улар орасида Қаҳрамонлар ҳам талайгина-ку? Барчасининг негизида ерга эга бўлиб, ундан самарали фойдаланиш ётмаяптими?!

Хуллас, ер олдимизда турибди. Ундан фойдаланиш борасидаги қийинчиликлардан қўрқиб, турли-туман баҳоналарни («бу йўл билан ёшларни иш билан банд қилиш муаммосини ҳал қилиш тўғри эмас» ёки «бу ёшларни чалғитишдир»... кабиларни) ўйлаб топмаяпмизми? Ота-бобомиздан қолган «Ер инсонни боқади» деган аксиома бугунги кунда исбот талаб қилиб қолдими? Аксинча, бу «Олдингдан оққан сувнинг – қадри йўқ»нинг яна бир бора исботи эмасми?..

Содиқ АБДУРАСУЛОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш