Импорт чекловининг олиб ташланиши нархларга таъсир кўрсатадими?

ДОЛЗАРБ МАВЗУ

Импорт чекловининг олиб ташланиши нархларга таъсир кўрсатадими?

Ўзбекистон 2021 йил 19 мартдан бошлаб, Қозоғистондан гўшт ва сут маҳсулотларини олиб кириш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди. Бизникилар эса доимгидек жим. Хўш, импорт чекланган даврда нималар кузатилди? Бу ҳолат гўшт нархига қанчалик таъсир кўрсатди?

Аввалроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан гўшт нархининг ошишига сабаб бўлган омиллардан биттаси — айнан Қозоғистондан чорва молларининг олиб келиниши (импорти) ўтган йилга қараганда кескин камайиб кетгани билан боғлиқ. Масалан, 2020 йилнинг саккиз ойи давомида мамлакатга 25 минг бош йирик ва 12,5 минг бош майда қорамол импорт қилинган бўлса, 2019 йилнинг мос даврида  мазкур кўрсаткичлар 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган. Дарҳақиқат, бир мамлакатдан чорва моллари харидининг 1-2 эмас, 10 баробардан кўпроқ қисқариши гўшт нархининг ошишига таъсири қилиши кундек равшан, албатта.

Ўзаро муҳокамаларда олдинги йилларда гўшт нархи туширилиши ваъда қилингани айтиб ўтилди. Бироқ бир бозор қонуниятларига назар соладиган бўлсак, давлат бош ислоҳотчи сифатида нарх-навонинг барқарор бўлишига ўз муносабатини билдириши керакдир, лекин бу каби масалаларни маъмурий йўллар билан ечиб бўлмайди. Турли маъмурий йўлларни қўллаш оқибатида бозорда тескари таъсир пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда ўз вақтида Марказий банк раиси ҳам нархнинг маъмурий йўллар билан туширилиши хато эканини алоҳида таъкидлаб ўтганди.

Ҳукумат томонидан гўшт нархининг белгилаб берилиши вақтинчалик сотиб олувчиларни қувонтирса-да, узоққа бормасдан сифат тушиши, суякли гўштлар пайдо бўлиши, гўшт сотувчиларнинг камайиши ва бошқа салбий оқибатларга олиб келиши кўп бора исботланган. Бугунги кунда нархнинг ошишини муҳокама қилиш, айбдорни топиш осонга ўхшаб кўринади, аммо тўлиқ таҳлил қилиб, масаланинг ечимига қаратилган асосли таклифлар бериш анча мушкул. Мисол учун, бозордаги гўшт сотувчидан нега нархлар қиммат, деб сўрасангиз, у қассобларни кўрсатади, қассобдан сўрасангиз, мол сотувчини, мол сотувчи эса ем-хашак етиштирувчини, улар, ўз навбатида, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ жараённинг узоқлиги ва харажатларнинг катталиги (ер ижараси, уруғлик, ерни ишлаш, экиш, етиштириш, йиғиб олиш...) каби асосларни келтирадики, беихтиёр нархнинг табиий шаклланаётганига ишонишга мажбур бўласиз.

Умуман олганда, гўшт импортига чекловнинг бекор қилингани қисқа фурсатларда нархларга таъсир кўрсатиш-кўрсатмаслиги номаълум. Бироқ шуниси аниқки, ички эҳтиёжларни қондириш имконияти мавжум бўлмаган вазиятда ҳосил бўлган бўшлиқ айнан импорт орқали тўлдирилмас экан, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имкони бўлмайди. Кутамиз...

Салоҳиддин ҚАРШИЕВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш