«Ижтимоий ижара»дан нимани кутяпмиз?

ТАҲЛИЛ

«Ижтимоий ижара»дан нимани кутяпмиз?

Кейинги йилларда йирик шаҳарларда салкам 30 йил давомида тўхтаб қолган тураржой биноларини қуриш ишлари кескин жадаллашди. Бирор шаҳар йўқки, кўп қаватли уй-жойлар қурилмаётган бўлса. Аммо негадир бу нархларга деярли таъсир ўтказаётгани йўқ. Масалан, пойтахтнинг чеккароғидан икки хонали квартира ҳолатига қараб, ҳамон 20-25 минг, ҳатто 30 минг АҚШ долларига баҳоланади. Вилоят марказларида ҳам деярли шу аҳвол. Қарши, Самарқанд, Фарғона, Андижон каби шаҳарларда 20-30 минг долларсиз уйли бўлиш қийин.

Ёдингизда бўлса, уй-жой ислоҳотлари бошланмасдан илгари ҳам нархлар деярли юқоридаги каби эди. Менимча, ислоҳотлардан эришганимиз айнан шу. Қийматнинг барқарор сақлангани бўлди. Қурилишлар 5-6 йил олдингидек темпда давом этганида, ҳозир биз Тошкентда ўртача 60-70 минг долларлик квартира нархлари билан тўқнашар эдик. Яхшики, турли кредитлар, давлат дастурлари асосида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурлари ишлаб турибди. Бу қурилишларни молиялаштириш ва давомийлигини таъминлаш, аҳолига қулайликлар яратишга бирдек асқатмоқда.

Албатта, кредитлаш тизими хали мукаммал, камчиликлардан холи, деб бўлмайди. Аммо ҳар ҳолда йўқдан кўра бори яхши. Аксинча бўлганида, уй-жой муаммоси жамиятда, айниқса, йирик шаҳарларда кескин вазиятларни келтириб чиқариши тайин эди. Шунга қарамай, барибир муаммо ҳамон долзарблигича қоляпти. Зеро, юқори доираларда «ижтимоий ижара» масалаларининг кўтарилаётганининг ўзи аҳолининг харид қобилияти пастлиги билан боғлиқ. Яъни айрим тоифадаги одамлар банклар таклиф қилаётган кредитларни харид қила олмайди.

«Ижтимоий ижара» ўзи нима? Аслида, бу биз учун янгилик эмас. Яқиндагина — собиқ совет тузуми даврида бутун бир шаҳарлар ана шундай ижара асосида ҳаёт кечирар эди. Завод, фабрика, олий ўқув даргоҳлари, турли ташкилотлар, айрим дастурларга асосан, давлатнинг ўзи кўп қаватли уйлар бунёд этган. «Ордер» асосида уйларни тарқатган. Уйни олган фуқаро ўз-ўзидан ижара ҳақига ўхшаш тўловларни тўлаб борар эди. Фақат бу тўловлар, асосан, даромад олиш учун эмас, уй-жойни сақлаб туриш, атрофни ободонлаштиришга сарфланган. Хозир бизга тақдим қилинаётган «ижтимоий ижара» тўғрисидаги таклифлар айнан ўша нарсаларнинг даромад олишга мўлжалланган шакли.   

Хуллас, бизга нима таклиф қилишяпти? Таниқли иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, «Миллий-социал камчиликлар бор ва эҳтиёжманд қатлам шундай уй-жой билан таъминланади. Ҳеч ким унга мулкчилик ҳуқуқини бермайди. Бизнинг қурилиш бозоримизда, асосан, уй-жойни қуриб, сўнгра сотиш билан шуғулланилган бўлса, ҳозир уй-жойларга эгалик қилиш ва буни ижарага бериш орқали даромадини шакллантириш ҳам пайдо бўлиши керак.

Узоқ йиллар давомида бозор сезувчан эди, ижара нархлари ўзгармай келди. Сабабларидан бири — урбанизациянинг йўқлиги эди. Охирги бир йилда, айниқса, каратиндан кейин ойма-ой ижара нархлари ўсиши уй-жой нархлари ўсишидан кўра юқорилаб кетмоқда. Бу ўз-ўзидан уй-жой билан шуғулланадиган компанияларга уларни қуришдан кўра, ижара билан шуғулланиш кўпроқ фойда бериши мумкин, деган сигнал бермоқда.

Давлатнинг тўғри қилаётган иши шуки, бунга биринчи турткини беряпти, давлат йўл очиб беряпти. Умид қиламизки, социал ижара ортидан ижара бизнеси билан шуғулланадиган компаниялар бозорда пайдо бўлади».

Очиғини айтганда, биз бошқа нарса кутаётгандик. «Ижтимоий ижара» ўз номи билан даромад олишга йўналтирилмаслиги лозим. Бу айнан кам таъминланган аҳоли қатлами учун мўлжалланади. Уларнинг ҳам зарур шароитларда яшашлари таъминланади. Фақат мулк ҳуқуқи вужудга келмайди, холос. Давлат ўзи бундай уйларни қуриб, аҳолига тарқатади. Бу бошқа ижара берувчилар белгилаётган нархларга ҳам кескин таъсир кўрсатиб, ижара бозорида барқарорликни вужудга келтиради. Юқоридаги мавзуда гаплар бошланганида аҳоли айнан шуни кутган эди.

Улуғбек ИБОДИНОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш