Ижтимоий тармоқларни тартибга солиш таклиф этилди

ФИКР

Ижтимоий тармоқларни тартибга солиш таклиф этилди

Бугун нима кўп, ижтимоий тармоқ кўп. Биридан иккинчисига ўтиб, янгиликлар лентасию танишларнинг саҳифасини кўриб чиқишингизнинг ўзига бир кун вақт кетади. Шу билан на ишингиз унади, на бирон китоб ўқийсиз.

Фойдаланувчи вертуал дунёда дўстлар орттиради, фикрдошу дардкаш, баъзида ўз жуфтини ҳам топиб кетаверади. Эътиборлиси, бугун бу ҳеч кимни таажжуб ва ҳайратга солмайди. Технологиялар асрида бу нормал ҳолат, аслида.

Аммо ижтимоий тармоқлар бу реал ҳаёт эмас. У инсонни дам олдириши, узоғини яқин қилиши, хат-ҳужжат алмашинувида қулайлик туғдириши керак. Бугун фейсбук, инстаграм, телеграмда билдирилган фикрлар, қўйилган постлар муҳокамаларга сабаб бўляпти. Жамоатчиликда фикр уйғотяпти, бу яхши, албатта.

Бироқ ҳар яхшининг бир ёмони бор деганларидек, ёмон иллатлар ҳам шу воситалар орқали оммалашяпти. Тармоқлардан мақсадли ва мақсадсиз фойдаланаётган икки авлод шаклланди. Медиасаводхонлик ҳақида қанча гапирилмасин ҳали бирон жўяли иш ҳам қилинмади. Аслида бу соҳа бўйича бизда профессионалларнинг ўзи деярли йўқ. Лекин чора кўрилмаса, эртага ўзига-ўзи жавоб бера олмайдиган қатлам юзага келиши ҳам ҳеч гап эмас.

Қарангки, Қозоғистон Парламентида ижтимоий тармоқларни тартибга солиш таклиф қилинибди. Пандемия шароитида ғоявий вируслар ҳам тарқамоқда. Ёлғон ахборот ушбу вирусни шу заҳоти ижтимоий тармоқлар орқали оммалаштиряпти. Шунинг учун, биз ижтимоий тармоқлар тўғрисида қонун қабул қилишимиз керак, деган фикрни билдирган депутатлар.

Унда қандай нормалар назарда тутилиши буниси бизга қоронғу. Муҳими, қўшниларимиз уларнинг хавфини кўряпти, кун келиб оқибатлар билан эмас, бугун сабаблар билан курашишга бел боғлашган. Бизда қачон бу борада бош қотирилади? Амалда бўлган, ўзгартиришлар киритилаётган қонунларимизнинг айрим моддаларида ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатларни тартибга солувчи нормалар бор. Аммо бу билан ижтимоий тармоқларнинг чегарасиз ҳудудини тартибга солиб бўлмайди. Олдиндан айтиб қўяй, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш амалиёти эса ўзини ҳеч қачон оқламайди. Фақат фойдаланувчиларда қайси қора, қайси оқ эканини эслатувчи тизим яратилса, кифоя.

Садоқат МАХСУМОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш