«Сity» номларининг кўпайиши ўзбек тилига ҳурматсизлик эмасми?

ФИКР

«Сity» номларининг кўпайиши ўзбек тилига ҳурматсизлик эмасми?

“Сity” атамаси луғатимизга кириб келганига кўп бўлгани йўқ. Аммо бу сўз тезда тилимизга сингиб кетди. “Сity” деганда, биз янгича услубда қурилаётган осмонўпар бинолар ансамбли, атрофда боғлар ва қулай инфратузилмани тушуняпмиз. Аслида эса, инглиз тилида “Сity” — “катта шаҳар” ёки “қаъла” деган маъноларни англатади. Сўзнинг асл маъноси-ку, майли, ҳар қандай сўз вақтлар ўтиши билан турли талқинларда ишлатилиши, ифодалаётган ҳодисаси ўзгариб бориши мумкин. Аммо қураётган комплексларга шу сўзни тиқиштиришимиз шартмикан?

Илгари йирик шаҳарлар таркибида “шаҳарча” — “городок” деган тушунча бўларди. Бу инглиз тилида “town” сўзига тўғри келса керак. Масалан, Тошкентда “Тиббиётчилар шаҳарчаси”, “Авиасозлар шаҳарчаси”, “Ишчилар шаҳарчаси” ва ҳоказолар бор эди. Ўша ҳудудлар халқ тилида ҳамон аввалгидек аталади. Бу тажриба мутахассисларнинг иш жойларига яқин бўлиши, ўзига хос инфратузулма, ишчан муҳитни яратиш учун амалга оширилган. Бу ҳам аслида янгилик эмас. Қадим-қадимдан шаҳарларда маълум касб эгаларигина яшайдиган маҳаллалар бўлган. Масалан, сандиқчилар, темирчилар, қўнчилар, заргарлар маҳаллалари ва ҳоказо. Аммо хусусийлаштириш даврларида уйлар қўлдан-қўлга ўтиб, шаҳарчалар ўз моҳиятини йўқотди. «Сity»ларга ҳам шунга ўхшаш бир лойиҳа сифатида баҳо бериш мумкин. Фақат бу жойларда энди маълум мутахассислар гуруҳи эмас, маълум даражада пул орттирганлар тўпланади.

Бу ўринда, «Сity» сўзининг ўзбекча шаклидан фойдаланилса нима бўлади, деган савол туғилади. Масалан “Tashkent city” “Olmazor city” дегандан кўра, бирор ўзбекча ном топилса. “Akay city” деганини-ку, таржима қилишга ҳам қийналасан киши. Чунки «Akay» дегани туркча бўлиб, “оқ ой” дегани.   Бу сўз қўшилмаси қадимги турк ва инглиз тилларининг чатишмасидан ҳосил бўлган. Шу ўринда мазкур ном ҳақида яна бир фикрим бор. Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг дунёдаги энг машҳур шаҳарлар номини яхши ниятда юртимиздаги қишлоқларга қўйиш одати бўлган. Шу йўсинда Фориж, Бағдод қишлоқлари вужудга келиб, катта туманларга айланиб кетди. Аммо биз бугун қураётган “Akay city”миз қўшнимиз Қозоғистондаги бир қишлоқнинг номи эканига нима дейсиз? Яҳши ниятларда қурилаётган бу мажмуага бошқа ном қуриб кетганмиди?

Яна бир мажмуа эса негадир «London» деб аталади. Ҳақиқий Лондон шаҳри маркази «London сity» деб номлангани боис биздагисига “сity”ни қўшишмаган, чоғи. Аммо Британиядаги «London сity» шаҳарнинг тарихий марказидир. Ҳудуд илгаридан шаҳарнинг арки бўлиб келган. Худди шундай, «Alfraganus» — пойтахтда буюк бобокалонимиз ал-Фарғоний шарафига қурилаётган мажмуа. Аммо нега бобомизнинг европача бузиб талаффуз қилинадиган тахаллусидан фойдаланилганига ақлинг етмайди.   

Энди янада ғалатироқ масалаларга ўтамиз. Пойтахтимизда “Minerva сity” деб номланган бошқа бир комплекс ҳам бор. Албатта, жарангдор ном. Аммо бу нима дегани? Минерва — қадимий Рим санамларидан биридир. Римликлар бу илоҳа шарафига бағишланган байрам — Квинкватрида катта гладиаторлик ўйинлари ташкиллаштириб, одамларни қурбонлиқ қилишган. Рим шаҳри марказида Минерва ибодатхонаси бўлиб, “Минервага бормоқ” дегани маъжусий санамга ибодат қилишга боришни англатган. Яқинда — бу комплекс битганидан сўнг биз ҳам шу сўз бирикмасини ишлата бошлаймиз...

“Dream сity” — Орзулар шаҳри дегани. Чиройли ном. Хўп, шуни “Орзулар шаҳри” деб қўя қолсак, асакамиз кетадими? Ёки ўзбекчаси хунук жаранглайдими?

Бу гапларни нимага айтяпман. Кейинги пайтларда “бренд” учун инглизча сўзлардан фойдаланиш урфга кирди. Балки қурувчи компаниялар шундай номланса, савдо юришади, деб ҳисоблашар. Аммо тилимиз шусиз ҳам бошқа тиллар экспанциясидан анча жабр кўрган. Масалан, илгарироқ газетамизда бозордаги сотувчи маҳсулоти тепасига «Вышие сорт чеснок бор», деб эълон осгани тўғрисида ёзгандик. Бутун бир жумлада фақат “бор” деган ўзбекча сўз ишлатилган. Энди ўзбек тилини ҳимоялаш тўғрисида қатор қарору фармонлар чиқариб, уни бир тил хуружидан бошқасига топшириш мантиқдан бўлмаса керак. Қани бу ерда “Давлат тил ҳақида”ги қонунга ҳурмат? Ачинарлиси, бу ишлар расмий равишда амалга оширилмоқда. Яъни барча расмий ҳужжатларда ҳам инглизча атамалар ишлатиляпти. Бундан ташқари, “city”га айланган деярли барча жойларнинг ўзининг миллий тарихий номлари бор. Масалан, “Tashkent city” қадимги “Ўқчи” маҳалласи ўрнида барпо этилди. Маҳалла аҳолиси Қўқон араваси ўқини ясаш билан шуғулланиб келгани учун шу номни олганди. Жилла қурса, шулардан фойдалангани маъқул эмасмиди?

Бундан ташқари, “city” сўзининг ўзбекча муқобиллари ҳам йўқ эмас. Масалан, “Шаҳристон”, “арк” тушунчалари шунга мос келса керак. “Tashkent city” ўрнига “Ўқчи арки” ёки “Ўқчи шаҳристони”, “Олмазор шаҳристони”, “Наманган арки” каби ибораларни ишлатсак ҳам бўлади.

Шу ўринда 20 йиллар илгари “Фарғона ҳақиқати” газетасида босилган марҳум халқ шоири Охунжон Ҳакимовнинг “Алишерка ким?” сарлавҳали мақоласи ёдимга тушди. Шоир Фарғона шаҳри марказидаги Алишер Навоий номидаги кинотеатрни ёшлар “Алишерка”, деб аташларини танқид қилганди. Бу буюк бобокалонимизга нисбатан ҳурматсизлик эканини қаттиқ куюниб ёзган эди. Буни-ку, ёшларнинг ўзига хос эркалиги, деб баҳолашимиз мумкиндир. Аммо бугун биз тарихий жойларимиз номини битта қурилиш баҳонаси билан маъжусий санамлар номига расмий равишда алмаштиряпмиз.

Тўғри, “city”лар қуриш бутун собиқ иттифоқ давлатларида урфга кирди. “Москва Сити”, «Грозный-Сити» ва ҳоказо. Аммо кимдир томдан ташласа, бу биз ҳам ташлашимиз керак, дегани эмас. Осмонўпар бинолар янги Ўзбекистоннинг рамзларидан биридир. Рамзларнинг номи эса миллий бўлгани маъқул.

Хўш, тилимизнинг ҳимояси билан шуғулланиши лозим бўлган ташкилотлар — Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбек тили ва адабиёти университети, барча вазир, йирик амалдорларнинг тил бўйича маслаҳатчилари, кирилл ёки лотин алифбоси бўйича тинмай чиқишлар қилаётган олиму фозиллар нега бу масалага эътибор қаратишмаяптми? Кўришмаяптими, билишмаяптими? Жуда яхши кўриб туришибди, билиб туришибди. Аммо мум тишлашган. Нега?.. Нега ҳуқуқ органлари ўзбек тили ҳимоясига бағишланган ҳужжатлар талабини таъминлашга шошилмаяпти? Ахир, тарихий жойларимиз номини қанақадир тушунарсиз атамалар билан алмаштириб ташлаш, ал-Фарғонийдек боболаримиз номининг бузилган талаффузидан фойдаланиш тарихимизга тўғридан-тўғри хуруж эмасми?  

Улуғбек ИБОДИНОВ.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш