Қоидабузарлик ҳар хил, аммо жазо бир хил ва енгил. Нега?

МУАММО ВА ТАКЛИФ

Қоидабузарлик ҳар хил, аммо жазо бир хил ва енгил. Нега?

Шу йил 6 апрел куни Наманган шаҳар Уйчи кўчаси 15-мактаб яқинида «Ласети» русумли давлат рақами 50 L 200 MA бўлган автомашина шофёри светафорни қизил чироғида ўтиб, ҳаракати давомида пиёдалар ҳаётини хавфга қўйди. Тезкорлик билан унга чора кўрилиб, базавий ҳисоблашнинг 10 баробари миқдорида жаримага тортилди. 

Бу жазо бир қарашда адолатли. Ҳаммаси қунун асосида ҳал этилди. Аммо..

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, автоавариялар ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг ҳуқуқий савияси пастлиги, йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги, шунингдек, менсимасликлари, ҳуқуқбузарларга қўлланиладиган жазо чораларининг таъсирчан эмаслиги, кўп ҳолларда жазоларнинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мос келмаслиги, жазо чораларини қўллаш механизмининг мавжудмаслиги билан боғлиқ. Биринчи навбатда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексининг транспорт соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар учун кўзда тутилган жавобгарлик чоралари таъсирчанлиги ҳамда самарадорлигини ошириш, уларни содир этилган хатти-ҳаракатнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқлаштириш лозим. Жумладан, юқоридаги вазиятда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра транспорт воситалари ҳайдовчилари светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтгани учун базавий ҳисоблаш миқдори асосида жаримага тортилади.

Масаланинг нозик томони шундаки, светофорнинг тақиқловчи чироғида ўтиш деганда хавфлилик даражаси бир-биридан кескин фарқ қилувчи бир неча ҳуқуқбузарлик тушунилади. Масалан, ҳайдовчи светофорга яқинлашганда кўк чироқ ўчиб, сариқ чироқ порлай бошлади. Ҳайдовчи чорраҳага қисман кириб қўйди (тақиқловчи чизиқни босиб ўтди). Иккинчи ҳолатда сариқ чироқда чорраҳага кириб борди ва уни кесиб ўтгунча қизил чироқ ёнди. Учинчи ҳолатда қизил чироқда тўхтаб туриб, икки ён тарафдаги йўлда транспорт воситаси йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, светофорнинг қизил чироғида йўлни кесиб ўтди. Тўртинчи ҳолатда ҳайдовчи қасддан совуққонлик билан катта тезликда светофорнинг қизил чироғини кесиб ўтиб кетди, дейлик. Амалдаги қонунчиликка асосан ҳар тўрттала ҳайдовчи бир хилда — базавий ҳисоблаш миқдорига кўра жазоланади. Бизнингча, ҳар бир ҳолат учун алоҳида жазо белгилаш лозим. Айниқса, тўртинчи ҳолатда ҳайдовчининг қилмиши ўта хавфли, у йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, пиёдалар ҳаётига хавф солиши билан бирга қонунларга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик кўрсатиб, қасддан уни бузмоқда. Шу сабабли бундай ҳуқуқбузарлик учун жазони қатъийроқ қилинса, адолатли бўларди.

Шундай амалиётни транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқарганлик учун ҳам белгилаш мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисмига биноан ҳайдовчилар транспорт воситаларини алкоголли ичимлик, гиёҳванд моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарганлик учун мастликнинг даражасидан қатъи назар бир хилда — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этиш билан жазоланади. Амалиётда бир шиша пиво ичган ҳайдовчи ҳам, транспортни оёқда туролмайдиган даражада маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчи ҳам бир хил жазога тортилади. Бизнингча, мастликнинг енгил даражаси учун маъмурий жазони муайян даражада енгиллаштирган, мастликнинг ўртача даражаси учун амалдаги жазо чорасини сақлаб қолган ҳолда мастликнинг оғир даражаси учун жазони кескин ошириш лозим. Негаки, оғир даражадаги мастлик ҳолатида бўлган ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.

 

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш