Узатмасанг ишга кира олмайсан...

ОҒРИҚ

Узатмасанг ишга кира олмайсан...

Куни кеча Андижон вилоятида бир фуқаро халқ таълими тизимида юқори лавозимда ишлайдиган «акахон»лари орқали аттестациядан ўтказиш, икки нафар танишини мактаб директорлиги, дугонасини мактаб директори ўринбосари лавозимига тайинлаш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Эвазига 8400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фирибгар 8400 АҚШ долларининг бир қисмини Андижон шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғига беришини маълум қилгач, унинг кўрсатмаларига асосан, тадбир давом эттирилади. Қарангки, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи юқоридаги масалаларни ижобий ҳал қилиш эвазига 900 АҚШ долларини пора тариқасида олаётганда ушланади.

Яна бир ҳолат. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-шаҳар шифохонаси кадрлар бўлими инспектори 200 АҚШ доллари ва 3 миллион сўмни пора сифатида олаётганида қўлга тушди.

Ишга жойлашиш масаласида ким билан гаплашманг, аксарияти узатмасанг ишга жойлаша олмаслигингни айтади. Тиббиёт муассасаларига оддий ҳамшира бўлиб ишга кириш учун 300 – 500 АҚШ доллари бериш кераклиги ҳеч кимга сир эмас. Мактабгача таълим тизимида, мактабда ҳам шу аҳвол.

Янги ўқув йили арафасида дарс соатлари бўлинаётганда ишли бўлишни кўзлаган муаллим, бир олам орзулар билан қўлига дипломни олган мутахассис қуруқ қўл билан борса, қуруқ қайтиши аниқ.

Умуман, «Узатмасанг, ишга киролмайсан», «Тил топишмасанг, бирон соҳада ишинг битмайди», қабилидаги гапларни кўп эшитамиз. Ҳатто одатий ҳолдек бунга кўникиб ҳам кетганмиз.

Бундай иллатлар одатга айланиб, қон-қонимизга сингиб кетаётган экан, унда коррупцияга қарши курашиш чораларини ўзгартириш керак. Эҳтимол жуда оширворгандирмиз, аммо шуниси аниқки, биз майда «балиқлар»ни овлаш билан оворамиз. КИТлар эса, юҳога айланиб боряпти.

Исроил ЮСУПОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш