Аҳоли «қўйлар юриши»ни қилишга нега мажбур бўлди?

ҲОЛАТ

Аҳоли «қўйлар юриши»ни қилишга нега мажбур бўлди?

Ҳамма кўрди, ҳамма эшитди: куни кеча Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига минг бошдан зиёд қўй ҳайдаб келингани ҳақидаги видео тарқалди. Маълум бўлишича, ҳудуддаги кластер ва фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, шартномада 1450 бош майда шохли молларни боқиш кўрсатилган бўлса-да, амалда бу ерда 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилгани «Қиличли» маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган.

Ўрганишлар натижасида кластер ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди. Яйловлар эса тегишли тартибда, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун ажратилиши таъкидланди. Шунингдек, туман ҳокимининг тегишли қарори бекор қилиниб, яйлов ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтарилди.

Албатта, бу ўринда кимдир «қўйлар ҳам муаммоларни ҳал қилаётгани»ни таъкидласа, кимдир норозиликнинг бундай «инновацион» усулини таҳлил қилган. Хўш, нега масала шу даражагача етиб келди? Қўйларни туман кўчалари бўйлаб айлантириш тўғримиди? Масъуллар нима учун ўз вақтида бунга эътибор бермади?

Ер ажратиш билан боғлиқ бу каби ҳолатлар кеча ё бугун пайдо бўлиб қолмаган. Неча йиллардан буён бу масала долзарблигини йўқотмай келмоқда. Ҳатто шундай вақтлар бўлдики, фермерлар ўз ерларини олди-ортига қарамай сотди. Ҳокимлар томонидан охири ўйланмаган кўплаб мунозарали қарорлар қабул қилинди. Ҳатто уларнинг айримлари суд қарорлари билан бекор ҳам қилинди. Зеро, улар ё билимсизлик ёки коррупциянинг асоси бўлган. Бироқ жараён ҳали-ҳануз ўз изига тушиб кетгани йўқ.

Нега? Чунки ер ажратиш ваколати ҳокимлардан олиниб, маҳаллий Кенгашлар ихтиёрига берилди. Бироқ бунда тартиб ўзгаргани билан моҳият ўша-ўша: ҳоким қайсидир ер майдонини кимгадир бериш учун тегишли қарор лойиҳасини депутатларга тақдим этади. Одатда бундай қарорлар қайтарилган ҳолатлар амалда кузатилмайди. Зеро, маҳаллий Кенгашга ҳокимлар раислик қилар экан, қайси депутат унинг қарорига қарши чиқишга ботинади? Ачинарлиси, айрим ҳолларда одамлар эшикма-эшик, йиллаб сарсон-саргардон юравермайдими, уларга қизиғи бўлмайди. Улар учун муҳими, «керакли» қарорнинг қабул қилинишидир. Табиийки, бу қарорларнинг кейинчалик келтириб чиқарадиган ғавғолари кўпинча ўйлаб кўрилмайди.

Яна бир гап: аҳоли «қўйлар юриши»ни қилишга нега мажбур бўлди? Сабаби аён, уларни эшитадиган мард топилмади. Фуқаролар мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаганини айтмоқда. Бироқ ҳеч ким бунга жиддий эътибор бермаган. Аслида эса, бундай муаммоларни ўрганиш учун Халқ қабулхоналари тизими ҳам яратилган. У нафақат мурожаатларни қабул қилиб, турли идораларга юборадиган, балки аҳоли кўтараётган муаммоларни тизимлаштириб, таҳлил қиладиган, аҳолининг кайфиятини ўрганиб, раҳбариятни хабардор қиладиган, керак бўлса, ўша муаммоларга тизимли ечим таклиф қиладиган ижтимоий институт бўлиши керак. Бироқ...

Ўйланмай чиқарилган қарорлар, бугун қабул қилиб, эртага бекор қилинаётган ҳужжатлар қайси мантиққа тўғри келади? Давлатимиз раҳбари барча даражадаги мансабдорларга одамлар дардига қулоқ тутиш орқали уларнинг муаммоларини ҳал этишга даъват этаётган бир пайтда қаердадир муаммо газак олиб, халқ кўчага чиқиб кўз ёшини оқизаётгани адолатданми? Юқоридаги ҳолатда ҳоким қарори бекор қилингани айтилди, хўш, энди унга нисбатан қандайдир чора кўриладими? Қачонгача нотўғри қарор қабул қилганлар жазодан қутилиб қоладию, ҳамма калтак жабрдийдалар бошида синаверади?

Тўғри, сўнгги пайтларда ер ажратиш, сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан кўпгина мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди. Бироқ эътибор берилса, уларнинг аксарияти кадастр, ҳокимлик масъул ходимлари, нари борса, бир-иккита ҳоким ўринбосарларидир. Аслида эса, туман ҳокимининг изнисиз ҳеч ким бир қарич ерга ҳам эгалик қила олмайди. Бундан чиқадики, уларнинг кўпчилиги қонунбузарликларга панжа орасидан қараб, томошабин бўлган. Бироқ ҳеч бири жавобгарликка тортилмаган.

Ноқонуний қарор чиқарган, бу қарори билан кимларнидир азият чекишга мажбур қилаётган ҳокимлар нега сувдан қуруқ чиқаверади? Ҳокимлар ноқонуний қарорлари учун қонун олдида, халқ олдида жавоб бермайдими?

Содиқ АБДУРАСУЛОВ,

журналист.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш