Раиснинг бир ўзи ҳеч нарсага эриша олмайди

РАИС СЎЗ СЎРАЙДИ

Раиснинг бир ўзи ҳеч нарсага эриша олмайди

Маҳалламиз туман марказида жойлашган. Йиғинга етти йилдан буён раислик қиламан. Ҳудудимизда «Tayloq city» барпо этилмоқда. Ҳозирда бешта 11 қаватли уй қуриб битказилди. Асосийси, канализация қувурлари ўтказилди. Олдиндан мавжуд икки қаватли уйларнинг барчаси капитал таъмирдан чиқарилди. Кўчаларни асфальтлаш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Муаммога ечим излаяпмиз. Гузаримизда ичимлик суви муаммо бўлиб турибди. Қолаверса, табиий газ етказиб беришда ҳам муаммо бор. Босим кучи етмайди, дейишди. Шу боис ҳар бир хонадонни суюлтириган газ баллонлари билан таъминлаш ҳаракатидамиз. Бу масалаларни яқин кунларда ҳал этиш борасида елиб-югуриб ишлаяпмиз. Айни иш жараёнида масъул котибнинг ўрни билиниб қоляпти. Котиб раисга кўмакчи эди. Бу лавозимни яна қайта тиклаш керак.

Миграция даражаси юқори. Чет элга ишлашга ва ўқишга кетганлар кўп. Маҳалламиздан 215 киши хорижда юрибди. Биргина АҚШга 60 киши (оиласидагилар билан бирга ҳисоблаганда) кўчиб кетган. Россия давлатида ҳам фуқароларимиз кўп. Яқинда улар билан телефон орқали гаплашдик. Иш шароити ва яшаш тарзи билан қизиқиб кўрдик. Уларга бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида айтдик.

Яна бир гап. Жорий йилда асосий мақсадимиз, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг муммоларини ҳал этиш. Ишсизлик йўқ, дея айта олмаймиз. Ҳеч бўлмаса, тикув машинаси олиб бериб бўлса-да, кимнингдир оиласига кўмакчи бўлсак, нимадир қилганимиз билинади. Шу боис қайси оила нимага муҳтож, кимга нима керак, деган саволларни ўртага ташлаб, рўйхат шакллантириб олдик. Энди эса амалий ишлар қилиш вақти келди. Бу борада маҳалладошларга, албатта, суянамиз. Раис битта ўзи ҳеч нарсага эришолмайди. Унга ҳудудидаги аҳоли кўмакчи ва тиргак бўлсагина, натижа кўрсата олиши мумкин.

Матлуба АМИНОВА,

Тойлоқ туманидаги

 «Чароғбон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш