Дард билан олишётганларга дардкашмиз

РАИС СЎЗ СЎРАЙДИ

Дард билан олишётганларга дардкашмиз

Маҳалламиз тумандаги энг чекка ҳудуд ҳисобланиб, марказгача 60 км. масофани босиб ўтиш керак. Ҳудудимизда беш минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Чекка ҳудуд бўлгани боис ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал этишга уринамиз. Айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга қўлдан келгунча ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Тўрт нафар оғир беморимиз бор. Уларга саратон ташхиси қўйилган. Бу дард билан олишиш учун инсон руҳан кучли бўлиш билан бирга, иқтисоди ҳам яхши бўлиши керак экан. Дилшод Норбўтаевга мия ўсимтаси ташхиси қўйилган эди. Уни зудлик билан операция қилиш керак, дейишди ва бу операция фақат Тошкентда қилинишини эшитиб, барча маҳалладошлар кўмак беришга чоғланди. Ҳар ким кучи етгунча пул беришга тушиб кетди. Ниҳоят, 24 миллион сўм пул йиғиб бердик. Операция муваффақиятли кечди. Худди шундай, Малоҳат Кўчимова ҳам саратон билан олишмоқда. Ижтимоий аҳволи жуда оғир. Боқувчисини йўқотган. Икки нафар фарзанди бор. Бу дарднинг дори-дармонлари ҳам қиммат. Малоҳат ҳар ойда даво муолажасига бориши керак. Ҳар сафар ҳам аҳолидан пул йиғиб олиш қийин. Ҳамманинг ҳам ўз ташвиши ва харажатлари бор.

Нима қилиш керак? Бу савол бизни анча ўйлантирди. Охири Малоҳатнинг номига пластик карта очтирдик. Телеграмда унинг номига хайрия гуруҳини ташкиллаштирганмиз. Савобталаб одамлар унга кўмак бериб бошлашган. Шунингдек, ҳудудимиздаги «Тим» деҳқон бозорига хайрия қутичасини ўрнатиб қўйганмиз. Бу ерга тушаётган пулларни ҳам беморларга беряпмиз.

Муаммонинг ечими қандай? Баъзида маҳалланинг ўзига тегишли маблағ бўлмагани боис одамларга ёрдам беролмасликдан қийналамиз. Бу барча маҳалла раислари учун бирдек муаммо. Чекка ҳудудларда эса янада қийин. Шу боис маҳалланинг ўзи фойдаланадиган ҳисоб рақамига ва ўзига тегишли биронта ери ёки ишлаб чиқариш корхонаси бўлиши керак. Шундагина маблағ билан боғлиқ баъзи бир муаммолар ҳал этилармиди?!

Гавҳар ИСАЕВА,

Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги

«Аработа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш