Ўзлаштирилган пуллар қачон қайтарилади?

ҲОЛАТ

Ўзлаштирилган пуллар қачон қайтарилади?

Жазо чораси кучайтирилмаса, фирибгарлик авж олаверади

Сўнгги йилларда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар кўрсаткичи ортиб бормоқда. Энг ёмони, фирибгарлик ҳар қандай соҳада бўлиши мумкин. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг 13,1 фоизи чет элга ишга жўнатиш, 13,9 фоизи ер, уй олди-сотдиси, 9 фоизи ўқишга ёки ишга киритиш билан боғлиқ.

Куни кеча 19 минг нафар кишига машина олиб бериш мақсадида миллионлаб пулларни ўзлаштирган «Avto 60 ой« МЧЖ ходимлари устидан ҳукм ўқилди. Жиноятчиларга 8 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Аммо уларга ўз пулларини ишониб топширганлар қачон пулини қайтариб олишини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Афсуски, «Қамалсам қамалай, шунча пулни йиғиб олдим-ку, бир кун қайтиб келаман-да», деган ўй-хаёллар билан шу йўлни танлаётганлар кўпайиб кетяпти. Улар орасида хотин-қизларнинг ҳам борлиги одамни ўйлантиради.

Охирги пайтларда фирибгарликнинг турлари кўпайиб кетмоқда. Пластик картадаги пулларни ўзлаштиришдан тортиб, бировнинг номидан иш юритувчилар ҳам фош этилаётгани бор гап. Ўз пулларини кимнингдир алдовига ишониб, уларнинг қўлига тутқазиш ўта ишонувчанликдандир, аммо қонуний йўл билан пулни олиб қўяётганлар-чи?

Мисол учун, хорижга ишга юбориш важида жуда кўп фуқароларнинг хусусий бандлик агентликларига алданиб қолаётгани охирги йилларда авж олиб кетди. Шу пайтгача бундай агентликлар томонидан 10 минг нафардан ортиқ фуқаронинг 79,1 миллиард сўм маблағи ўзлаштириб юборилган. Фуқаролар эса на иш билан таъминланган, на берган пулини қайтариб ололган. Улкан ниятлар билан яшаб турган уйигача сотиб, агентликка пул тўлаганлар кам эмас.

Яна бир гап. Жиноятчиларга жазо тайинлангани ҳақида ҳамма билади. Аммо фуқаролар қачон ўз пулларни олиши мумкинлиги ҳақида билишмайди. Мутахассислар бундай вазиятда фуқароларни ҳам айблашмоқда. Нима эмишки, одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмаганидан алданиб қолишганмиш. Унда нега хусусий бандлик агентликларига лицензиялар тегишли ташкилотлар томонидан тақдим этиляпти? Қонуний очилган агентлик нега фирибгарлик йўли билан ишлаши керак? Бу ерда айб фақатгина фуқароларда эмас. Агар шундай МЧЖлар фаолияти ҳаммани алдаб бўлганидан кейин эмас, олдироқ назоратга олинса, бу каби жиноятлар содир этилмасмиди.

Нима қилиш керак? Кейинги пайтларда одамларда жавобгарликдан қўрқиш ҳисси йўқолиб бормоқда. Чунки фирибгарлик учун 8-10 йиллик қамоқ жазоси белгиланган, холос. Жиноятчи миллионлаб ўзлаштирилган пуллари қаердадир сақланиб турганини билгани учун ҳам хотиржам бўлиши табиий. Балки жазо чораларни кескинроқ қилиб қўйиш вақти келгандир.

Нилуфар ЮНУСОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш