Малакасиз ўқитувчилар ўз ўрнини осонликча бўшатмайди

ТАЪЛИМ

Малакасиз ўқитувчилар ўз ўрнини осонликча бўшатмайди

Халқ таълими вазирлиги томонидан чекка ҳудудларга бориб ишлайдиган ўқитувчиларга қўшимча иш ҳақи тўланиши жорий этиляпти. Бу ўша мактабдаги ўз устида ишламаётган ўқитувчилардан қутулишга ёрдам беради, дея баҳо берилди.

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев «2» баҳо қўйган ўқувчисининг акалари томонидан калтаклангани воқеаси бу борада муаммолар борлигини кўрсатди. Ушбу фикримиз билан янги тизимни яроқсизга чиқармоқчи эмасмиз. Албатта, ўқувчиларга берган билимига қараб рағбатлантиришга не етсин.

Гап шундаки, Ш.Оққўзиев Қарши туманидан келиб ушбу мактабда дарс беради. Унинг калтакланиши шу сабабга боғлиқ эмасмикан, деган савол туғилади. Чунки «2» баҳо олган ўқувчи маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ўғли экани шубҳа уйғотади. Эҳтимол бундаймасдир. Ўзимиз билмаган воқеани гумон билан талқин қилиш ниятимиз йўқ. Шунчаки бизда бу ҳолат сабаб бошқа ҳудудга бориб ишлайдиган ўқитувчилар айни муаммога дуч келиши ҳам мумкин, деган фикр уйғонди.

Бу ерда эътибор қаратадиган бошқа масала бор. Маънавий-маърифий ишларга масъул муовиннинг фарзандлари ўқитувчини калтаклаши нимани англатади? Ўз болаларининг тарбиясини эплай олмаган одам бутун мактаб ўқувчиларининг маънавияти билан шуғулланишига ақл бовар қилмайди. Эҳтимол, мазкур лавозимга ҳам бошқа ҳудуддан салоҳиятли кадрни жалб қилиш керакдир.

Умуман олганда, малакасиз, билим ва педагогик маҳорати паст ўқитувчиларни яхши мутахассисларга алмаштириш силлиқ кечавермайди. Четдан билимли ўқитувчилар жалб қилинадиган бўлса, маҳаллий танбал, касбига нолойиқ муаллимлар уларни бездириш учун ҳар қандай усулни ишга солишлари мумкин. Демоқчимизки, янги тизимни жорий этиш жараёнида ушбу омилни ҳам ҳисобга олиш, бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун олдиндан керакли чораларни кўриш мақсадга мувофиқдир.

Ғайрат ЭРГАШЕВ,

педагог.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш