Европагасифатли маҳсулот бера оламизми?

ИҚТИСОДИЁТ

Европагасифатли маҳсулот бера оламизми?

Ёдингизда бўлса, 2020 йил ноябрь ойи охирида Европа комиссияси Ўзбекистонга Европа иттифоқи мамлакатларига божсиз экспортни амалга ошириш ҳуқуқи GSP+ имтиёзларини бериш тўғрисидаги аризани муддатидан олдин кўриб чиқиш ва розилик бериш тўғрисида қарорни қабул қилганди. Бундай юқори даражада, ўзига хос эътибор, алоҳида муносабат республикамиз томонидан инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси, меҳнат муносабатлари, бошқарув стандартлари бўйича 27 та халқаро конвенциялар талабларини бажаргани тўғрисидаги Еврокомиссия хулосасига кўра тақдим этилаётгани билан изоҳланган. Шундан сўнг қарорни Европа парламенти ҳам маъқуллади. Юртимиз GSP+ имтиёзларини қўлга киритган 9 давлатдан бирига айланди.

Хуллас, 12 апрелдан Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи мамлакатларига божсиз экспортни амалга ошириш ҳуқуқи кучга кирди. Хўш, бу нима дегани? Биз учун очилаётган бозор миқёсини англаш мақсадида бир неча фактларни келтириб ўтмиз.

Иттифоқ мамлакатлари ҳар йили бутун дунёдан 177 миллиард еврога кийим-кечак сотиб олади. 147 миллиард евролик матодан ишланадиган уй буюмлари, яъни чойшаб, ёстиқ, кўрпа ва тўшаклар, сочиқлар, пардалар ва ҳоказолар харид қилади. Чарм ва ярим чарм маҳсулотлар хариди 70 миллиард еврога тенг. Бунданх қилишга 13 миллиард евро пул сарфлайди. Энг қувонарлиси, буларнинг бари бизда керагидан ортиқчаси билан бор. Бу тубсиз бозорнинг бор-йўғи беш ёки олти фоизини эгаллаб олиш ҳам мамлакатимиз иқтисодий аҳволининг кескин ошишига, аҳоли фаровонлиги даражасининг юқорига сапчишига сабаб бўлиши мумкин. 

Бу ўринда GSP+ имтиёзидан фойдаланаётган бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳам кўриб чиқиш керак. Масалан, Покистон бу имтиёзни қўлга киритганидан сўнг икки йил ичида экспорт миқдорини 40 фоизгача оширди. Бугунги кунда мамлакат Европага 6 миллиард евро миқдоридаги товарларни экспорт қилади. Бу ўринда Покистонда 500 га яқин текстил корхоналари мавжудлиги, катта миқдорда пахта етиштириши ва қайта ишланишини ҳам айтиб ўтиш керак. 2010 йилларда мамлакат пахта етиштириш бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаб келди. Имтиёзли экспортёрлардан яна бири — Бангладеш эса Иттифоққа салкам 17 миллиард евролик маҳсулот экспорт қилади.

Аммо бу имтиёз ҳамиша ҳам юқори натижаларни беравермаган. Бу борада, айниқса, собиқ иттифоқ давлатлари бирор жиддий фойда кўришгани маълум эмас. Қирғизистон ва Арманистон ҳам биз каби имтиёзларга эга, аммо уларнинг бу улкан бозорга экспорти арзимас суммаларни ташкил қилади, холос. Масалан, Қирғизистон йилига 6 миллион, Арманистон эса 68 миллион евролик товарларни Европага етказиб бермоқда. 

Хўш, имтиёздан самарали фойдаланиш учун нима қилмоқ керак? Энг аввало, Қирғизистон ва Арманистон хатоларини яхшилаб ўрганиш ва уларга йўл қўймаслик лозим. Покистон, Бангладеш тажрибасини эса оммалаштириш керак.

Бундан ташқари, Европа бозори ўта инжиқ ва маълум бузулмас тартибларга бўйсунишини унутмаслик керак. Бу ерда нархдан ҳам кўра, сифат жуда муҳим саналади. Минглаб стандартлар амал қилади. Уларга муносиб бўлсакгина, бозорда ўз ўрнимизни топишимиз мумкин.

Айниқса, ривожланган, капиталистик мамлакатларда саводли ва қимматбаҳо реклама компанияларисиз ҳам ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини назардан чиқармаслик керак. Узоқ муддатли, чуқур ўйланган тарғиботни йўлга қўйиш орқали катта даромад оламиз.

Хуллас, бу ёғи энди ўз қўлимизда...

Комрон ТУРҒУНОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш