Қачонгача ўзимизни бомба устида кетаётгандек ҳис қиламиз?

ҲОДИСА

Қачонгача ўзимизни бомба устида кетаётгандек ҳис қиламиз?

Кўпчилик ҳайдовчилар «Машина ҳам битта рўзғор», дейишади. Агарда таксичилар билан гаплашиб қолсангиз, «турган-битгани харажат» дея нолийдиганлари ҳам топилади. Албатта, ҳар қандай автомобиль ёқилғи орқали ҳаракатланади. Аммо бензин нархининг ҳар гал кўтарилиб кетавериши кўпчилик учун ташвишга айланади. Шу боис аксарият автомобиль эгалари сарф-харажатни камайтириш мақсадида уловига газ баллони ўрнатиб олишади. Деярли 99 фоиз таксичилик қиладиганларнинг машинаси газга мослаштирилган.

Хусусан, бир вилоятдан иккинчисига бориш учун такси хизматидан фойдалансангиз камида бир марта бўлса-да, газ қуйиш шохобчасига тушишингиз тайин. Бу биз учун оддий ва одатий ҳолга айланган.

Муаммо нимада? Муаммо шундаки, биз ўтириб кетаётган машинанинг газ баллони қанчалик хавфсиз ёки хавфли эканини билмаслигимиздадир. Гўёки, бомба устида кетамиз. У исталган пайтда ва жойда портлайдигандек. Бундай бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди ҳам. Чунки машинадаги газ баллони туфайли юз берган портлашларга мисоллар етарлича. Мисол учун, жорий йил бошидан Тошкент шаҳрида «Nexia»нинг газ баллони портлаши оқибатида яна 4 та автомобилга шикаст етказилган. Гулистондаги газ қуйиш шохобчасида автобус газ баллонининг портлаб кетиши оқибатида эса одамлар ҳам жароҳатланганди.

Аммо энг катта бахтсиз ҳодиса куни кеча рўй берди — Жиззахда чиқинди ташувчи машинага ўрнатилган газ баллонининг портлаши оқибатида йўл чеккасида турган ота-бола шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Бахтсиз ҳодиса туфайли етти ёшли болакайнинг оёқлари кесиб ташланганини эшитган ҳар қандай одамнинг юраги жунбушга келади. Айбдор жазоланар ҳам, аммо бу болакайнинг соғлигини ким қайтариб беради? Кўчада қайси машина ва қачон портлаб кетишини билмай туриб ҳаракатланиш ҳам аслида қўрқинчли. Хўш, бундай ҳолатларда ким айбдор? Албатта, биринчи навбатда, ҳайдовчи. Чунки у машинани техник кўрикдан вақтида ўтказиши ва доим эътиборли бўлиши шарт.

Нима қилиш керак? Автомобилдаги газ баллонларининг портлашлари сабаблари ўрганилганда, техник носозлиги, ортиқча сиғимда газ қўйилиши каби важлар кўрсатиб ўтилган. Бундай ҳолатларга беэътибор бўлмаслик кераклиги тўғрисида доим ЙҲХБ ва ФВБ томонидан огоҳлантирилади. Аммо барибир газ баллонли автомобилларда ҳаракатланиш, айниқса, куннинг иссиғида жуда хавфли. Балки техник носозлигини текшириш ва тавсия бериш бўйича мавжуд бўлган тартиб-тамойилларни ўзгартириш керакдир. Токи, биз «бомба» ёнида ёки «бомба» устида юргандек ўзимизни ҳис этмайлик. Бу борада қандайдир чоралар қўллаш вақти келмадимикан?

Жасмина ЖЎРАХОНОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш