Энди амалдорлар фақат «UzAuto Motors» машиналарини минишга мажбур

ҲОЛАТ

Энди амалдорлар фақат «UzAuto Motors» машиналарини

минишга мажбур

Айрим мансабдор шахслар бугунги мураккаб пандемия шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканини тўла англаб етмаётгани кўп бор кўзга ташланмоқда. Жумладан, бунга ҳали-ҳануз кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат — қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш жараёни яққол мисол бўла олади. Бундай ҳолларда давлат хизматчиларига «Ҳалоллик вакцинаси»ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти.

Куни кеча қабул қилинган «Давлат органлари ва корхоналарини енгил тижорат автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ҳам айни йўналишдаги дастлабки қадамлардан бири бўлди. Унга кўра, 2021-2023 йилларда давлат органлари томонидан жами 2 минг 770 та техника харид қилинади ва ушбу мақсадлар учун 1,934 трлн. сўм ажратилади. Энг муҳими, бунда ташкилотлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг автомобиль ва махсус техникаларини харид қилиши мумкин.

Бу нима дегани? Бу шуни англатадики, энди амалдорлар ҳам чет эл «иномарка»ларидан воз кечиб, «миллий маҳсулотимиз» — «UzAuto Motors» АЖ автомобилларидан фойдаланади. Бунинг яна бир яхши томони шуки, мансабдорларимиз ўзбекистонликлар қандай тақиқлар остида яшаётган бўлса, шу тақиқларни ўз баданида ҳис қилишади ва бу харажатларни қисқартиради, улар ёқтирган миллий машиналаримизни қўллаб-қувватлайди ҳам.

Очиғи, шу вақтгача раҳбарларнинг чет эл машиналарида юриши уларнинг ўзи ҳам «UzAuto Motors»га ишонмайди, деган қарашларни туғдирарди. Тўғри-да, давлат мансабдорлари ишонмайдиган машиналарга нима учун оддий халқ ишониши керак? Кўп бор таъкидланади: «Давлат — халқ учун ишлайди». Демакки, халқ учун ишлайдиган давлат ташкилотлари ҳам халқдан устун бўлмаслиги керак. Улар ҳам Ўзбекистонга ишлаб чиқарилган машиналарда юриб кўриши лозим. Шоядки, шунда «UzAuto Motors» ҳам ўз маҳсулотларининг сифати, дизайни, энг муҳими, нархлари борасида ишлай бошласа...

Бу ўринда яна бир қатор таклифларни ҳам илгари суриш мумкин. Масалан, янги сотиб олинган машинани янгисига алмаштириш камида 4-5 йилни ташкил этиши керак. Шундагина, дейлик, ўринбосарнинг машинаси вилоятларга, раҳбарники ўринбосарга, «биринчи»га эса янги машина сотиб олиш каби «амалиётлар тизими»га чек қўйилармиди?

Яна бир муҳим жиҳат — хизмат автомобилларини сунъий йўлдош орқали кузатиш (GPS навигатор) тизимини яратиш керак. Бу орқали улардан иш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар(оила эҳтиёжлари ва ҳоказолар)да фойдаланганлик учун жавобгарликни аниқ белгилаш мумкин бўлади. Бу борада жамоатчилик назорати ҳам муҳим, албатта. Масалан, хизмат машинасидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, бу ҳақда тегишли органларни хабардор қилиш учун махсус бот, веб-портал яратилиши ва унга фото-видео материалларни узатиш имконияти бўлиши даркор. Шундагина ортиқча харажатларга чек қўйилармиди.

P/S. Хизмат автомашиналари ойналари қорайтирилиши тақиқланиши лозим. Аввало, бу шаффофликка хизмат қилади. Агар амалдорларга қорайтирилган ойналар керак бўлса, марҳамат, улар ҳам ўз чўнтагидан пул сарфлаб, буни амалга оширишлари лозим. Шундагина, юқоридан айтилганидек, улар ҳам фуқаролар қандай тақиқлар остида яшаётганини ўз танасида ҳис қилиши, буни аввал ўзларига татбиқ этишлари керак бўлади.

Муродилла ПЎЛАТОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш