UZCARD ва HUMOнинг бирлашиши бизга нима беради?

ҲАМКОРЛИК

UZCARD ва HUMOнинг бирлашиши бизга нима беради?

Бугунги кунда UZCARD ва HUMO пластик карталари учун алоҳида-алоҳида терминаллардан фойдаланилади. Ҳаттоки, банкоматлар хизмати ҳам алоҳида. Ўтган йил сентябрь ойида бу икки тўлов тизимининг бирлаштирилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу хабарларни Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов нотўғри маълумот, дея рад этган эди. Аммо айни пайтда UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолашди.

Нима ўзгаради? Ҳозирда мавжуд бўлган қайси муаммоларга ечим бўла олади? Бундан кейин тўлов тизимлари терминаллари иккала турдаги карталарни ҳам қабул қила бошлайди. Ушбу лойиҳа нақд пулсиз ҳисоб-китобларни такомиллаштириши мумкин.

— Инфратузилмаларнинг интеграцияси карта эгалари, банклар ва бизнес эгаларига сезиларли фойда келтиради, — дейди Миллий банклараро процессинг маракази директори Шуҳратбек Қурбонов. — Харидорларнинг савдо нуқталарига келгач, қайси терминаллардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги ўйлари йўқолади, тадбиркорлар эса иккала картадан тўловларни битта терминал орқали қабул қилишлари мумкин бўлади. Шуни таъкидлашни истардимки, UZCARD ва HUMO Ўзбекистоннинг тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини яратишда давом этади.

Яна бир гап. Тўлов тизимларининг яқин ҳамкорлиги бозор талабларига тезроқ жавоб бериш ва инновацион ечимларни янада самарали амалга оширишга имкон беради. 2021 йил охирига қадар терминаллар иккала турдаги карталарни қабул қилишни бошлаши кутилмоқда. Демак, ҳозирча йил якунланишига анча бор. Бу жараён келгуси йилга ўтса ҳам ажабланмаслик керак. Чунки биргина пластик карталардан фойдаланиш ва уни бозор мунособатларига киритиш учун бир неча йил кетганини ҳамма билади. Баъзи чекка ҳудудларда эса пластик карталарнинг ўзидан фойдаланиш ҳанузгача муаммо. юқоридаги икки тизимнинг ўзаро ҳамкорлиги бу масалалар ечимига ҳам қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Қолганини эса вақт кўрсатади.

Нилуфар ЮНУСОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш