Нега вакцина олишдан қўрқяпмиз?

Бугун кимдир коронавирусга қарши вакцина олган бўлса, уни саволга тутишимиз тайин: “Ҳеч нарса қилмадими?”, “Қайси давлатнинг вакцинаси экан” ва ҳакозо. Албатта, улар орасида иситма қилгани, беҳузур бўлганлари ҳақида эшитамиз. Аммо кейинги пайтларда вакцина олгани билан барибир касаликка чалинаётгани, ҳатто вакцина ўлимга ёки турли хил касалликларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар кўп тарқаляпти. Аслида-чи, шундаймикан?

Ҳозирда бутун дунёда вакцина борасида турли хил қарашлар, тортишувлар юзага келмоқда. Тарихдан маълумки, инсоният турли хил юқумли ва ўлимга олиб келувчи касалликларга қарши курашиб келган. Чечак, қизамиқ, тепки, полемилиет каби касалликлар токи уларга қарши вакциналар яратилмагунча, “қора ажал” , “вабо”, “ўлат” каби номлар билан одамларни ваҳимага солган. Минглаб одамлар ушбу касалликларга қарши вакциналар яратилгунича вафот этишаверган. Вакциналар ҳам йиллар давомида такомиллашиб, бугунги кунга келиб бундай касалликлар устидан инсоният ғалаба қозонишга эришган. Ҳозир ҳеч ким бу касалликлардан вафот этмайди.

Ўзбекистонда ҳам 13 хил касалликка қарши доимий эмлаш мавжуд бўлиб, ҳар йили режали эмлаш орқали 4 миллионга яқин одамнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Кун келиб коронавирус вакцинаси ҳам худди шундай ҳолатга келса, ажаб эмас. Чунки ўша даврларда ҳам одамлар вакцина олишдан бош тортишган, қўрқишган. Аммо касалликка қарши эмланганларни тузалгани ёки дардни енгилроқ ўтказганини кўришгачгина, оммавий эмланишлар бошланган. Маълумотга кўра, ҳозир дунё бўйича 236 та турдаги коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар кетмоқда. Шулардан 63 таси клиник ишлаб чиқариш жараёнида, 173 таси бевосита клиникага қадар таҳлиллардан ўтказилмоқда. Айни дамда дунё бўйича 14 турдаги вакциналар ишлатиляпти.

Янги штаммлар хавфлими?

  • Коронавирус бизга бегона эмас, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков. — Бир ярим йиллик пандемия даврида юртдошларимиз вирус ҳақида жуда катта тушунчага эга бўлди. Ўткир ва оғир кечувчи пневмония, SARS, MERS касалликлари ҳақида гапирганимизда, коронавирус тўғрисида суҳбатлашганмиз. Табиатда коронавируснинг 43 тури мавжуд. Шу пайтга қадар унинг 6 хил тури одамларда касаллик қўзғаган эди. COVID-19 унинг еттинчи касаллик қўзғовчи тури сифатида қайд этилди. Бу 44-тур эмас. Дастлаб COVID-19 штамми ҳақида гапира бошладик, вақт ўтиб, кейинчалик унинг британча, бразилияча, африканча, ҳиндча штаммлар ҳақида айтилди. Уларнинг ҳудудига қараб, янги ном берила бошланди.

Мутахассисларнинг аниқлашича, COVID-19нинг 5000 тадан 7000 тагача бўлган янги турлари пайдо бўлган. Бир қарашда жуда катта рақам, агар уларнинг ҳаммасига ном берсак, адаштириб қўйишимиз аниқ. Нега янги штаммларга алоҳида эътибор қаратдик, боиси у ердаги лабораторияларда олинган таҳлиллар натижасида вируснинг янги хусусиятлари пайдо бўлиши ва ўрганилиши мумкин. Барча штаммлар COVID-19, холос. Уларга қарши кураш усули ҳам, юқиш ва даволаш йўллари ва муҳофазаси ҳам бир хил.

Қайси вакцинадан олган маъқул?

Ҳозир ЖССТ томонидан 6 та вакцинага фавқулодда ҳолатларда ишлатишга тавсия берилган. Кўпчиликда бир савол туғилади: ЖССТдан вакциналар рўйхатдан ўтганми? Аниқлик киритиб ўтишимиз керак, ЖССТ бу вакциналарни рўйхатга оладиган ташкилот эмас. Қачонки, вакциналарнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича тақдим этилган ҳужжатлар асосли бўладиган бўлса, ЖССТ уни кўриб чиқиб, фавқулодда ҳолатда ишлатишга тавсия этиши мумкин. Бугунги кунга қадар дунё бўйича “Pfizer”, “Moderna”, “AstraZeneca”, “Johnson-Johnson”, “Sinopharm” ва “AstraZeneca”нинг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Covishield” вакциналари фавқулодда ҳолатларда ишлатишга рухсат берилган.

Ҳозирда Ўзбекистонга 3 та вакцина: хитой-ўзбек “ZF-UZ-VAC2001”, Россиянинг «Спутник V» ва “AstraZeneca” вакциналари олиб келинган. Фуқаро қайси вакцина билан эмланишни бошласа, шу билан давом эттирилиши керак. Табиий суръатда шундай амалиёт ишлаб чиқилган. Биринчи марта эмлангани ҳақидаги маълумот электрон рўйхатда туради. Агар иккинчи босқичда вакцина тугаган бўлса, яхшиси кутиб турган маъқул.

Вакцина олса ҳам касалланиш мумкинми?

Апрель ойи давомида Ўзбекистонда 7000 та касаллик қайд этилган, уларнинг йигирма еттитаси қайтадан касалланган. Қайта касалланиш эҳтимоли бор, албатта. Серонегативлик вирусдан тузалган ёки вакцина билан эмланган фуқароларнинг 0,04 фоизини ташкил этади, яъни ҳар 1000 нафар фуқаронинг 4 нафари шу тоифага киради. Уларда иммунитет ҳосил бўлмайди. Иккинчи томондан, кеча эмланиб, бугун яна касал бўлаётганлар бор. Эмланиш тушунчаси шуки, вакцинация жараёнининг охирги босқичидан 1,5-2 ой ёки 4 ой ўтганидан сўнг, тўлиқ иммунитет ҳосил бўлади. Агар бугун эмланиб, эртага касал одам билан мулоқотда бўлса, албатта, вирус юқтириши, табиий. Бир марта эмланиш кафолат, дегани эмас.

Нима қилиш керак? Ҳар биримиз турли хил хабарлардан тушкунликка тушмасдан ўз соғлигимиз ҳақида қайғуришимиз керак. Авваломбор, оддий, ҳамма биладиган карантин қоидаларга риоя қилишни унутмаслигимиз муҳим. Эмланиш учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Шу боис шифокор кўригидан ўтиб, вакцина олиш тўғрисида бир қарорга келган маъқул.

Нилуфар ЮНУСОВА.

***

ФАКТ:

Эмлашга жалб қилинган одамлар сони 4 045 нафарни ташкил этади. Режага мувофиқ, ҳар бир пунктга 70 тадан одам тўғри келиши кўзда тутилган эди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, эмлаш пунктларида ўртача 44 та, бригадалари билан қўшиб ҳисобланса, битта эмлаш пункти ва бригадасида 36 нафар одам эмланмоқда. Режалаштирилган 79 нафарнинг ярми эмланяпти.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш