Коммунал тизим: қуруқ баёнотлар жамоатчиликни чарчатди

Халқимизда ҳаётий бир ибора бор: қарс икки қўлдан чиқади. Айниқса, сўнгги вақтларда коммунал хизматларга тўловлар масаласида тез-тез шу ибора ишлатилмоқда: “Фойдаландингми, тўлаб қўй!” Албатта, бугун одамлар тўлов интизомига анча-мунча ўрганди. Коммунал тўловлар нархи қанча ошиб бормасин, одамлар тўлаяпти. Тўламаса, ундириб олинмоқда. Бироқ шунга яраша кўрсатилаётган хизматлар сифати одамлар, тўғрироғи, бугунги кун талабига жавоб беряптими? Ошиб бораётган нархлар аҳоли даромадларига мутаносибми?

Хизмат кўрсатиш талабга жавоб берадими?

Аҳолини тоза ичимлик сув, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, йўллар, телефон ва интернет алоқаси билан таъминлашни яхшилаш юзасидан аниқ қарор ва кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижроси учун маблағлар ажратилмоқда. Зарур ҳолларда хорижий кредитлар жалб қилинмоқда. Аммо “инсон омили” деган тушунча пайдо бўлдики, давлат раҳбарияти томонидан қабул қилинган қарор, фармон каби кўрсатмалар ё тўлиқ бажарилмаяпти ёки унинг моҳияти ўзгартириб юбориляпти. Лекин охир-оқибат реал вазият яхшиланмаяпти, айнан коммунал соҳадан шикоятлар камаймаяпти.

— Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни қисқа вақт ичида ҳал қилишнинг, айниқса, пандемия ва дунёда кечаётган иқтисодий инқироз даврида имкони йўқлигини тушуниш мумкин, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова. — Лекин яширмасдан, ёлғон аралаштирмасдан, ҳар хил баҳоналар тўқимасдан ҳақиқий ҳолат ҳақида ахборот бериш шунчалик қийинми? Фикримча, коммунал соҳага масъул мутасаддилар кейинги йилларда реал иш ўрнига, кўпроқ чиройли баҳоналар ўйлаб топишга уста бўлиб кетдилар. “Тизим ўзи эски эди”, “маблағ берилмас эди”, “ҳали ҳам амаллаб турибмиз”, деганга ўхшаш қуруқ баёнотлар жамоатчиликни чарчатди, эҳтимол, шунинг учун норози кайфиятдаги фикрлар кўпайди.

Баландпарвоз гаплардан ҳеч кимга фойда йўқ, аниқ таклифлар керак. Бугунги ҳолатдан келиб чиқиб, коммунал хизмат турлари бўйича ҳар бир абонент билан ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб, юридик статусга эга бўлган шартномалар тузилиши керак. Шартномада ҳар иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда шартнома моддалари бузилган ҳолатда кўриладиган чоралар аниқ белгиланиши ва иккала томоннинг манфаатлари ҳимояланиши лозим. Шунингдек, фуқароларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тури, ҳажми, тарифлари қонуний белгиланиши, бунинг учун коммунал хизматлар ва тарифлар тўғрисида қонун қабул қилиниши керак.

Қолаверса, аҳолининг фойдаланган коммунал хизматлари ва тўланган маблағлар ҳақида маълумотлар шаффофлигини таъминлаш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш зарур. Аҳолининг кам даромадли ва ёрдамга муҳтож қатлами учун асослантирилган имтиёзлар тизимини шакллантириш керак. Ҳудудларда соҳа фаолиятини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари назоратига олиш, соҳа раҳбарларининг ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш тўғри бўлади.

“Халқ назорати” назорат қила оладими?

Очиғи, ҳар йили одамларнинг уйида, иш жойида чироқ ўчади, газ босими пасайиб кетади, масъул ташкилотлар баёнотлари эса деярли ўзгармайди. Демак, энди тизимни ўзгартириш ҳақида ўйлаш вақти келди. Айтиш керакки, бугунгача аҳолининг айни соҳадаги муаммолари қоғоз журналларга қайд этиб келинган. Сўнгра улар тоифаларга бўлиниб, қўлда “Excel” ҳужжатга киритилган. Шундан сўнг, маълумотлар масъул идораларга юборилган.

Ўз навбатида, ҳар бир шаҳар идораси ўз дафтарини юритган. Мисол учун, газ, сув, электр, иссиқлик ташкилотлари алоҳида-алоҳида дафтарлар шакллантирган. Натижада ҳамманинг ўз дафтари ва ҳужжатлари мавжуд бўлган. Шундай ҳолатлар кузатилдики, битта масалада икки ташкилотнинг маълумотлари турлича чиқар, ҳар иккиси масалани ўзларича талқин қилиб маълумот киритарди. Қолаверса, муаммоларни қайд этиш, уларнинг ҳал қилинган-қилинмаганини аниқлаш жуда қийин эди. Бутун жараён жуда узоқ — баъзан бир неча ой давом этган.

— Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Халқ назорати” хизмати ишга туширилди, — дейди лойиҳа раҳбари Ойбек Ниёзов. — Унинг ёрдами билан тошкентликлар йўлларнинг ҳолатидан шикоят қилишлари, бузилган лифт ёки ишламайдиган светофор ҳақида маълум қилишлари мумкин. Биз муаммолар ҳақидаги маълумотларни тегишли идораларга етказамиз ва улар ушбу муаммоларни ҳал қилишади. Тизимда ҳамма нарса осон: ягона маълумотлар базаси, ҳар бир идора учун шахсий кабинетлар, муаммолар онлайн келади, уларни бир-икки марта тугмага босиш орқали кўриш ва ечилганини белгилаш мумкин. Платформанинг ўзи муаммоларни саралайди ва керакли идоранинг шахсий кабинетига йўналтиради. Идоралар муаммоларни унутишдан сақлаб турувчи таймерлар мавжуд. Ва энг муҳими, шикоят муаллифи ўзи тасдиқламагунча, муаммони ҳал қилинган, деб белгилашнинг имкони йўқ.

Ҳозир сув, газ ёки электр қуввати узилиши тўғрисида огоҳлантириш тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Мисол учун, баъзида “авария”лар содир бўлади ва шу сабабли бирор жойда чироқ ўчади. Одатда, одамлар нима бўлганини ва электр қачон тузатилишини билишмайди. Агар улар “Халқ назорати”да рўйхатдан ўтган бўлса ва ҳодиса таъсир қилган уйларда яшашса, огоҳлантириш тизими бу ҳақда уларга хабар беради. Бундан ташқари, ушбу хизматни нафақат Тошкент аҳолиси, балки мамлакатнинг барча фуқароларига ёрдам берадиган даражада бутун мамлакат бўйлаб миқёсини кенгайтириш режалаштирилган.

Нархлар хизматга мутаносибми?

Яна бир жиҳат бор — коммунал хизматлар нархлари тез-тез ошиб туради. Айрим ҳолларда бундай вазият йилига икки марта ҳам кузатилиши мумкин. Бироқ бу қийматлар қаердан келиб чиққани, қандай омил эътиборга олингани доимо номаълум бўлиб келган. Тариф ошиши борасида аҳоли бир ой олдин огоҳлантирилади. Аслида, огоҳлантириш хабарида нарх ошиш сабаблари аниқ ва асосли тарзда кўрсатилиши керак эмасми?!

Бугунги иқтисодий шароитимиз ва имкониятимизни ҳисобга олсак, нарх ўсиши табиий. Биз ҳам кўр-кўрона тарзда нархни пасайтириш керак, демоқчи эмасмиз. Аҳоли коммунал тўловларни бола-чақаси ризқини қийиб бўлса ҳам, кечикиб бўлса ҳам тўлаяпти. Аммо коммунал ташкилотлар хизматидан одамлар розими? Халқ розилиги учун нималар қилиш керак?

Энг аввало, иситиш мавсуми бошланиши ва тугашини қайта кўриб чиқиш, иситиш таъминотида ҳароратни об-ҳавога қараб баланслаштирувчи тизимни жорий этиш, марказлашган иситиш тизимидан “якка кўп қаватли уй” ёки “якка хонадон” иситиш тизимига ўтадиган пайт келди. Қолаверса, 40 °С дан паст бўлганда иссиқ сув учун тўлов совуқ сув тарифи бўйича амалга оширилиши керак, деган қоида амалда ҳам ишлаши керак-да. Ахир жўмракни очиб, иссиқ сув исиши учун қанча сув оқизишингизни ўзингиз бир ҳисоблаб кўринг!

Шунингдек, бутун дунёда маиший чиқиндиларни олиб кетиш нархи одам сонига эмас, чиқариладиган чиқинди массасига қараб белгиланган. Бизда-чи, прописка бўйича “мусор” чиқарасизми-йўқми, барчага бир хил. Чиқиндилар эса ҳафталаб “дом” атрофига нохуш ис таратиб тураверади. Бундан ташқари, уй-жой ширкатлари хизмати (сифати ҳақида гапириш эрта) билан боғлиқ муаммолар алоҳида мавзу. Сўнгги йилларда ширкатларга тўлов нархи қарийб икки баробарга ошиб кетишида уларнинг бажарилмаган ишга пул ёзиши, арзимас ишга осмон нарх қўйиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Хулоса шуки, коммунал соҳа раҳбарлари фақат қарздорликни ундириш билан эмас, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш борасида ҳам ўйлаб кўришса, яхши бўлар эди. Майли, нархлар босқичма-босқич ошиб борсин. Аммо пулига яраша сифат ҳам ошсин-да.

Иброҳим ПЎЛАТОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш