Мажлисбозлик қонимизга сингиб кетганми?

2021 йил 13 июль куни, соат 22.00 да Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси ҳамда Мустақиллик байрамига тайёргарлик масалалари бўйича мажлис чақирилган. 8 июль куни, соат 06.30 да Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “ZOOM” платформаси орқали танқидий йиғилиш ўтказилган. 15 июнь, тонгги соат 05.00 да эса Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан такрорий экин масалаларига бағишланган мажлис ташкил этилгани хабар қилинганди.

Афсуски, аксарият ҳолларда раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолаётир. Ҳеч қандай натижа бермайдиган мажлислар ходимларнинг фойдали ишга сарфланажак қанчалаб вақтини ўғирлаётгани, ортиқча харажатлар, асаббузарликлар, ишчан меҳнат кайфиятининг пасайиши, ташаббускорликнинг йўқолишига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.

“Мажлис кўп бўлса, ишлаётганимиз кўринади”

Ҳайрон қоласан киши, раҳбарларга “йиғилиш қилма, мажлис ўтказаверма”, деб шунча танбеҳ, шунча дакки бериляпти. Лекин нега улар қўрқмай билганларини қилишяпти? Ҳали-ҳамон баъзи раҳбарлар: “Қанча кўп мажлис ўтказиб, топшириқ берсак, шунча яхши ишлаётганимиз кўринади”, деган нотўғри тушунчага эга бўлиб қолаётгани эса ачинарлидир. Президент ҳам, Бош вазир ҳам мажлисбозликни камайтириш ҳақида бир неча бор такрорлаганидан кейин ҳам бу ишлар давом этаётганини қандай тушуниш мумкин? Қолаверса, йиғилиш ўтказиш учун Бош вазирдан рухсат олиш керак, дейилган. Хўш, юқоридаги ҳолатларда йиғилиш ўтказишга рухсат берилганми?

— Мажлисбозлик — анча жиддий муаммо, бунга социологик тадқиқот ўтказиб, яна бир бор амин бўлдик, — дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи Н.Норбоев. — Сўровномада ҳудудлардаги 208 нафар давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Респондентларнинг 61,1 фоизи баъзида бир кунда ўрта ҳисобда 2-4 ва ундан ортиқ марта мажлисларда қатнашишини(!), 62 фоизи эса мажлислар бир-бирига уланиб кетишини (!) билдирган. 52,4 фоиз респондент иш вақтидан ташқари соатларда йиғилишлар ўтказилаётганини маълум қилган. Ҳудудларда давлат ташкилотлари томонидан дам олиш кунларида йиғилишлар ўтказиш амалиёти ҳам сақланиб қолмоқда. Респондентларнинг 54,4 фоизи (!), яъни ярмидан кўпи бевосита ўз иш фаолияти йўналиши билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларда қатнашишга мажбур! Йиғилишлар мажбурий характерга эга, 47,6 фоиз респондент мажлисларга вақтида келмаган ёки умуман қатнашмаганларга нисбатан чора кўриш амалиёти жорий қилинганини билдириб ўтишган.

Рақамлардан ҳам кўринадики, амалий аҳамиятга эга бўлмаган йиғилишларга чек қўйиш керак: мажлисларда фақатгина ташаббускорларнинг ўзлари ёки ўзига керакли маълумот олмоқчи бўлган ходимлар иштирок этиши мақсадга мувофиқ. Назаримизда, бунинг учун, энг аввало, раҳбарларнинг дунёқараши ўзгариши керак. Бусиз иложи йўқ. Қолаверса, бу ўринда касаба уюшмалари ҳам энди “улоқни қўлга олиши” зарур. Ахир уни раҳбарларнинг қош-қовоғига қараб эмас, қонун ҳужжатларида ёзилганидек, ишчи-хизматчиларнинг манфаатларини амалда ҳимоялай оладиган мустақил тузилмага айлантириш фурсати етмадими?

Меъёрдан ортиқ меҳнат ҳеч кимга фойда бермайди

Муаммо фақат мажлис ўтказиш билан чекланмайди. Ходимларни ярим тунгача ишлатиш, ҳатто аниқ бир топшириқ бўлмаса-да, раҳбар уйига кетмагунча иш жойида ушлаб туриш (аксарият мулозимлар ярим тунгача кабинетида қамалиб ўтиради, гўё қўли бўшамаётгандек), якшанба кунлари ҳам ишга чақиришдек иллатлар йўқолмаяпти. Профессионал давлат хизматининг мавжуд эмаслиги, давлатнинг иқтисодиётдаги ўта катта иштироки ва “бошлиққа ҳурматга” асосланган идора маданияти бунинг асосий сабабларидир.

Бироқ бу билан самарадорликка эришиш мумкинми? Албатта, йўқ. Орада меҳнат қонунчилиги ижроси бўйича рейдлар ҳам ўтказилди. Аммо назорат яна ўлда-жўлда қолди. Боз устига, рейдлар вақтида вазирлик ва идоралар ходимлари раҳбарлар топшириғи билан чироқларни ўчириб, иш фаолиятларини ярим тунгача давом эттираверишганига нима дейсиз... Хуллас, ҳозир ҳаммаси яна аввалгидек, бироқ бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Мажлисбозлик, қоғозбозлик давом этаверар экан, номимиз янгию, тутумимиз эскича бўлиб, бир жойда депсиниб тураверамиз.

— Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида 1935 йил 21 июнда Женеведа имзоланган “Ишнинг давом этиш муддатини ҳафтасига қирқ соатгача қисқартириш тўғрисида”ги Конвенцияга, демакки, халқаро ҳужжатга қўшилган, — дейди таниқли юрист Саидали Мухторалиев. — Ўтган асрнинг 35-йилларидаёқ халқаро ҳамжамият ҳар бир меҳнаткаш инсоннинг темирдан ясалмаганини эътироф этган. Ҳафтасига 40 соатлик иш вақтини ҳар бир меҳнаткаш учун норма сифатида қабул қилган. Ундан ортиғи иш берувчи учун ҳам, ходим учун ҳам зарар ва самарасиз эканлиги тўғрисида хулоса қилинган. Ходим қанчадир давр мобайнида бу нормадан ортиқ вақт ишлаши мумкиндир, лекин узлуксиз, иш вақтидан ортиқча зўриқиб ишлаш кейинчалик ундаги жисмоний имкониятни, шижоат ва ғайратни ҳамда ишга бўлган меҳрни сўндиради, ходим ўз ишидан тобора совиб қолади. Ишдан кейин 3-4 соат қолиб минг ишласин, барибир ўша нормал 8 соатлик иш вақтидаги барака бўлмайди.

Амалдаги Меҳнат кодекси бўйича ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади. Бироқ айнан шу кодексда ишлатиш тақиқланиши ёзилган модданинг давомида иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилиши ёзилган. Кодексда ушбу алоҳида ҳоллар нималардан иборат экани, раҳбарларнинг йиғилишлар ўтказиши бундай истисноларга кириши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Нега валломатлар ўртага олиб, сўроқ қилинмайди?

Мутахассисларнинг фикрича, давлат идораларида меҳнат қонунчилигининг нормалари ва ҳукуматнинг тақиқи иш бермаётганига бир нечта сабаблар бор. Жумладан, мамлакатда меритократия (таниш-билиш эмас, қобилият) асосида шаклланган профессионал давлат хизмати йўқ. Сифатли ва самарадор давлат аппаратининг шаклланишига ҳуқуқий асос яратиши мумкин бўлган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун турли сабабларга кўра қабул қилинмаяпти. Қолаверса, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин камайтириш керак, шунда балки прокурорлар ҳам фермерларга ерни қачон суғориб¸ унга қачон кимëвий препарат сепиш каби масалаларда йўл-йўриқ берадиган селектордан қутулиб, одам каби дам олар, бошқа мулозимларга ҳам юклама камаярмиди.

Мулозим карьерадан ташқари, ўз ишидан маъно топиши лозим, жамоат учун манфаатли иш қилаётганини ҳис этиши керак. Демак, профессионал давлат хизматини тузишнинг ўзи етмас экан. Шунга муносиб идора маданияти ҳам шаклланиши керак. Лекин бу муайян вақт талаб этгани учун Ўзбекистонда яқин орада минглаб мулозимлар дам олишсиз ишлашда давом этишини тахмин қилиш мумкин.

Бироқ бу ўринда бир нарса қизиқ: нима учун депутатлар, сенаторлар ярим кечаси, дам олиш куни мажлис ўтказадиган валломатларни ўртага олиб, сўроқ қилмайди? Нега бу масалани назоратга олмайди? Ахир, бу ҳам катта дардимиз-ку. Қисқаси, бу масалада кескинроқ чора, жудаям кескин чора қўллайдиган фурсат етди, назаримизда. Йўқса, улар учун Меҳнат кодекси ҳам, берилаётган даккилар ҳам бир тийин бўлиб қолаверади.

Муродилла ПЎЛАТОВ.

***

ДАРВОҚЕ...

АҚШнинг “SUNY” тиббиёт университети олимлари тадқиқот ўтказиб, мажлислар инсоннинг муаммога ечим излаш кўникмасини, яъни фаолият самарадорлигини тушириб юборишини аниқлашди. Ҳадеб мажлисларга қатнайдиган инсонларнинг фикрлаш доиралари торайиб, ташаббускорлик шаштлари пасаяр экан. Бу инсонлардаги тушкунлик, умидсизлик даражаси ошиб кетади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш