“Маҳалламизда боғча, мактаб, ичимлик сув муаммо”

Маҳалла тизимида ишлаётганимга 16 йил бўлди. 34 ёшимда раис бўлганман. Шунча йиллик тажрибамдан айтишим мумкинки, бугун биз, маҳалла раисларига анча енгиллик яратилмоқда.

Бироқ ойлик маошимиз кам. Негаки, биз 8 соат ёки 5-6 кунлик иш жадвали асосида ишламаймиз. Аксинча, 7 кун, 24 соат ишлаймиз десак ҳам ёлғон бўлмайди. Маҳалладаги асосий муаммолар кечқурун бошланади.

Асосий муаммомиз — ичимлик сув. Мана 3 йилдирки, ичимлик сув қувури тортилган, лекин сувдан дарак йўқ. 600 дан ортиқ боғча ёшидаги фарзандларимиз бор, лекин давлат боғчаси йўқ. 2 та оилавий боғча бор, холос. Афсуски, бугун 100 нафар бола ҳам боғчага қамраб олинмаган. Мактабимиз 300 ўринли, лекин 600 нафардан ортиқ ўқувчи икки сменада ўқийди. Бу йил мактабга борадиган ўғил-қизларни ҳисобга олсак, уч сменага ортиб кетиши мумкин. Шу боис мактабимизга қўшимча бино қуриш зарур. Бунинг учун жой етарли. Боғча учун ҳам ер муаммо бўлмайди, фақат қуриш лозим.

Маҳалламизнинг асосий “драйвери” иссиқхона ва чорвачилик. Бугунги кунда 716 та хонадондан 120 тасида иссиқхона бор. Яна 40 таси имтиёзли кредит олиб, қуриш ниятида турибди. Чорвадорлар, асосан, гўшт етиштириш билан шуғулланишади.

Деҳқонларимиз ҳам кам эмас. Кузги сабзи экиб, музлаткичда сақлаб экспорт қиладиганлари кўп. Бодиринг, помидор, булғар қалампир, қалампир ва турли кўкатлар экиб, даромад топаётганлар ҳам анчагина.

Худога шукр, аҳолимиз ўзига тўқ. Фақат юқорида айтган учта муаммомиз – ичимлик сув, боғча ва мактабимиз ҳал этилса хурсанд бўлардик.

Нўъмон ИСОҚОВ,

Шаҳрихон тумани “Сўзок” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш