“Янги бино қуришга жой йўқ”

Маҳалламиз вилоятнинг қадимий ҳудудларидан бири. Айтишларича, хонликлар замонида бизнинг боболар хон аскарларини отлар билан таъминлаган экан. Бугунги кунда ҳудудда беш минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий тирикчилиги тадбиркорликдан. Бизга Қўқон шаҳри бозорлари яқин. Кўплаб хонадонлар трикотаж маҳсулотларини тикиш билан шуғулланади.

Иссиқхоначилик, чорвачилик ҳам ривож топган. Лимончилик билан шуғулланадиганлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Шунга қарамай, меҳнат миграцияси масаласида муаммоларимиз талай. Ҳозирда 100 нафардан ортиқ маҳалладошимиз Россия ва бошқа давлатларда тирикчилик қилишади.

Ютуқларимиздан бири ҳудудимизда бокс клубининг ташкил қилинганидир. Натижада маҳалламиз вилоятнинг бокс спорти марказига айланиб бормоқда. Бизда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган спортчилар билан мусобақалар ташкил қилинади. Мусобақаларга Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон спортчилари ҳам қўшилишяпти.

Муаммоларимиз бор. Жумладан, симёғочлар алмаштирилиши керак, ички йўллар асфальтланиши лозим. Маҳаллага янги бино қуриш керак. Аммо бунинг учун жой йўқ. Кейинги йили “Обод қишлоқ” дастурига тушсак, мазкур масалалар ҳал этилади, деб умид қиламиз.

Бурҳонжон ДАВРОНОВ,

Учкўприк туманидаги

"Полохон"маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш